Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

08.09.2022


ГЎЁ ҲАММА ОСМОНГА УСТУН БЎЛАДИГАНДАЙ...

Сараланган сатрлар

Найман она ривояти, бир вақтлар мард, жасур жангчи бўлган ва жунжанглар қўлига тушиб, ўзидан, ўзлигидан маҳрум бўлган, охир-оқибат онасининг қотилига айланган Жўломон ҳақида битикларни киши таъсирланмай ўқиши мумкин эмас. Бугун ўша асар - Чингиз Айтматовнинг "Асрга татигулик кун" романини эсга оламиз.

Киши билмас, унча-мунча одам яшай олмайдиган ерда 44 йил умргузаронлик қилиб, сўнг омонатини топширган Казангапни Она Байит қабристонига элтиш асносида унинг узоқ йиллик ҳамроҳи - Сариўзакда ўтроқлашган икки кишидан бири Эдигей Бўрон узоқ ва яқин кечмишга назар солади, ўзини, ўзлигини тафтиш қилади, инсон, унинг ҳаётдаги ўрни таҳлил этилади.

Бу оламда ҳеч ким абадий эмас: шундай экан, кимдан қандай из қолди, тўғри яшаяпмизми, ё нотўғри, бизни қандай хотиралар билан ёд этишади: яхшими, ёмон - асар берадиган ўгитлар кўп...

* * *

Сариўзак даштларида ишлайдиган одамнинг жони мингта бўлиши керак. Бўлмаса шўри қурийди. Дашт ҳудудсиз, одам қум донасидай кўринади бу ерда. Биров қийналадими, йўқми - даштнинг заррача иши йўқ. Одамга эса, қаерда қандай ишлаш бари бир эмас.

* * *

Дунёда ғаройиботлар озми? Қай бири росту, қай бири ёлғон ким билади, дейсиз? Олам кенг, инсон эса ҳамма нарсанинг охирига етолмайди.

* * *

Атрофда ер кўп, албатта, истаганингча топилади. Фақат одамлар нимагадир яқинларини дуч келган ерга кўмиб кетишавермайди. Ҳар ҳолда, бежиз бўлмаса керак. Ахир, ўликка ер қаҳатми?

* * *

Муносиб яшаб ўтган одамнинг ўлими ҳам ҳеч кимга малол келмайди, ташвиши тушмайди, аксинча, қайғули воқеа бўлса-да, жуда катта воқеа эканини, шу боисдан ҳам сўнгги манзилига иззат-ҳурмат билан узатилаётганини билиб қўйишсин. Баъзи халқларда дафн маросимида мусиқа чалишади, байроқ кўтариб боришади, баъзи халқларда осмонга ўқ узишади, бошқа    халқларда эса гулчамбарлар қўйиб, марҳумни гулга буркашади...

* * *

Денгизда ишлайдиган одамнинг қўли чайир, бели бақувват ва энг муҳими, боши бутун бўлиши керак. Акс ҳолда қалқиб турадиган баржада бошинг айланиб гангиб қолишинг ҳеч гап эмас.

* * *

Чинорнинг шохи синса ҳам, ўзи синмасин. Яна бир хил мулоҳазалар ҳам бор эдики, буларни одамлар дилда ўйлашар, лекин тилига чиқаришмасди; минг қилсаям уруш-уруш-да, ажали етиб, ўққа учраса, ёруғ дунёдан кўз юмиши осонроқ бўлади - ҳарқалай, уйда фарзандим қолди, мендан кейин чироғим ўчмайди, деган умид билан кетади...

* * *

Шуни унутмагинки, фақат биргина худодан хафа бўлишга ҳаққимиз йўқ, ажалини юборса, кунимиз битгани шу деймиз, олло таолодан ташқари, ким бўлишидан қатъи назар, сўроқ олдида жавоб бериши керак!

* * *

Қуръон сўзи - Худо сўзи. Кўзга кўринмайдиган қодири яктогина инсон ибтидоси ва интиҳоси ўртасидаги, ҳаёт ва ўлим ўртасидаги муросасизликни келиштира олиши мумкин. Қуръон асли шу мақсадда яратилган бўлса керак! Одам ўлиш учун туғиладими, нега энди сен оламни шундай яратгансан, деб олло таолодан сўрай олмайсан-ку! Ҳар қанча бақирганинг билан овозинг эгасига бориб етмайди-ку. Дунё дунё бўлибдики, кишилар шу тарзда келишмасдан муроса қилиб келади. Қуръон ҳам, ундаги айнан такрорланувчи сўзлар ҳам одам беҳудага зорланмасин, ўзига тасалли берсин, деб азал-азалдан ўқиб келинади. Аммо минг йиллар мобайнида олтин ёмби сингари сайқал топиб келаётган бу қуйма сўзлар - марҳумнинг жасади устида тириклар томонидан айтилиши шарт бўлган энг сўнгги сўзлар. Удум шу.

