Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • ДАРЁДАН ҚУМ ВА ТОШ КАВЛАБ ОЛИШНИНГ КАСРИ ҚАБРИСТОНГА УРДИ. КЎҲНА МОЗОРНИНГ УЧДАН БИРИНИ СУВ ЮВИБ КЕТДИ...

НАСРИДДИН

13.11.2020


ДАРЁДАН ҚУМ ВА ТОШ КАВЛАБ ОЛИШНИНГ КАСРИ ҚАБРИСТОНГА УРДИ. КЎҲНА МОЗОРНИНГ УЧДАН БИРИНИ СУВ ЮВИБ КЕТДИ...

Фотонигоҳ

Халқимизда пурмаъно нақллар жуда кўп. "Дарёга яхшилик қилсанг, ажрини биёбондан топасан" деган мақолни олинг. Унинг замирида қачонлардир қилинган яхшилик ҳеч қачон изсиз кетмаслиги, кутилмаган жойда наф бериб қолишидек ибрат мужассам. Шу маънода ҳар қандай ёмонлик, у хоҳ катта ёки кичик бўлсин, беиз кетмайди. Вақти келиб зарарини намоён қилади.

Худди шундай, дарё ва унга туташ ҳудудлардан қум-шағал кавлаб олишнинг кимлар учундир бир қараганда зарари йўқдай, дарё суви етарлича қум ва тошни оқизиб келиб, бўшаган ўринни тўлдириб қўядигандек. Аммо ҳамма нарсаям биз ўйлаган ёки хоҳлагандек бўлавермайди.

Шаҳрисабз туманидаги Аччиғи МФЙ Қатағон қишлоғидан оқиб ўтадиган Танхоз дарёсига кўз тикканлар ҳам кам эмас. Йиллар давомида дарё ва унинг бўйларидан қум-шағал кавлаб олинаверди, олинаверди, бу жараён ҳали ҳам давом этмоқда ва бир муддат илгари дарё ўзанини ўзгартириб ҳам юборди. Оқибатда 2019 йилда катта сел келиб, шу қишлоқдаги Саған қабристонининг учдан бир қисмини ювиб кетди.

- Мозоримизга 25 йиллардан бери майит қўйилмаган бўлса-да, жуда кўҳна, шу ерликларнинг ота-боболари дафн этилган эди, - дейди Қатағон қишлоғилик  Бахтиёр Қурбонов. - Дарё 5-6 йил аввал ўзанини ўзгартиргач, одамлар биргалашиб, экскаватор билан қабристон тарафга тупроқ сурдиргандик. Лекин сел сувлари қабристонга катта талафот етказди. Бунинг устига одамлар дарёга дахл қилишни тўхтатишгани йўқ. Биз бу ерда қабристонни сақлаб қолишга ҳаракат қилиб ётибмиз, сал нарида эса қум-шағал заводи иш бошлаган, иккита карьер ўрнатиб, қум кавлаб олишаяпти. Дарё суви энди аҳоли хонадонлари, томорқаларига ҳам хавф солаяпти.

Дарҳақиқат, одамларнинг жон койитганича бор. Ахир ким ҳам ота-боболари руҳи безовта бўлишини, мангу қўним топган манзили сувга ғарқ бўлишини истайди?! Чорак  асрдан бери майит қўйилмагани боис, балки бу аҳоли саломатлигига хавф туғдирмас, бироқ руҳий томонлама таъсирини ўйлаб кўринг...

Хўш, бу бўйича тегишли масъуллар бирор чора-тадбир кўрганми, кўраяптими? Тўғри, сел келиши - табиий офат, бироқ бугун қабристоннинг қолган қисмини сақлаш вазифаси ҳам борки, дарё қирғоғини "емириб бораётганлар" хатти-ҳаракатига чек қўйиш, шу орқали ўзанни аввалги йўналишига буриш ва майитларнинг ҳам, тирикларнинг ҳам тинчини бузмаслик даркор. Бироқ аҳоли вакилларининг айтишича, аянчли ҳодиса содир бўлишига қарамасдан "ҳолинг не?" деб биров сўрамаган.

- Бу ҳодиса қабристон Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ободонлаштириш бошқармаси балансига олинишидан олдин юз берган, - дейди Шаҳрисабз тумани ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Муҳаммадисо Умаров. - Ҳозирги кунда ҳудуд аҳолиси майитни Назар ота қабристонига қўяяпти. Дарё ўзанидан шағал олаётганлар билан эса экологиядагилар шуғулланиши керак. Тупроқни суришга бизда "погрузчик" йўқ, уларнинг "Тоза ҳудуд" корхонасида эса бор.

Нима бўлганда ҳам, ҳодиса қачон юз берганидан қатъи назар, "ваколат меникими, сеникими" демай, аҳволни яхшилаш чораларини кўриш керак. Бу ишдан туман ҳокимлиги отлиқ идора ҳам четда турмаса, кўп ишларга осон ечим топиларди эҳтимол...

НАСРИДДИН

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo