Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 апрел, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Музаффар ТУРОПОВ

13.04.2017


ЧЕККА ТУМАНЛАРДА ЧЕТ ТИЛЛАРНИ ЎҚИТИШ УЧУН

Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят кенгаши томонидан Деҳқонобод туманида ўтказилган тадбирда ҳам айни шу масалага эътибор қаратилди. Партия фаоллари, халқ депутатлари Деҳқонобод туман Кенгашидаги ижтимоий-маданий ривожланиш, оила, аёллар ва ёшлар масалалари бўйича доимий комиссия аъзолари, таълим тизими масъул ходимлари, кенг жамоатчилик иштирокида ўтган тадбирда юртимизда чет тилларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бунинг учун барча шароит ва имкониятлар яратилгани, хусусан, бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 декабрдаги "Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.

Юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби кенг кўламли ислоҳотлар тумандаги 89 та умумтаълим мактаби ва 7 та мактабгача таълим муассасида ҳам ўз самараларини бермоқда. 50-мактаб ўқитувчиси Дилфуза Эшпўлатова "Йил ўқитувчиси" кўрик-танловининг республика босқичида 2-ўринни қўлга киритган бўлса, немис тили мутахассиси Дилноза Назарованинг иш услуби ҳам юқори баҳоланган. Шу мактабнинг 7-синф ўқувчиси Жаҳонгир Зиёдуллаев француз тили бўйича  республикада эътироф этилган ёшлардан.

Ўғил-қизларда тил билишга, жаҳон билан бўйлашишга иштиёқ, интилиш юқори. Бироқ тумандаги 70 нафар чет тили ўқитувчисининг 23 нафари ғузор, Шаҳрисабз ва Қарши туманларидан қатнаб ишлайди. Ўқитувчиларнинг имкониятдан ошиқча ставкада ишлаши таълим сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатмасдан қолмаяпти. Айниқса, туман марказидан узоқ ҳудудларда чет тили ўқитувчиларига эҳтиёж ҳамон юқорилигича қолмоқда. Айрим мактаблар эса махсус ўқув хоналари ва кўргазмали қуроллар   билан таъминланмаган.

Тадбирда ана шу масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, мавжуд муаммоларни бартараф этишда депутатлар масъулиятини ошириш, халқ депутатлари туман Кенгаши сессияларида шу каби долзарб масалалар ечимини излаш ва ҳал этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Музаффар ТУРОПОВ

Report typo