Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

03.12.2021


Бугун - Халқаро ногиронлар куни

Шу сана муносабати билан жойларда турли маънавий-маданий тадбирлар, хайрия ва саховат акциялари ўтказилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад ақлий ва жисмоний нуқсони бор замондошларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборатдир.

Ана шундай тадбирлардан бири маҳаллий ҳокимлик ташаббуси билан вилоят мусиқали драма театрида ташкил этилди. Унда кўнгилочар чиқишлар билан бир қаторда жисмоний имконияти чекланган болаларнинг ижодий ишлари, қўл меҳнати ёрдамида тайёрланган турли маҳсулотлари кўргазма-савдоси ҳам уюштирилди.

Барча учун очиқ бўлган тадбирга қатор ташкилот ва корхоналар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳозир бўлиб, ақлий ва жисмоний нуқсони бор замондошларимиздан кўнгил сўраб,   совғалар улашмоқда. Истовчилар улар кўргазмага олиб келган маҳсулотлардан харид қилмоқда.

Таъкидлаш ўринли, Халқаро ногиронлар куни БМТ Бош Ассамблеясининг 1992 йилда қабул қилинган тегишли қарорига биноан ҳар йили 3 декабрь санасида анъанавий тарзда нишонлаб келинади. Бунинг замирида жамиятда жисмоний имконияти чекланган, ногиронлиги бўлган шахслар дуч келаётган муаммоларни яхшироқ тушуниш ҳамда бартараф этиш, улар қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ҳимоялаш, турмуш шароитларини яхшилашга эътиборни кучайтириш мақсадлари мужассам. 

Ўз мухбиримиз

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo