Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
18 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • ЧИРОҚЧИДА ЖИНОЯТЛАР СОНИ ОШГАН 16 ТА МАҲАЛЛА "ҚИЗИЛ" ТОИФАГА КИРИТИЛДИ

18.08.2022


ЧИРОҚЧИДА ЖИНОЯТЛАР СОНИ ОШГАН 16 ТА МАҲАЛЛА "ҚИЗИЛ" ТОИФАГА КИРИТИЛДИ

Маҳаллий Кенгашларда

Халқ депутатлари Чироқчи тумани Кенгаши ҳудудда жорий йилнинг 6 ойида жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш, фуқароларнинг тинчлиги ва осойишталигини сақлаш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида қарор қабул қилди.

Ҳужжатда бу жабҳадаги ишларнинг самараси пастлигича қолаётгани, жиноятлар сони эса ортиб бораётгани қайд этилди. Келтирилган рақамларга кўра, туманда 2022 йилнинг 6 ойи мобайнида жами 141 та (2021 йилнинг тегишли даврида - 122) жиноят содир этилган, уларнинг сони 19 тага ёки 15,57 фоизга ошган. Жиноят қидирув йўналишида 76 та (2021 йилда - 64 та) жиноят содир этилган ва ўтган йилнинг олти ойи билан таққослаганда 12 тага, яъни 18,75 фоизга кўпайган.

Депутатларнинг фикрига кўра, жиноятлар сонининг ошганлиги жойларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси етарли даражада ташкил этилмаётгани, маҳалла фуқаролар йиғинлари оқсоқоллари, профилактика инспекторлари ҳамда хотин-қизлар фаоллари, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими ва кенг жамоатчилик ўртасида ўзаро ҳамкорликда ишлар олиб борилмаётганидан далолат бермоқда.

- "Обод ва хавфсиз маҳалла" тамойили асосида тумандаги 59 та маҳаллада вазият таҳлил қилинганда, 16 та маҳалла жиноятлар ошган маҳаллалар сифатида "қизил" тоифага киритилган, - дейилади қарорда. - Тумандаги Мирзатуп, Яшнабод, Фаровон келажак, Қуруқсой, Қизилчовра, Хумо, Янгиқурилиш, Ғаллачи, Пахтаобод, Ўзбекистон, Мустақиллик, Чироқчи, Чоштепа, Боғишамол, Кишмиштепа ва Навоий маҳалла фуқаролар йиғинлари "қизил" тоифада турибди.

Шундан келиб чиқиб, Кенгаш томонидан туман ИИБ бошлиғи зиммасига "қизил" тоифага кирган 16 та маҳалладаги ички ишлар профилактика инспекторларига нисбатан ўз ҳудудида жиноятчилик кўпайишига йўл қўйганликлари учун интизомий чора кўриш вазифаси юклатилди. Айни пайтда ИИБ бошлиғига жиноятчиликни кескин камайтириш, профилактика ишлари кўламини ошириш ва маҳаллаларда кенг жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорликдаги ишларни кучайтириш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгилаш ва натижаси бўйича Халқ депутатлари туман Кенгашининг шу йил учинчи чораги якунидаги сессиясида ҳисобот бериш топширилди.

Шунингдек, қарорга асосан туман ҳокимининг тегишли ўринбосари ҳамда маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи бир ой ичида жиноятчилик муттасил ошиб кетаётган ва "қизил" тоифага киритилган маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва хотин-қизлар фаолларининг маҳалла жамоатчилик кенгашлари олдида ҳисоботини эшитишни ташкил этишлари лозим бўлади.

                 Ўз мухбиримиз

Report typo