Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

05.05.2022


БУЮК ҒАЛАБАГА БЕҚИЁС ҲИССА

Шавкат МИРЗИЁЕВ:

Ҳаёт қонуниятига кўра, вақт ўтиши билан кўп нарса унутилади, эсдан чиқади. Лекин бу ёруғ дунёда улуғ бир ҳақиқат борки, у ҳеч қачон ўзгармайди, ҳеч қачон эскирмайди. Яъни, Ватан ва халқ озодлиги, келгуси авлодларнинг бахту саодати йўлида мардлик ва жасорат кўрсатган инсонлар хотираси ҳамиша барҳаёт яшайди.

Шу боис биз учун уруш ва меҳнат фахрийларининг иззат-ҳурматини жойига қўйиш, ўтганларнинг хотирасини абадийлаштириш доимо муқаддас вазифа бўлиб қолади.

9 май - Хотира ва қадрлаш куни

Дунё тарихидаги энг даҳшатли қирғин ҳисобланган Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистон халқи бутун тараққийпарвар инсоният қаторида фашизмга қарши курашиб, буюк Ғалабага беқиёс ҳисса қўшган.

1941 йилда республикамиз аҳолиси 6 миллион 800 мингдан зиёд кишини ташкил этган бўлса, уруш йилларида улардан қарийб 2 миллион нафари фронтга кетган ва 500 мингдан зиёди шафқатсиз жангларда ҳалок бўлган. Биргина вилоятимиздан бу мудҳиш урушда 47 мингдан ортиқ киши қатнашган ва уларнинг ярмидан кўпи ортга қайтмаган.

Инсоният тақдири ва келажаги йўлида тинчлик ва озодлик учун курашган, ўз азиз жонларини фидо этган ҳамда фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизнинг қаҳрамонлиги ҳеч қачон унутилмайди ва ҳамиша халқимиз қалбида, хотирасида сақланади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек,  бу жасорат ёшларимиз учун абадий ибрат намунаси бўлиб қолади.

Қамаши туманининг Манғит маҳалласида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Рўзибой бобо Сатторов умр саҳифаларининг қора кунларини, уруш даҳшатларини эслагиси келмайди. Улар ҳақда сўз кетса, сукутга чўмади. Қайтага бугунги дориломон кунларга шукрона айтади, тинчлик қадрини мадҳ этишдан чарчамайди. Фарзандлари ардоғида, набиралари қуршовида эканидан қалби ғурурга тўлади.

Суратда: Рўзибой бобо Сатторов.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Report typo