Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдунаби АБДИЕВ

03.11.2018


БУГУНГИ КУН ЎҚИТУВЧИСИ

Одатдаги эрталабки сафланиш пайти, ўқувчилар қизиқувчанлигини синаб кўриш мақсадида, тонгда ижтимоий тармоқлардан бирида кўзим тушган хабар ҳақидаги саволни ўртага ташладим:

- Қани болалар, ким айтади, бугун қандай кун?

Сафнинг турли қисмидан бирданига берилган жавоблар янгради:

- Халқаро қўл ювиш куни...

Очиғи, шу хабарни ўқиганимда хаёлимдан “одамлар нималарни ўйлаб топишмайди” деган фикр ўтганди. Ғалати эмасми, қўл ювишни тарғиб қилиш учун алоҳида кун ажратишнинг ҳожати бормикин? Рости, шу кунгача жаҳон миқёсида шундай сана борлигидан хабарим йўқ эди. Аслида бундай кунни нишонлаш тўғрисида 2008 йилдаёқ БМТ Бош Ассамблеяси махсус қарор қабул қилган, унга кўра, ҳар йили 15 октябрда шу тадбир ўтказиб келинар, ҳатто болалар ўртасида ўткир ошқозон-ичак касалликлари инфекцияси тарқаб кетишининг олдини олиш мақсадида қўл ювиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилган экан.

Демак, иш куни эндигина бошланган бўлса-да, чекка бир қишлоқда истиқомат қилаётган шу болалардан қайсиларидир ижтимоий тармоқларга кириб чиқишга, бошқаси “ойнаи жаҳон” янгиликларини кузатишга улгурган. Аммо бу гал ахборот олиш тизими кун, соат сайин такомиллашиб бораётгани ҳақида шусиз ҳам барчага маълум воқеликни эътироф этиш билан чегараланмай, табиатан қизиқувчан ёш авлод вакилларига сабоқ бераётган бугунги кун ўқитувчиси зиммасига келиб тушаётган юк залвори, уни манзил сари муваффақиятли етаклаш йўллари ҳақида мулоҳаза юритиб, Сизни мунозарага чорламоқчиман.

Аксаримиз бир хилликка одатланганмиз, дарсликка шоша-пиша кўз ташлаш, юкламани бажариш мақсадида шунчаки ёзилган дарс ишланма ва йиллар давомида такрорланиб, сийқаси чиққан маъруза. Ҳўш, вазифасини аллақачон ўтаб бўлган шу услуб билан биздан теша тегмаган янгиликлар оқимини кутаётган ўқувчини қаноатлантириш мумкинми? Агар бунга “йўқ” дейдиган бўлсак, унда қандай йўл тутишимиз керак?

2

Инглиз адиби Льюис Кэрроллнинг “Алиса кўзгу орти мамлакатида” асаридаги персонажлардан бири Қора Қиролича “Ўз жойида қолиш учун оёқни қўлга олиб югуриш керак” дейди. Модомики мақсад “ўз жойида қолиш” бўлар экан, югуришга, тағин ҳам “оёқни қўлга олиб югуриш”га нима ҳожат бор, дерсиз. Тагзамин шундаки, “ўз жойи” бу – бизнинг ишчи ўрнимиз, яъни чекимизга тушган ўқитувчилик касби. Мамлакатимизда таълим тизимини тўла ислоҳ қилиш вазифаси олға сурилаяпти, бу борада дастуриламал бўлиб хизмат қиладиган қарор ва дастурлар ишлаб чиқилаяпти. Табиийки, ҳар қанча ҳужжатлар қабул қилинмасин ислоҳот ўз ижрочиси саъй-ҳаракатлари эвазига рўёбга чиқади. Айнан ўша ижрочи бошқа биров эмас, Сиз билан бизмиз.

