Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
17 апрел, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

16.04.2021


БУ КУНДА АМАЛ БОРУ, ҲИСОБ ЙЎҚДИР, ЭРТАГА ЭСА ҲИСОБ БОРУ, АМАЛ ЙЎҚДИР

 Сараланган сатрлар

Бугун дунё мўмин-мусулмонлари раҳмат ва мағфират эшиклари очиладиган, яхши амаллар учун беҳисоб савоблар ёзиладиган Рамазон ойи фазилатларидан баҳраманд бўлиш умидида рўза тутмоқдалар. Албатта, бундай улуғ кунларда исломий маърифат акс этган китоблардан олинган билимларнинг қалбга юқиши ҳам осон бўлади. Шу мақсадда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг "Ҳадис ва Ҳаёт" туркумидаги "Ислом ва иймон" китобидан лавҳаларни эътиборингизга ҳавола қилаяпмиз.

Ушбу туркумдаги китобларнинг аҳамияти шундаки, шайх ҳазратлари дин арконларини эндигина ўрганишга киришганлару тақвода анчадан буён собитқадамлар учун бирдай қулай, бирдай тушунарли қилиб ёзган. Мисол учун, ҳадис, унинг ровийси, ҳадисда келтирилган жумлалар изоҳи, биз ундан қандай хулосалар олишимиз мумкинлиги батафсил шарҳланади. Ўйлаймизки, сиз ҳам ҳикматларга бой ушбу китоб мутолаасидан четда турмайсиз.

Ибн Умарда уламоларга хос бўлган бир хислат бор эди. Агар инсонлар бирор нарсада жоҳиллик қилсалар, уларга адоватларини зоҳир қилмас ёки жавобни узиб қўймас эдилар. Агар билмайдиган нарсалари тўғрисида сўралса, дарҳол "Билмайман" деб айтар эдилар.

* * *

Инсоният босиб ўтган йўл, қилиб кўрган тажрибалар Исломсиз мақсадга етиб бўлмаслигини кун сайин кўрсатмоқда.

Инсониятнинг якка илоҳий маъбудга эътиқод қилишга муҳтож эканини ҳам тажриба кўрсатди. Худосизлик нима экани, қандай балоларга гирифтор қилиши синаб, татиб кўрилди. Кўпхудолик ҳам фойда бермаслигини ҳамма тушуниб бормоқда. "Аллоҳнинг ўғли бор, Аллоҳ уч шахс - ота, ўғил ва муқаддас руҳларнинг қўшилишидир", деб даъво қилганлар ҳам ҳозирда ўзларининг ақийдалари нотўғри эканини тушуниб етмоқдалар.

"Муҳаммадур Расулуллоҳ" эса ўзининг инсон ҳаёти учун нақадар зарурлигини аниқ аён этди. Инсоният учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдек ўрнак бўларли зот, йўлбошчи қайтиб туғилмади. Бу ҳозирги кунда ҳар дамда, ҳар қадамда сезилиб турибди. Инсон ўрнак олиши учун ўзи ихтиёр қилган шахслар фойда бермаяпти. Хаёлда тўқиб олинган сохта ибратлар ҳам иш бермай қўйди. Бугунги кунда айниқса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳиссаломга душман бўлган ғарб юртларида у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсларига эҳтиёж кучайиб бормоқда.

Аввалроқ буюк инглиз ёзувчиси Бернард Шоу: "Агар Муҳаммад пайғамбар тирик бўлганида, бизнинг ҳаётий муаммоларимизни бир пиёла қаҳва устида ҳал қилиб берар эди", деган бўлса, яқинда ғарблик мутахассислар кишилик тарихида инсониятга энг кўп фойда келтирган юз киши рўйхатини тузиб чиқиб, унда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни биринчи ўринга қўйдилар. Бу ерда гап моддий фойдалар ҳақида кетмоқда. Шундай экан, мусулмонман, деб юрганлар ўзларининг Пайғамбарлари билан ҳар қанча фахрлансалар арзийди. У кишидан ҳар нарсада ўрнак олишлари, ҳар ишда у зотнинг суннатларига амал қилмоқлари зарур.

