Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Муҳаммади ҚОРАЕВ

18.12.2016


Динлар ва миллатлараро тотувлик – тинчлик ва тараққиёт омили

 

“Бағрикенглик” (“толерантлик”) сўзи деярли барча тилларда бир хил ёки бир-бирини тўлдирувчи мазмунга эга. Уларни умумлаштириб “бағрикенглик” чидамлилик, бардошлилик, ўзгача қарашлар ва ҳаракатларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, мурувватлилик, ҳимматлилик, кечиримлилик, меҳрибонлик, ҳамдардлик каби маъноларга эга дейиш мумкин.

Ўзбек халқига хос бағрикенглик чуқур тарихий илдизларга эга. Қадимдан Ватанимиз ҳудуди бўйлаб Буюк ипак йўли ўтган бўлиб, у Шарқ ва Ғарбни ўзаро боғлаб турган ва миллатлараро мулоқотнинг ривожланиши ҳамда аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик, аҳиллик ва бағрикенглик ғояларининг қарор топишида мустаҳкам замин яратган.

Миллий маънавиятимиз манбаи саналган ислом динида қон тўкиш, халқ­лар ўртасида низо уруғини сепиш, ҳаттоки қушнинг уясини бузиш ҳам гуноҳи азим саналади. Хусусан, ҳадиси шарифда “Сизларга берилган неъматларга шукрона айтиб, бир-бирингиз билан аҳил, тинч-тотувликда яшаш буюрилади”, дейилган.

Кейинги йилларда терроризмнинг глобал хавфсизликка ва динлараро дўстликка қарши йўналтирилган жиддий таҳдидга айланаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Жумладан, турли буз-ғунчи гуруҳлар бошқа динларга эътиқод қилувчиларнинг барчасини “кофир” деб эълон қилиб, уларга қарши куч ишлатишга даъват қилмоқда. Ҳолбуки, ислом таълимотида диний бағрикенглик тамойиллари кенг ўрин олган. Одамларни динга ёки диний кўрсатмаларни бажаришга зўрлаш  исломнинг моҳияти ва руҳига мутлақо зиддир. Аллоҳ таоло: “Динда зўрлаш йўқ” (“Бақара” сураси, 266-оят) дея марҳамат қилган.

Бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек, тенг ҳуқуқлилик ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик шароитида яшаб, Ватанимизни янада равнақ топтириш йўлида меҳнат қилиб келишмоқда. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, таълим олишлари, қизиқиш ва лаёқатлари бўйича касб-ҳунар эгаллашлари, маданиятлари, анъана ҳамда қадриятларини сақлаш, ривожлантиришлари учун барча зарур шарт-шароитлар яратиб берилган.  Ҳозирги кунда республикамизда 16 та диний конфессия мавжуд бўлиб, хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишилар бир замин, бир Ватанда, олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб фаолият кўрсатмоқда.

Ҳар бир миллатнинг умумий манфаатлари билан бирга ўз қадриятлари ҳам бор. Ўзбекистон каби кўп миллатли мамлакатда турли миллатлар манфаатларини уйғунлаштириш, улар орасида тотувликни таъминлаш тараққиётнинг ҳал қилувчи омилларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда бу масалага мустақилликнинг дастлабки кунларидан катта эътибор қаратиб келинмоқда.

Давлатимизнинг динга муносабати Конституциядаги инсон ҳуқуқлари, эътиқод ва виждон эркинлиги тамойилларига асосланиб, унга мувофиқ бирор миллатни ёки диний эътиқодни камситишга йўл қўйилмайди.

Қадимдан диёримизда буддавийлик, зардуштийлик, насронийлик, яҳудийлик, ислом динлари ёнма-ён яшаб келган, маданият марказлари ҳисобланган  шаҳарларимизда масжид, черков,    синагогалар фаолият кўрсатган. Уларда турли миллат, элат ва динга мансуб халқлар, қавмлар ўз диний амалларини эмин-эркин адо этган.

Муқаддас китобимиз Қуръони каримнинг 50 дан ортиқ сурасидаги юзлаб оятларда ҳам мусулмонлар мўмин-қобиллик, тинчликпарварлик ва бошқа эътиқод вакилларига нисбатан бағрикенгликка даъват этилган.

Диёримиздан етишиб чиққан алломалар асарларида диний бағрикенглик билан боғлиқ қадриятларни тарғиб қилувчи ғоялар кенг ёритиб берилган. Буюк аллома, мотурудия ақидавий йўналиши асосчиси Абу Мансур ал-Мотурудийнинг асарларида баён этилган бағрикенглик ғоялари бунга мисол бўла олади. Жумладан, Мотурудий Қуръони карим оятларининг тафсирига бағишланган, ислом оламида жуда кенг танилган “Таъвилот аҳли сунна” асаридаги “Ҳаж” сураси 40-оят тафсирида: “Черков ва синагогаларни вайрон этиш ман этилади. Шунинг учун ҳам, мусулмонлар юртида шу давргача улар  бузилмай сақланиб қолган. Бу масалада аҳли илм орасида ихтилоф йўқдир”, деб қатъий таъкидлайди. Насафлик машҳур юртдошимиз, фақиҳ, муфассир Абул Баракот ан-Насафий  ўзининг “Мадорик ат-танзил” асарида мазкур оятларни “Ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинг ҳамда уларга сўзда ва амалда яхшилик қилинг”, деб шарҳлайди.

Хулоса қилиб айтганда, юртимизда миллатлараро ва динлараро тотувликни янада мустаҳкамлашга қаратилган ғоя ва ташаббуслар якдилликни, ҳамжиҳатликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Ҳозирги  дунёнинг турли бурчакларида ғоявий қарама-қаршиликлар авж олаётган, миллатлар ва динлар орасида турли низоларни чиқариш йўли билан тартибсизликлар уюштирилаётган бир вақтда бағрикенглик бундай иллатларни бартараф этишда энг фойдали ва самарали ечимдир.

Муҳаммади ҚОРАЕВ,

Китоб туманидаги Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юрти мудирининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари 

Report typo