Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

16.04.2021


DVVнинг Ўзбекистондаги филиали кўмагида

“Глобал фуқаролик” – юртимизда кўпчилик учун ҳали янги ва нотаниш бўлган бу атама нимани англатади? Унинг бугунги ҳаётимиз ва келажагимиз учун қандай аҳамияти бор? Айни пайтда бутун дунёда зўравон экстремизм қайси омиллар таъсирида кенг қулоч ёймоқда? Бунинг олдини олиш учун қандай йўл тутиш керак?

Қашқадарё вилояти “Юксалиш” ахборот-маслаҳат ресурс маркази томонидан ўтказилган навбатдаги семинар-тренингларнинг иштирокчилари бу саволларга аниқ ва батафсил, қолаверса, ҳаётий мисоллар билан бойитилган жавоблар олишди.

“Тинчлик йўлида глобал фуқаролик” ва “Зўравон экстремизмнинг олдини олиш” мавзуларига бағишланган семинар-тренинглар Немис халқ университетлари ассоциациясининг (DVV) Ўзбекистондаги Филиали кўмагида амалга оширилаётган лойиҳа доирасида ташкил қилинди. Уларда вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курсларида таҳсил олаётган маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари иштирок этишди.

- Глобал фуқаролик деганда биргина миллий қадриятлар билан чегараланмаган, бирон-бир ҳудуд ёки ўзини ўзи индентификациялашнинг бошқа усули билан боғлиқ бўлмаган, ўз ичига умумжаҳон қадриятларни олган фуқаролик тушунилади, - деди лойиҳа тренери Жасурбек Эштемиров. – Шундай экан, глобал фуқаронинг мақсади инсон қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳамда ижтимоий ҳисобдорлик ва халқаро бирдамликка эришиб, бағрикенглик, интеграциялашув ва хилма-хилликни тан олишнинг ҳам сўзда, ҳам амалда муҳим ўрин тутишини таъминлашга қаратилган.

 Интерфаол тарзда ўтказилган семинар-тренингларда иштирокчилар катта ва кичик гуруҳларда ишлаб, мавзуларни ўзлаштиришда ақлий ҳужум, бахс-мунозара ва бошқа самарали услублардан фойдаланишди. Олган билим ва кўникмаларини келгусида амалиётда қўллаш усулларини муҳокама қилишди.

 - Жамиятда зўравон экстремизмни келтириб чиқарадиган ва рағбатлантирадиган омиллар орасида, бир томондан, ҳаракатлантирувчи, яъни жамиятда тегишли муҳит, шарт-шароитлар яратадиган, иккинчи томондан, жалб этувчи, яъни ғоя ва норозиликлардан бевосита экстремистик ҳаракатларга ўтишга ундайдиган омиллар ажралиб туради, - дея тушунтирди лойиҳанинг яна бир тренери Гулбаҳор Эркаева. – Биринчи гуруҳга ижтимоий-иқтисодий имкониятлар етишмаслиги, маргиналлашув ва камситиш, самарасиз бошқарув, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигининг бузилиши, узоқ давом этаётган ва ҳал бўлмаётган низолар, алоҳида шароитларда (масалан, камоқхоналарда) радикаллашув каби омиллар киради. Иккинчиси эса шахсий ҳаётий тажриба ва мотивация, ҳукмронлик, зулмкорлик, қуллик, ёки чет эл аралашуви туфайли жамоавий норозилик ва жабрланишлар, эътиқодларни, сиёсий мафкурани ёки этник ва маданий фарқларни бузиш ёки суиистеъмол қилиш, норасмий етакчилар ва ижтимоий тармоқлар таъсири каби омилларни қамраб олади.

Семинар-тренингларда “Юксалиш” маркази томонидан DVVнинг Ўзбекистондаги Филиали кўмагида ҳаётга татбиқ этилаётган “Ўзбекистонда давлат ва фуқаролик жамияти билан ҳамкорликда таълим, ўзаро мулоқот ва заиф гуруҳларнинг радикаллашишга қарши барқарорлигини ошириш орқали зўравон экстремизмнинг олдини олишга кўмаклашиш” лойиҳаси мақсади ва кутилаётган натижалари ҳақида ҳам кенг маълумотлар берилди.

 

Report typo