* * *

Бугунги кунда "Рўза"нинг фойдасини рўза нималигини билмайдиган халқлардан сўраш керак. Улар асрлар давомида ўзлари учун руҳий, жисмоний соғлик манбаини излаб, сон-саноқсиз тажрибалар ўтказиб, бу нарса "ихтиёрий очлик"да эканини милодий йигирманчи асрнинг охирига келибгина тушуниб етдилар. Ислом эса бу нарсани мусулмонларга бундан ўн беш аср муқаддам исботлаб қўйган ва ибодат сифатида буюрган эди.

* * *

Умар ибн Хаттоб тўрт халифанинг иккинчиси, ҳақ билан ботилни ажратиб, "Форуқ" лақабини олган, жаннатга кириши башорат қилинган ўн саҳобанинг бири. Илк бор "Амирал муминин" лақабини олган халифа. Исломга Расулуллоҳ пайғамбар қилиб юборилишининг олтинчи йили кирдилар. Олдин бу динга қарши бўлиб, бир-икки бор Расулуллоҳни ўлдиришга ҳам қасд қилдилар. Лекин Аллоҳ бу кишини Ислом динига ҳидоят қилиб қўйди. Бу зот Исломга киришларидан бир-икки кун олдин Расулуллоҳ:

"Аллоҳим, Исломни Умар билан қувватлагин", деб дуо қилдилар. Аллоҳ пайғамбарининг дуосини қабул қилиб, ҳазрати Умарни Исломга ҳидоят қилиб қўйди.

* * *

Аллоҳга иймони бор одам: "Ҳар бир ишим-қилмишимни Аллоҳ кўриб турибди", деган ишонч ила яшайди. Шунинг учун у фақат Аллоҳга хуш келадиган ишларни қилиб яшайди.

Аллоҳга иймони бор одам: "Ҳар бир гапимни Аллоҳ эшитиб турибди", деган ишонч билан яшайди. Шунинг учун доимо ўзидан яхши овоз, гап, сўз ва маънолар чиқишига ҳаракат қилади.

Аллоҳга иймони бор одам: "Ҳар бир нарсамни Аллоҳ ҳисоблаб турибди, қиёмат куни сўроқ-савол қилади", деган ишонч билан яшайди. Шунинг учун доимо яхшилик қилиб, ёмонликдан қочади.

Аллоҳга иймони бор одам: "Тавбани фақат Аллоҳ қабул қилади", деган ишонч билан яшайди. Шунинг учун ҳам, ўзидан хато ўтса, дарҳол тавба қилишга, чин қалбдан афсус чекишга, ўша хатони такрор қилмасликка шошилади.

Аллоҳга иймони бор одам барча яхши фазилатларни ўзида жамлашга, барча разолатлардан четда бўлишга ҳаракат қилади. Бу эса ҳар бир инсон учун, ҳар бир оила учун, ҳар бир жамият учун ва бутун инсоният учун ўта муҳим нарсалар эканини одамлар кўриб-билиб турибдилар.

* * *

Ҳа, агар золим ўз зулмига жавоб бермаса, ёлғончи-фирибгар ўз ёлғони, фириби билан давр суриб қолиш пайидан бўлаверса, хуллас, ҳамма бу фоний дунё матоҳи учун ҳар қандай ёмонликдан, ифлосликдан қайтмаса, бу дунё қандай дунё бўлади? Кучсизлар, мазлумлар, бечораларнинг ҳоли нима кечади? Ҳаёт кечириш ўз-ўзидан чексиз азобга айланиб, жамиятда ноумидлик, лоқайдлик ва ўзини-ўзи ўлдиришлар кўпаймайдими?

Мазкур бало-офатлардан қутулиш учун кишилар инсофли, диёнатли, тўғрисўз бўлишлари, барча ёмонликлардан қайтишлари лозим. Ёмонликдан қайтиш учун эса охират кунига иймон албатта лозим.

* * *

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ўзлари айтадилар: "Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам бирор қилган ишимни нимага бундай қилдинг ёки буюрган ишимни нега қилмадинг, деб сўрамас эдилар. Балки "Аллоҳнинг хоҳлагани бўлади, хоҳламагани бўлмайди", дер эдилар".

* * *

Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг ниҳоятда чиройли бир сўзлари борки, у бизларга ўрнак бўларлидир: "Менинг қўрқадиган нарсам ҳавои нафсга тобе бўлиш ва узун орзулар қилишдир. Ҳавойи нафсга тобе бўлиш ҳақдан қайтаради. Узун орзулар эса охиратни эсдан чиқартиради. Огоҳ бўлинглар, бу дунё орқада қолиб кетади. Охират эса олдингизга чиқиб, кутиб олади. Сизлар охиратнинг боласи бўлинглар,  дунёнинг боласи бўлиб қолманглар. Бу кунда амал бору, ҳисоб йўқдир, эртага эса ҳисоб бору, амал йўқдир".