Шу ўринда икки-уч йилда таълим-тарбия соҳасида рўй берган ўзгаришлар кўламига қисқагина назар ташлайлик:

- мактабгача тарбия муассасалари алоҳида вазирликка бўйсундирилди;

- бошланғич таълим беш кунлик иш кунига ўтказилди;

- ўқувчилар табақаланишини бартараф этиш мақсадида ягона мактаб формаси жорий этилди;

- ўн бир йиллик мактаб таълими тизими яратилди;

- малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида педагогика йўналишидаги олийгоҳларда махсус сиртқи бўлимлар очилди;

- ўқитувчилар меҳнатига ҳақ тўлаш босқичма-босқич оширилаяпти;

- умумий ўрта таълимга касб-ҳунар таълими қўшиб олиб борилаяпти;

- мактаблар моддий-техника базаси кун сайин такомиллаштирилаяпти;

- мажбурий меҳнат, шу жумладан, ўқитувчининг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этилиши тақиқланди;

- халқ таълими тизимини бошқариш янгиланаяпти...

Президентимизнинг 2018 йил  5 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган 2018-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастурида яна кўплаб ислоҳот қирраларини кўрамиз. Қисқача айтганда, мактаб таълими, умуман таълим тизими шаклан янгиланаяпти, эндиги вазифа мазмунан ўзгаришга келиб тақалади. Мазмун ўзгариши эса ўқитувчи кадрлар салоҳиятига боғлиқ. Мактаблар энг сўнгги русумдаги ахборот технология воситалари билан қуроллантирилган бир пайтда, ўқитувчи “эски ҳаммом, эски тос” қабилида иш юритар экан, шакл ўзгаришлари қай даражада фойда келтирарди? Замонавий ўқувчи бошқача, у интернет оламида яшаяпти, биз йиллар давомида излаб келаётган воқеа, хабар ва янгиликлардан у “Гугл” қидирув тизими тугмасини биргина босиш билан танишаяпти. Ишонмасангиз, оддийгина қўл телефонини боғча боласи қўлига бериб кўринг, у Сиз оддийгина алоқа воситаси деб қараётган телефоннинг ўнлаб ҳайратангиз функцияларини кашф этиб беради. Шундай экан, “ўз жойимизда қолиш” учун биз ташлайдиган илк қадам эски услублардан воз кечиб, фаолият мезонларимизни янгилашга қаратилиши керак. Акс ҳолда тезкор тараққиёт суръатлари бизни бир зумда ўз оқимидан четга суриб ташлайди. Оқимдан четда қолиш эса давр шиддаткор кемасидан тушишимизни тақозо қилади. Ўз навбатида кемани эрта тарк этиш неча йиллардирки ардоқлаб келган, меҳр қўйган муаллимлик фаолиятимиз интиҳосига йирик нуқта қўйиш билан якун топади.

3

Ёнгинангизда фаолият кўрсатаётган ёш ҳамкасбингиз хатти-ҳаракати, иш услубига лоақал бир бор эътибор қаратганмисиз? Нега ўқувчилар Сизга қараганда унинг атрофида қўпроқ ўралашаяпти? Шу ҳолат ундан ҳам қай қирраларнидир ўрганишингизни тақозо этмаяптими? “Нимани ўрганардим, бор-йўғи эндигина тухумни ёриб чиққан бола-ку”, демоқчимисиз? Бўлмаса билиб қўйинг – Сиз йўл қўяётган катта хато ҳам айнан шундай муносабатда. Ўқитувчи кимдандир, ниманидир ўрганишдан тўхтаган куни ўз фаолиятида қоқилиши шубҳасиз. Ёш ҳамкасбингиздан ҳаётий тажрибаларингизни сира дариғ тутманг, ўз навбатида ўзингиз ҳам унинг ўқувчи билан тез тил топишиб кетиши сабабларини ўрганинг. Ҳар ҳолда у билан ўқувчи ўртасидаги ёш чегаралари Сиз билан ўқувчи орасидагидан анча қисқа, демак, интилиш, қизиқишлари доираси анчагина яқин.

Анча-мунча тажрибага эга бир ўқитувчи шикоят қилиб қолди:

- Бугунги ўқувчиларга тушуниб бўлмай қолди, тегманозикроқми-ей, жаҳлингизни келтирса бир шапалоқ уриш у ёқда турсин, салгина овозингизни кўтарсангиз ҳам отасини ё онасини етаклаб келади…

Мен унга бақириш ёхуд тан жазоси бериш тарбия воситаси бўлмай қолганини тушунтиришга ҳаракат қилдим. Одатда нўноқ ўқитувчи ўз камчиликларини яшириш учун бақир-чақир қилади, яхши ўқитувчи ширинсўзлиги билан шогирди қалбига йўл топади. Афсуски, аксаримизда ҳали ўзимизни дарс жараёнининг ҳукмдори санаш хусусияти кучли.

