Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 апрел, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мўмин АЗИЗОВ

31.01.2017


БУЮК ШОИР ИЖОДИ ВА СИЙМОСИНИНГ САҲНАДАГИ ТАЛҚИНИ

Шу ҳақида кўплаб илмий мақолалар ёзган, тадқиқот ишларини олиб борган Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Муҳсин Қодировнинг таъкидлашича, Ғарб типидаги ўзбек театри дунёга келган дастлабки йиллардан эътиборан Алишер Навоий шеър ва достонлари драма, саҳна асарларига кўча бошлади, бирмунча кейин эса шоир сиймоси, ҳаёт зарварақлари ҳам саҳналарда ўз аксини топди. Бу соҳаларда муайян йўл босиб ўтилди ва ибратли тажриба қўлга киритилди.

Алишер Навоий достонларини саҳналаштиришга ўтган асрнинг 20-йиллари бошидан киришилган. Шоир ва драматург Хуршид 1922 йили 5 парда, 8 кўринишли “Фарҳод ва Ширин” мусиқали драмасини ёзади. Пьесани дастлаб ҳаваскорлар гуруҳи саҳналаштирган. 1923 йили асар Ўзбек давлат “Намуна” труппасида Маннон Уйғур томонидан қўйилади. Бош ролларни Аброр Ҳидоятов, Маъсума Қориева, Фотима Камолова ижро этган.

Хуршид  ҳамда режиссёр Габдулла Камол “Фарҳод ва Ширин”нинг яна бир саҳнавий нусхасини яратиб, 1926 йил  15 апрелда Самарқандда намойиш этадилар. Ушбу достон асосида Маннон Уйғур томонидан саҳналаштирилган асар 1930 йилда театрларнинг биринчи олимпиадаси ўтказилиши муносабати билан Москва шаҳрида 4 марта намойиш қилинган. Ширин ролини Ҳалима Носирова ижро этади.

1937 йилда Москвада ўзбек санъатининг биринчи декадаси бўлиб ўтади. Декада дастурига киритилган “Фарҳод ва Ширин” драмаси ҳам томошабинларга ҳавола этилади. Бош ролларни Ҳалима Носирова, Муҳиддин Қориёқубов, Лутфихоним Саримсоқова ижро этадилар. Спектаклни томошабинлар яхши қабул қилишди, мутахассислар актёрлар маҳорати, дирижёр Мухтор Ашрафийнинг хизматини алоҳида эътироф этишди.

Шуни таъкидлаш керакки, бу саҳна асарлари орасида  Комил Яшин қаламига мансуб “Фарҳод ва Ширин” драмаси айниқса машҳур бўлиб, асар барча вилоятлардаги театрларда саҳналаштирилган. Жумладан, ушбу спектакль Муллатўйчи Тошмуҳаммедов номидаги вилоят мусиқали драма театрида ҳам узоқ йиллар саҳнадан тушмади. Спектакль ҳар гал қўйилганда театрнинг томоша зали томошабинлар билан лиқ тўлиб турди.

Кейинроқ санъаткорларнинг ижодий изланишлари  натижасида “Фарҳод ва Ширин” операси ҳам яратилди. Унга машҳур бастакорлар В.А.Успенский ва Г.А.Мушель мусиқа яратишди. 1957 йил 15 майда операнинг тақдимоти ўтказилиб, у мутахассислар томонидан ўзбек мусиқа санъатининг муваффақияти сифатида эътироф этилди.

Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” достони ҳам бир қатор инсценировка ва пьесаларга манба бўлган. Бу достон асосида шоир ва драматург Хуршид ҳамда режиссёр Маннон Уйғур 1925 йилда спектакль яратдилар. Кейинчалик достон театрларнинг талаби билан 8 марта қайта ишланди. Достоннинг саҳнавий талқини қатор вилоят театрларида   намойиш қилинди. Вилоятимиз театрида саҳналаштирилган спектаклда Мажид Маматов Мажнун ва Муҳтарама Носирова Лайли ролини юксак маҳорат билан ижро этишди.