* * *

Абу Ҳурайра оғир касал бўлиб қолганларида у кишини кўргани Марвон ибн Ҳакам келадилар. Марвон Абу Ҳурайрага:

"Аллоҳ сизга шифо берсин", деганларида, Абу Ҳурайра:

"Аллоҳим, Сенга йўлиқишимни севдим, Сен ҳам Сенга йўлиқишимни сев", дедилар.

Марвон ибн Ҳакам Абу Ҳурайранинг ҳузурларидан чиқиб, бозорнинг ўртасига етмасларидан Абу Ҳурайранинг жонлари узилди.

* * *

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

"Мўминларнинг иймони комилроғи хулқи яхшироғидир. Сизларнинг яхшиларингиз хотинларига яхшилик қиладиганларингиздир", дедилар.

* * *

...масжидга турли одамлар қатнайди. Уларнинг қатнаши ҳам турлича бўлади. Кимдир риё учун қатнайди. Унинг қатнаши риёга боғлиқ бўлади. Риё ҳосил бўлмаган ондаёқ масжидга қатнашдан тўхтайди. Яна бири мунофиқлик юзасидан қатнайди. Яъни Ислом ривож топиб, мусулмонлар кўпайганда, ишлари юришиб, гаплари ўтиб турганида ўзини мусулмон қилиб кўрсатиш учун қатнайди. Ушбу омил йўқ бўлиб, мусулмонлар синовга учраган, қийинчиликда қолган куни улар ҳам масжидга келишни йиғиштирадилар. Учинчилари жосуслик учун қатнайдилар ва жосуслик топшириғини адо этиб бўлганларидан сўнг улар ҳам масжидга қатнашни йиғиштирадилар.

Чин қалбдан аҳд қилган одамгина холис ибодат учун доимий равишда масжидга қатнайди.

* * *

Умумжаҳон Исломга чақириш куллиясига янги ўқишга келган пайтим эди. Бирдан қалбга васваса тушиб, бўлмағур фикрлар хаёлга ўралашиб қолди. Дунё кўзимга тор кўриниб, ҳеч нарса татимайди. Бировга айтишнинг иложи ҳам йўқ. Бу ҳолат бир неча кун давом этди. Сиқилиш, ташвиш юқори чўққисига етди. Ана шундай оғир дамда кўзим Ҳаким Термизийнинг араб тилидаги "Муридлар одоби" китобига тушди. Муаллифи Термизий бўлгани учун "Ватандошимиз экан", деб, китоб дўконидан харид қилган эдим. Китобни қўлга олдим. Тўғри келган жойини очиб, ўқий бошладим. У ерда васваса ҳақида гап борар эди. "Муриднинг қалбига васваса тушса, яхшилик аломати, деб билсин. Чунки шайтон уни йўқлаб қолибди. Одатда, шайтон обод бўлаётган қалбларни васваса қилишга уринади. Хароба қалблар шундай ҳам унинг мулки ҳисобланади, овора бўлиб, уларни васваса қилиб ҳам ўтирмайди. Шайтон обод қалбларни хароба қилиш умидида уларга васваса қилади. Уриниб-уриниб, ниятига эриша олмагач, ташлаб кетади", дейилган эди.

* * *

 Ислом инсондан бирор нарсани таклиф қилган бўлса, уни ҳайвонлик даражасидан чин инсонлик даражасига кўтариш учун таклиф қилган, холос. Ислом ўз таклифлари билан инсонни фаришта даражасига кўтаришни кўзлаган эмас. Шунинг учун Ислом таклифларини оғир дейдиган, унга амал қилишни қийин дейдиганлар инсоннинг ҳайвонлик даражасида қолишини ёқтирувчилардир.

* * *

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга савол бердилар:

"Қандай амал Аллоҳ учун энг маҳбубдир?"

Расулуллоҳ бу саволга:

"Оз бўлса ҳам, давомлиси", деб жавоб бердилар.

Ҳа, Исломда давомсиз кўп амалдан кўра, давомли оз амал яхшидир. Чунки Ислом яхшиликнинг доимий бўлишини хоҳлайди.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo