Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
5 декабрь, якшанба. 2021 йил                         Махсус версия RU

24.09.2021


Чегарада инқироз - нолегал мигрантлар оқиб келаяпти

Техас губернатори Грег Эббот АҚШ президенти Жо Байденга штатга келаётган нолегал мигрантларнинг оқими сабаб ҳудудда фавқулодда ҳолат режимини жорий этиш зарурати ҳақида хат ёзди.

Мурожаатга атрофида Америкадан бошпана топишга даъвогар ўн олти минг нафарча мигрант йиғилган Дель Рио шаҳридаги ҳолат асос бўлган. Улар божхона хизмати расмийлаштирувидан ўтишни кутиб, автомобиль йўлидаги кўприк остида даҳшатли шароитда яшамоқда, деб эслатади РИА Новости.

Хатда қайд этилишича, Техас губернатори жорий йилнинг 31 май санасидаёқ чегарадаги инқироз ҳолатини офат сифатида расман тан олган. Шу боис, у штат учун фавқулодда ҳолат декларацияси қабул қилишни сўраган.

Эббот вазиятни Мексика орқали АҚШга келаётган мигрантлар учун сув, озиқ-овқат ва дори-дармонлар кераклиги, штат ҳукумати эса бундай таъминотга қодир эмаслиги билан изоҳлаган. Бинобарин, 15 сентябрдан 18 сентябргача бўлган вақт оралиғида қочоқлар лагеридаги одамлар сони тўрт нафардан 16 минг кишига ортиб кетган, уларга 64 нафар чегара хизмати ходими тўғри келаяпти, холос.  

Оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, Дель Рио атрофида тўпланган қочоқларнинг кўпчилиги Гаити фуқароларидир. Мамлакат президенти Жовенел Моиз ўлдирилгани ва рўй берган зилзиладан сўнг АҚШ орол давлати фуқаролари учун бир ярим йил давомида уларни ватанига қайтариб юборишни тақиқловчи "вақтинчалик ҳимояланган" мақомини бериш амалиётини жорий этганди. Аммо, яқинда Америка ҳукумати Дель Риодаги миграция инқирози муносабати билан Гаитига амалга ошириладиган депортация қатновларини қайта тиклади. Чегара миграция хизмати қочоқлар рўйхатини қайта ишлаб чиқиши учун лагердаги одамларни АҚШнинг бошқа ҳудудларига кўчириш ишларига ҳарбийлар жалб қилиниши режалаштирилаяпти.

Report typo