Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ЖЎРАЕВ

07.08.2018


ЭНГ ЯХШИ ЯККАХОН ВА ЖАМОАВИЙ МАҚОМЧИЛАР АНИҚЛАНДИ

Ушбу танлов асосида бадиий ҳаваскорлик санъатини ривожлантириш, ёшларнинг миллий мумтоз мусиқа санъатига, айниқса, мақом ижрочилигига бўлган қизиқишини ошириш кўзда тутилган. Шунингдек, тадбир “Устоз-шогирд” анъаналарини давом эттириб келаётган, мақом йўналишида самарали фаолият юритаётган жамоа ва якка ижрочиларни қўллаб-қувватлашга ҳам кенг имкон беради.

Яқинда мазкур вилоят кўрик-танлови юқори савияда ташкил этилди. Иштирокчиларнинг жамоавий ва яккахон чиқишлари ҳакамлар томонидан баҳолаб борилди.

Жамоавий ижрода Китоб тумани маданият ва аҳоли дам олиш маркази қошидаги мақомчилар жамоасига тенг келадигани топилмади. 2- ва 3-ўринларда учтадан ғолиб аниқланди. Яккахон ижрочилик йўналиши иштирокчилари ўртасидаги айтишувлар ҳам қизғин кечди.

- Асосан анъанавий хонандалик йўналишида ижод қиламан, - дейди Қарши шаҳар маданият ва аҳоли дам олиш маркази ходими Шоҳруҳ Арслонов. – Аввал ҳам ўзбек мумтоз ашулачилиги бўйича бир қанча танловларда қатнашганман. Комилжон Отаниёзов ижоди ва услубини ҳурмат қиламан. Мазкур мақом ижрочилари танловида ҳам ҳаваскор сифатида ўз имкониятимни синаб кўрдим. Хоразмда кенг тарқалган ашула йўлидаги “Савти сувора”ни куйладим ва ижроим сабаб биринчи ўринга муносиб кўрилдим.

Танловнинг барча ғолибларига ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Уларнинг республика миқёсида  ўтказиладиган  тадбир  ҳамда  фестивалларда қатнашиши тавсия  этилди.  

М.ЖЎРАЕВ

Report typo