“Лайли ва Мажнун” достони асосида бастакорлар Т.Содиқов ва Р.Э.Глиэр опера ҳам яратилган. У биринчи марта 1940 йил 17 июлда намойиш этилди. Спектакль қайта-қайта саҳналаштирилди. Томошабинлар орасида машҳур бўлди.

Истиқлолдан аввалги пайтларда Алишер Навоий ижодидан мустаҳкам ўрин эгаллаган Лайли ва Мажнун, Фарҳод ва Ширин, Баҳром ва Дилором, Суҳайл ва Меҳр фожиалари ҳақида ҳикоя қилувчи достону ҳикоятлар саҳналаштирилиб келинган бўлса, юртимиз мустақилликка эришгач, “Хамса”нинг кенг қамровли, фалсафий теран сўнгги достони - “Садди Искандарий” асосида “Искандар” номли драма яратилди. Драма ҳам, унинг илк  саҳнавий талқини ҳам Ўзбек Давлат драма театрида атоқли режиссёр Баҳодир Йўлдошев ташаббуси билан майдонга келди. Эл севган актёрлар - Афзал Рафиқов Навоий, Элёр Носиров Искандар сиймосини саҳнада юксак маҳорат билан гавдалантиришди. Кенжа бўғин режиссёрларидан Наби Абдураҳмонов томонидан Ёшлар театрида Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достонидаги Шайх Санъон қиссаси асосида спектакль саҳналаштирилиб, унда ҳазрат Навоийнинг тасаввуфий ғоялари илгари сурилди.

Ўтган асрда Уйғун ва Иззат Султоннинг “Алишер Навоий” драмаси туфайли халқимиз саҳна ва экранда ўз севимли шоирининг жонли қиёфасини кўриш бахтига муяссар бўлганди. Таниқли кинорежиссёр Комил Ёрматовнинг “Алишер Навоий” фильми, Ойбекнинг “Навоий” романи асосида яратилган кўп қисмли видеофильм томошабинлар қалби ва шуурида ўчмас из қолдирди.  Ҳазрат Навоий сиймосини саҳнада Олим Хўжаев, Раззоқ Ҳамроев, Зикир Муҳаммаджонов, Ёқуб Аҳмедов каби забардаст актёрлар ижро этиб, саҳнамиз тарихидан муносиб ўрин эгалладилар. Ўзбек Давлат академик (ҳозирги Миллий академик театр) драма театрида “Алишер Навоий” спектакли 700 мартадан ортиқ намойиш этилгани маълум. Ўша спектаклда айтилган Навоий ва Гулининг шеърий монологи ҳали-ҳануз катта авлод вакилларининг хотирида, ҳали-ҳамон тўйлар, давраларда қайта-қайта ўқилади.

Истиқлолдан сўнг шоирнинг саҳнадаги қиёфасини яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Таниқли актёр ва режиссёр Турғун Азизов томонидан саҳналаштирилган “Алишер Навоий” драмаси 1991 йил 4 март куни томошабинлар кўригидан ўтди. Мазкур саҳна асари Ўзбекистоннинг бошқа театрларида ҳам қўйилди. Хусусан, вилоятимиз театрида мазкур драма кўп йиллар репертуарда турди. Театр актёри Алиқул Тўлиев Навоий сиймосини анча ишонарли гавдалантиришга муваффақ бўлди.

Профессор Муҳсин Қодировнинг фикрича, Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди асосида яратилган санъат асарлари оз эмас. Ҳали санъаткорларимиз олдида буюк шоир ва мутафаккирнинг ҳаёти, ижоди, эстетик ва тафаккур дунёсига чуқурроқ кириб боришдек олижаноб вазифа турибди. Шу боисдан келажакда буюк мутафаккир ижодиётидан илҳом олган янги асарлар, янги саҳнавий талқинлар пайдо бўлади, деб умид қиламиз.

Мўмин АЗИЗОВ

Report typo