Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

10.11.2020


“ЕР БЕРИНГ, ҲОКИМ БОБО!”

Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер сўраб маҳаллий ҳокимликлар эшигини қоқиб юрган фуқаролар ҳамон топилади. Ваҳоланки, қонунчиликка кўра, ҳокимлик ёки ҳокимнинг бундай ваколати чекланган.  

Яъни, амалдаги тартибга асосан 0,04 гектар ва ушбу ҳажм доирасидаги ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи фақат электрон онлайн-аукционларда - "E-IJRO AUKSION" ягона электрон савдо майдончаси орқали  реализация қилинади.

Қуйидагиларга ҳоким қарори билан 0,04 гектаргача ва ушбу ҳажм доирасидаги ер участкалари аукционсиз берилиши мумкин:

ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оилаларига;

давлат ва хусусий уй-жой фондидаги ўзлари эгаллаб турган уй-жойни туман (шаҳар) ҳокимликларига ўтказаётган фуқаролар ва мулкдорларга.

Бунда уларнинг ҳокимликка берган аризасига асосан ер участкаси кўрсатиб ўтилган фуқаролар тоифаларининг бирортасига мансубликни тасдиқловчи ҳужжат асосида тегишли комиссия ижобий хулосаси билан берилади. Ушбу имтиёз бир оилага бир марта қўлланади.

Ер участкаларини аукцион орқали олишда, аукционлар ўтказилиши ҳақидаги хабарномалар 30 кун олдин "Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази"нинг веб-порталида жойлаштирилади.

Шу ўринда тўхталиб ўтиш жоиз, биз ер участкаси олдикми, ўз билганимизча иморат солишга киришиб кетаверишга одатланганмиз. Ваҳоланки, белгиланган тартибга кўра, ваколатли органлар билан лойиҳа-смета ҳужжатларини келишмасдан якка тартибда уй-жой қуриш ва реконструкция қилиш тақиқланади.

Лойиҳа-смета ҳужжатларини кўриб чиқиш ва келишиш шаҳарлар (туманлар) қурилиш бўлимлари томонидан амалга оширилади.

Report typo