Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

01.06.2023


ЭНГ ГЎЗАЛ НАРСА - КЎЗГА КЎРИНМАЙДИГАН НАРСАДИР

Сараланган сатрлар

Бу воқеага бир неча йил бўлди. Тили энди чиққан қизим улоқча чизиб беришни сўради. Ундай чизсам ҳам ёқмади, бундай тасвирласам ҳам маъқул келмади. Ўша онда кутилмаганда хаёлимга "Кичкина шаҳзода" китоби келди. Биргина фарқи - асарда Кичкина шаҳзода учувчидан қўзичоқ чизиб беришни сўрарди. Ҳеч бир чизмаси маъқул келмагач, бояги учувчи қути чизиб ташвишдан қутулади. Тўхта-чи, бир синаб кўрай, деб мен ҳам қути суратини қоғозга туширдим ва ... сенинг улоқчанг шу қутининг ичида, десам, унинг қувонганини кўрмайсизми!..

Бола - ўзига хос олам. Уни тинглаш, тушуниш керак.

Дарҳақиқат, дунё болалари бирдай севиб ўқийдиган китоблар ичида Антуан де-Сент Экзюпери қаламига мансуб "Кичкина шаҳзода" асари муҳим ўрин эгаллайди. Экзюпери бу асарини Иккинчи жаҳон уруши авжига чиққан дамларда ёзишга киришади. "Мен жуда қайғураяпман, эзилиб кетдим", - деб ёзади у мактубларидан бирида. - Мен инсонга хос фазилатлардан маҳрум авлодни кўраяпман... Одамларга маънавий қониқиш ҳиссини қайтариш керак. Шеъриятсиз, рангин бўёқларсиз, муҳаббатсиз яшашнинг қизиғи йўқ..."

"Кичкина шаҳзода"ни албатта ўқинг. "Кўзгу"да таниш қиёфа, манзараларни кўрасиз...

*  *  *

Катталар ҳеч қачон ўзларича бирон нарсани тушуна олмайдилар, уларга ҳадеб ҳижжалаб тушунтириб беравериш эса охир-оқибат болаларнинг ҳам жонига тегиб кетади.

*  *  *

Умрим давомида турли-туман жиддий одамларни учратдим. Катталар орасида узоқ вақт яшадим. Уларни яқиндан кўрдим, билдим. Ва бундан, тан олишим керакки, улар ҳақидаги фикрим яхши томонга ўзгармади.

*  *  *

Бу астероид телескопда фақат бир марта - 1909 йили, бир турк астрономи томонидан кузатилган эди.

Ўшанда астроном ажойиб кашфиёти ҳақида халқаро астрономия конгрессида маъруза қилган, аммо унинг гапига бирор кимса ишонмаган, чунки у туркча кийинган эди. Ана шунақа ғалати халқ бу катталар!

Буни қарангки, Б - 612 деб аталмиш астероиднинг бахтига, турк султони ўз фуқароларига, ўлим жазоси таҳдиди билан, европача кийинишни жорий этди. Ўша астроном 1920 йили кашфиёти ҳақида тағин маъруза қилди. Бу сафар у энг сўнгги модада кийинган эди - ҳамма унинг гапини маъқуллади.

*  *  *

Катталар рақамларни жуда яхши кўришади. Агар уларга янги дўст орттирганингиз хусусида айтиб қолсангиз, улар ҳеч қачон энг асосий нарса ҳақида сўрамайдилар. Улар ҳеч қачон: "Унинг овози қанақа? Қанақа ўйинларни яхши кўради? У капалак тутадими-йўқми?" деб суриштирмайдилар. Улар: "Ёши нечада? Нечта оға-иниси бор? Оғирлиги қанча экан? Отаси канча мояна олади?" дея сўрай кетадилар. Сўнг шу тариқа ўзларича одамни билиб олган бўладилар. Мабодо катталарга: "Мен қизғиш ғиштли чиройли бир уйни кўрдим, деразасида ёронгул очилиб турибди, томида каптари бор", деб айтсангиз, улар бу иморатни сира ҳам кўз ўнгиларига келтира олмайдилар. Уларга: "Мен юз минг франкли уйни кўрдим", деб айтиш лозим - шундагина улар: "Ана гўзаллигу мана гўзаллик!" дея хитоб қиладилар.

*  *  *

Ана шунақа ғалати халқ бу катталар. Улар хафа бўлиб ўтиришга арзимайди. Болалар катталарга нисбатан кенгфеъл ва кечиримли бўлишлари лозим.

*  *  *

"Бор экан-да, йўқ экан, бир Кичкина шаҳзода бўлган экан. У ниҳоятда кичкина - ўзининг танасидан салгина катта бир сайёрада яшар, бирорта ҳам дўсти йўқлигидан қаттиқ изтироб чекар экан..."

Ҳаётнинг нималигини англайдиган кишилар бунинг эртакдан кўра кўпроқ ҳақиқатга ўхшашини дарҳол пайқаган бўлур эдилар.

*  *  *

Дунёда дўстларни унутиб юборишдан ҳам қайғулироқ нарса йўқ, ахир дўст бўлиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди-да. Қолаверса, мен, ёруғ оламда рақамдан бошқа нарсага қизиқмайдиган катталарга ўхшаб қолишни сира-сира истамайман.

*  *  *

Гуллар жудаям заиф, оқкўнгил-ку. Ўзларини ботир кўрсатиш учун ҳам тикан чиқаришади, гўё шунда улардан ҳамма қўрқадигандек...

*  *  *

Айтайлик, мен дунёда на тенги, на ўхшаши бўлган бир гулни биламан, у фақат менинг сайёрамдагина ўсади. Энди бир куни жимитгина қўзичоқ шартта борсаю уни паққос еб битирса! Нима иш қилиб қўйганини ҳатто хаёлига ҳам келтирмаса...