Нега тўй дастурхони ёзмоқчи бўлганимизда, даврани бошқаришга сўзга чечан, кўпчилик билан тез киришиб кетадиган ўртакаш излаб қоламиз. Боиси, у ҳеч кимнинг дилини оғритмайди, санъаткорни баҳоли қудрат хизмат қилишга ундайди. Ўқувчи ҳам айнан шундай – ўқитувчи танлайди, нутқи равон, билим доираси мукаммал, феъли кенг, ўзини ўзгалардан баланд тутмайдиган ўқитувчини ҳурмат қилади, дилини оғритмаслик учун у сабоқ    берадиган фанни яхши ўзлаштиришга интилади. Хулоса шу, ўз фаолиятимизни, ўқувчилар билан муносабатимизни, ҳамкасблар ва ота-оналар билан муомала маданиятимизни имкон қадар тезроқ танқидий назар билан сарҳисоб қилсак, камчиликларимизни мардлик билан тан олиб, тузатиш йўлини танласак, фойдадан холи бўлмайди, муваффақиятлар сари одимимиз шунчалик тез равонлашади.

4

Айтайлик, озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилиш учун бозор расталари оралаб юрибсиз. Маҳсулотнинг сифатлиси, сара пишгани бир четда қолиб, пачоқ ва ғўрасини танлаган бўлармидингиз?

Гап шундаки, ҳар янги ўқув йили арафасида мактаб раҳбари бир муаммони ечишига тўғри келади. Яъни аксар ота-оналар мактаб остонасини ҳатлаган боласини энг яхши бошланғич синф ўқитувчиси тарбиясига беришни хоҳлайди, ёки:

- Домлажон, агар имкони бўлса ўғлим (қизим) таҳсил олаётган фалон синфнинг фалон фанини фалон ўқитувчи ўқитса, - деган илтимосномалар ёғилади.

Афсуски, ҳамма мактабларда ҳам (айниқса, қишлоқ шароитида) билим доираси тенг, масъулиятни ҳис қиладиган, болажон ўқитувчини танлаб олиш имконияти мавжуд эмас. Бириси яхши бўлса, иккинчиси сал нўноқроқ. Азиз ҳамкасб, одамлар нега Сизни тан олмаётгани ёки аксинча бошқа касбдошлардан устун қўяётгани боисини энди англаган бўлсангиз керак. Тинимсиз ўқиш, ўрганиш, янгиланишга интилиш бизнинг ўқитувчи сифатида шогирдлар қалбидан муқим жой олишимизга, буюртмачи саналмиш ота-она ҳурматига сазавор бўлишимизга йўл очиб беради. Ўзимизнинг хизмат қўрсатувчи эканлигимизни унутишга ҳаққимиз йўқ. Табиийки, буюртмачи ҳар қандай вазиятда ҳам энг сифатли маҳсулот етиштиришга қодир хизмат кўрсатувчини танлаши аллақачонлар ўз исботини топган аксиома. Яқинда ёш ҳамкасбимиз танаффус чоғида биз учун бироз ғалати мулоҳазани айтиб қолди:

- Тараққий этган мамлакатларда ота-оналар фарзанди ўзи танлаган йўналишдаги олийгоҳга киролмаса, мактаб, тегишли фанлардан сабоқ берган ўқитувчилар устидан судга мурожаат қилишаркан.

Мамлакатимиз ривожланиш йўлидан бораяпти, таълим тизими янада ислоҳ қилинаётир, юқорида эътироф этилган дастурга асосан “Ўқитувчининг мақоми тўғрисида”ги Қонун ишлаб чиқилиши арафасида. У асосида педагогик фаолият принциплари белгилаб берилади. Бу бизда ҳам ота-оналар ёш ҳамкасбимиз айтган мисолидаги каби йўл тутадиган кунлар яқин қолганидан дарак бермаяптими, таъбир жоиз бўлса, вақт борида узатган этагимизни йиғиб олиш ҳаракатига тушишимиз кераклигини тақозо этмаяптими?

Нимадир демоқчисиз шекилли, қадрдон ҳамкасб!?

Абдунаби АБДИЕВ,

Миришкор туманидаги 22-мактаб директори

Report typo