Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

03.04.2023


Фотомухбиримиз Собир Нарзиев – нуфузли танлов совриндори

“Қашқадарё” ва “Новости Кашкадарьи” газеталари фотомухбири Собир Нарзиев “Миллий армиямиз – Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам қалқонидир!” мавзусидаги фотосуратлар ва видеороликлар танловининг ғолиблари сафидан жой олди.

Ташкилотчиларнинг хабар беришича, ушбу танлов Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА томонидан мамлакатимиз Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 31 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши ижроси доирасида эълон қилинган. Унга 25 нафар фото ихлосманди томонидан 500 дан ошиқ фотосуратлар ҳамда 52 нафар иштирокчининг 100 га яқин видеороликлари келиб тушган.

- Ушбу фото ва видеороликлардан иборат ижодий ишларда Қуролли Кучларимизнинг 31 йиллик тарихи, ўтган йилларда мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, соҳа ривожини янги босқичга олиб чиқиш йўлида олиб борилган ислоҳотлар, ҳарбий хизматнинг нуфузи юксалиб, Ватан ҳимояси  ёшларимиз учун чинакам шон-шараф ишига айлангани ўзига хос тарзда акс этганини таъкидламоқ ўринлидир, - дейилади ЎзА хабарида. -Ҳар бир фотосурат ва видеоролик Ўзбекистон Республикаси ДХХ Академияси, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар ва Мудофаа вазирликлари, Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вакилларидан иборат ҳайъат аъзолари томонидан шаффоф ва холисона кўриб чиқилди ҳамда овоз бериш йўли билан ғолиблар аниқланди. 

 “Миллий армиямиз – Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам қалқонидир!” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ўтган жума куни Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Қуролли Кучлари давлат музейида бўлиб ўтди. Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, танловнинг фото йўналиши бўйича совриндорлари қаторида таҳририятимиз фотомухбири Собир Нарзиев ҳам эътироф этилиб, махсус диплом ва қимматбаҳо совға билан тақдирланди.

Маълумот учун: фотомухбир сифатида 22 йилдан буён ижод қилиб келаётган Собир Нарзиев фаолияти давомида “Йилнинг энг фаол журналисти”, “Энг улуғ, энг азиз”  ва бошқа нуфузли танловларнинг ғолиби бўлган. Шунингдек, II “Олтин қалам” халқаро танловида “Қашқадарё” газетасининг Бош Миллий мукофотга сазовор бўлишида ҳам унинг муносиб ҳиссаси бор. 

Суратлар муаллифи Н.ҲАЙДАРОВ (ЎзА)

Report typo