* * *

Трактордаги ёш ҳамроҳларига қараркан, Эдигей Бўрон астойдил афсусланди - биронтаси ҳам Қуръон ўқишни билмайди-я. Бир-бировини қандай қилиб дафн этишаркин? Мавжудотнинг ибтидоси ва интиҳосини ўзида жам эта оладиган қайси сўзлар билан инсон умрига хотима ясашаркин? "Алвидо, ўртоқ, сени ҳамиша ёдда тутамиз", деб ёки бўлмаса, яна қандайдир олди-қочди сўзларни айтиб кетаверишармикин?

Бир куни вилоят марказида ўтказилган дафн маросимида қатнашишга тўғри келиб қолди. Эдигей Бўрон  ҳайратдан ёқа ушлади - қабристон қандайдир мажлисга айлантириб юборилган эди: марҳумнинг тобути олдида қўлларида қоғоз ушлаганча нотиқлар сўзлашар, ҳадеб бир гапни такрорлашар эди. Марҳум тириклигида қайси лавозимда, ким бўлиб ва қандай ишлаган, кимга қандай хизмат қилган ва ҳоказо... Сўнг мусиқа чалинди, қабр гулларга тўлиб кетди. Лекин ақалли биронтаси  асрлар бўйи борлиқ ва йўқлик силсиласида инсон топган билимларнинг гултожи бўлмиш оят сўзларига ўхшаш бирорта сўз топиб айта олмади. Гўё дунёда бу кишидан аввал ҳеч ким ўлмагандай ва ундан кейин ҳам ҳеч ким ўлмайдигандай гапиришди. Гўё ҳамма осмонга устун бўладигандай. Улар имонга шак келтириб: "Марҳум абадий ўлмас бўлиб қолди!.." деб роса валақлашди.

* * *

Мабодо тарихни урушлар тарихидан иборат деб, Ер юзидаги инсоният фожиавий янглишиш билан яшамаяптимикин? Ҳали-ҳалигача шу йўлдан бораётганимиз аввал бошданоқ нотўғри, истиқболсиз бўлиб чиқса-чи? Мабодо шундай бўлса, биз унда қаёққа қараб кетяпмиз ва бу қандай оқибатларга олиб келади? Мабодо шундай бўлса, инсоният буни тан олиш учун ўзида журъат топишга ва ялпи уруш хавфидан ўзини олиб қочишга улгурармикин? Тақдир тақозоси билан Ердан ташқаридаги ижтимоий ҳаётни илк бор кўриб, гувоҳи бўлиб, мураккаб ҳис-туйғуларни бошдан кечирмокдамиз. Ерликларнинг келажак истиқболи ҳақида ўйлаб ваҳимага тушяпмиз ва яна эзгуликка умид боғлаймиз. Умидимизга асос бўларли нарса - Ердан ташқаридаги биз кўрган ижтимоий ҳаётдирки, унда ҳар қандай зиддият урушсиз ҳал этилади: мана шу жамият бизга ўрнак бўларли эмасми?!

* * *

Манқурт ўзининг ким эканини, қайси уруғ-аймоқдан эканини, исмини, болалик кезларини, ота-онасининг кимлигини бутунлай ёддан чиқарган бўлиб, ўзининг одамлигини ҳам унутиб юборади. Ўзининг инсоний қадр-қимматини идрок этолмаган манқурт хўжалик ишлари нуқтаи назаридан бир қанча афзалликларга эга эди. У нотавон ва забонсиз бир махлуқ бўлгани учун ҳам мутлақо итоаткор ва беозор. Қочаман-қўяман деган хаёл унинг тушига ҳам кирмайди. Қулдор учун энг даҳшатли нарса - қулларнинг исёни. Ҳар бир қул сиймосида исёнкорлик руҳи яширинган. Ёлғиз манқуртгина бундан мустасно, исён кўтариш, бўйин товлаш унга бутунлай ёт. Бундай тушунчалар унга бегона. Унга соқчи қўйишга, айниқса, бузуқ ниятли киши сифатида ундан гумонсирашга ҳожат йўқ. Манқурт худди ит каби фақат ўз эгасини танийди. Бошқалар билан иши йўқ. Уиинг фикри-зикри қорин тўйғазишда, шундан бошқа ташвиши йўқ. Аммо ўзига топширилган ишни ўйламай-нетмай, ўлар-тириларига қарамай, муқаррар бажо келтиради.