*  *  *

Агар бошқа миллионлаб юлдузларда учрамайдиган бир гулни яхши кўрсанг, шунинг ўзи кифоя: осмонга боққанинг замон ўзингни бахтиёр ҳис этасан. "Олисларда, қайдадир менинг ҳам гулим бор", деб шивирласанг бас - кўксинг тоғдек юксалиб кетади.

*  *  *

Оғиздаги сўзга эмас, амалдаги ишга қараб баҳо бериш керак.

*  *  *

Ҳар кимдан қурби етадиган нарсани талаб қилиш керак.

*  *  *

Мен бир сайёрани биламан, у ерда юзи бўзарган бир жаноб яшайди. У умрида бирор марта гул ҳидлаб кўрмаган, бирор марта юлдузларга тикилмаган. У ҳеч қачон бировни севган ҳам эмас, умрида бирон-бир юмушни ҳам бажарган эмас. У фақат бир иш билан - рақамларни бир-бирига уриштириш билан овора. Эртаю кеч худди сенга ўхшаб яккаш: "Мен жиддий одамман! Мен жиддий одамман!" деб такрорлагани-такрорлаган. Тағин гердайиб-кеккайиб юришини айтмайсанми! Аслида у одам эмас, қўзиқорин.

*  *  *

Қироллар дунёга жўнгина қарайдилар, улар учун жамики одам - фуқаро.

*  *  *

- Мухлис бўлиш дегани - бу сайёрада менинг энг гўзал, энг башанг, ҳаммадан бой ва ҳаммадан ақлли эканимни тан олиш демакдир.

- Лекин сайёрангда ўзингдан бошқа зоғ ҳам йўқ-ку!

- Бари бир. Кел, менга бир яхшилик қил, яйраб қолай: мени бир мақтагин!

- Мақташга-ку мақтайман-а, - деди Кичкина шаҳзода хиёл елка қисиб, - аммо бундан сенга нима наф?

Шундай деб шуҳратпарастни ҳам аста тарк этди.

"Ҳақиқатан ҳам, катталар жуда ғалати халқ-да", деб ўйлади йўлга тушаркан, соддалик билан.

*  *  *

"Эҳтимол, бу одам тентакдир. Аммо у қирол, шуҳратпараст, пиёниста ва корчалон сингари тентак эмас. Унинг ишида, ҳар қалай, маъно бор. У фонусини ёққан пайтда гўё яна бир юлдуз чақнагандек ёки яна бир гул очилгандек бўлади. Чироғини ўчирган пайтда эса, гўё юлдуз сўнгандек ёки гул сўлгандек бўлади. Жудаям ажойиб  машғулот экан. Бу чинакамига фойдали бўлса керак, чунки гўзал иш".

*  *  *

Ер - оддий сайёралардан эмас! Бунда бир юз йигирмата қирол (негр қироллари ҳам шунга киради, албатта), етти минг географ, тўққиз юз минг корчалон, етти ярим миллион пиёниста, уч юз ўн бир миллион шуҳратпараст, хуллас, жами икки миллиардга яқин катта одам мавжуд.

*  *  *

Фақат болаларгина нима излаб юрганини билади. Улар латта қўғирчоққа ҳам юрак-бағрини бериб меҳр қўяди, шу сабабли у уларга бениҳоя қадрли бўлиб қолади. Шу сабабли ҳам боладан қўғирчоғи тортиб олинса, ўксиб-ўксиб йиғлайди.

*  *  *

Дўстинг бўлса яхши-да, қўрқмай ўлимга ҳам бораверсанг бўлади.

*  *  *

 Саҳро менга ҳамиша ёқади. Қум барханига чиқиб ўтирасан, ҳеч нарса кўринмайди, ҳеч нарса эшитилмайди, аммо бари бир саҳро қўйнида нимадир билинар-билинмас ялтирайди.

- Биласанми, саҳро нима учун яхши? Чунки унинг бағрида, кўз илғамас аллақаерларда булоқлар яширинган бўлади...

*  *  *

Бир пайтлар, ёш бола чоғимда кўҳна бир уйда яшардим. Нақл қилишларича, бу уйга катта бир хазина кўмилган экан. Равшанки, уни бирор кимса ҳеч қачон топиб ололмади, ким билсин, балки бирор кимса ҳеч қачон қидириб ҳам кўрмагандир. Аммо ўша миш-миш туфайли уй гўё тилсим қилингандек сеҳрли кўринарди - унинг бағрида сир пинҳон эди...

*  *  *

Юлдузми, уйми, саҳроми, нимаики бўлмасин, ундаги энг гўзал нарса - кўзга кўринмайдиган нарсадир.

*  *  *

Кичкина шаҳзода, беозоргина ухлаб ётибди, феруза гулига шунчалар садоқатлики, одамнинг беихтиёр кўнгли эриб кетади, гулининг ёди-хаёли, шам шуъласининг шарпасидек, уни бирон зум, ҳатто уйқусида ҳам тарк этмайди... Ва шунда мен унинг аслидагидан ҳам кўра нозикроқ эканини англадим. Ахир, шам шуъласини эҳтиёт қилиш керак - қутурган шамол уни ўчириб қўйиши мумкин...

*  *  *

Аслида кўзёш дегани - англаб бўлмас, сирли бир салтанат эмасми?

*  *  *

Одамлар жон-жаҳди билан тезюрар поездларга ошиқиб нима излаётганини ўзлари ҳам билмайди. Шунинг учун ҳам ором нелигини билмай гоҳ бир томонга, гоҳ иккинчи томонга зир югурадилар. Лекин бари беҳуда...

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Report typo