* * *

Инсоннинг инсонлик фазилати, яратилганда бирга яратилиб, ўлганда яна ўзи билан бирга кетадиган ва бошқа мавжудотлардан ажратиб турадиган бирдан-бир ноёб фазилати - хотираси, ақл-идроки бўлса-ю, уни таг-томири билан юлиб олсалар, ахир, бу қандай ёвузлик, қандай бедодлик?! Ундан кўра тутқуннинг қалбини поралаб, истаганча зиён-заҳмат етказиб, ўлимга маҳкум этишлари ёки бўлмаса бир йўла бошидан жудо этишлари юз чандон яхши эмасми? Ўзларининг мудҳиш тарихида хиёнаткор сифатида шуҳрат қозонган кўчманчи жунгжанглар энг муқаддас нарса - инсоннинг муқаддас инсонийлик моҳиятига ҳам чанг солдилар. Улар қулларни жонли хотирадан маҳрум этиш йўлини ўйлаб топдилар, бу билан бани одам зотига ақл бовар қиладиган ва бовар қилмайдиган ёвузликлар орасида энг қабиҳ жиноятга қўл урдилар.

* * *

Эдигей инсоннинг ўзгаларга қилган энг катта яхшилиги ўз оиласида муносиб фарзандларни тарбиялаб етиштиришдан иборат экан, деган хулосага келди. Тарбиялаганда ҳам кимнингдир ёрдами билан эмас, балки шахсан ўзи кун сайин, соат сайин бутун қалбини бахш этиб, иложи борича улар билан бирга бўлиш қанчалик муқаддас иш эканини тушуниб етди.

* * *

Ёш болаларнинг назарида катталар ҳамиша ақлли, эътиборли бўлиб кўринади. Улғайгандан сўнг кўришадики, муаллимлари, бошқача айтганда, бизлар улар ўйлаганчалик кўпни кўрган, ақлли одамлар эмаслигимиз маълум бўлади. Ҳалиги мулоҳазакор кишилар устидан энди кулиб қўйса ҳам бўлади, ҳатто бу кекса мураббийлар ёшларнинг кўзига баъзида аянчли кўринадилар. Замон чархпалаги борган сари тезроқ айланаётир. Шунинг учун ҳам ўзимиз ҳақимизда сўнгги сўзни болаларга қолдирмай ўзимиз айтиб кетишимиз керак. Ота-боболаримиз бундай сўзларни ривоятларда айтиб кетишган. Ўзларининг нақадар улуғ кишилар эканликларини авлодлар билишсин, дейишган. Энди биз уларни руҳи бўйича баҳолаймиз.

* * *

Қадимда нақадар, гўзал қилиб куйлашган! Ҳар бир қўшиқ - бир тарих. Ўша одамларни шундоққина кўриб тургандайсан. Улар билан сирлашсанг, ўшалардек сева олсанг, куя олсанг...

* * *

Инсон қалбида бир нохушлик кечаётганини бир қарашда пайқаб оладиган сезгир, меҳрибон кишилар дунёда оз эмас.

* * *

Эҳ, тирикчилик қурсин! Туғилмасанг ёруғликни кўрмайсан, туғилсанг яна бир дарди бедаво. Дунё шундай қурилган экан-да.

* * *

Қор кўчиши-ку бирданига юз бериб, тезда тугайди. Аммо ер кўчиши даҳшатли бўлади, уни тўхтата оладиган куч эса дунёда йўқ!.. Шунга ўхшаш ҳодиса одамда ҳам рўй беради: ўзи яккаю ёлғиз қолганда ичидаги бартараф этиб бўлмас қарама-қаршиликлар натижасида руҳи тушиб, умидсизланиб, ўзини ҳар томонга уради. Дунёда ҳеч ким ёрдам бера олмайдиган бўлгандан сўнг бировга сир очишнинг ҳам кераги бўлмай қолади. Буни ўша кишининг ўзигина тушунади ва шундан қўрқади. Бу қўрқув эса ер кўчиши сингари тўхтовсиз босиб келаверади...

НАСРИДДИН тайёрлади.

 

Report typo