Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 апрел, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

22.04.2021


БУ ЙИЛ ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИ ТУБДАН ЯХШИЛАНАДИ...МИ?

Матбуот анжумани

Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида "Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари" акциядорлик жамияти томонидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда мазкур жамият раҳбари Анвар Музапов журналист ва блогерларга жорий йилда вилоятда электр таъминотини яхшилаш бўйича амалга оширилиши режалаштирилган ишлар ҳақида кенг маълумот берди.

- Сир эмас, вилоятда жами 24800 километр электр узатиш тармоқлари мавжуд бўлса, айни вақтда уларнинг  14125 километри эскирган, - дейди у. -   Шунингдек, мавжуд 9961 та трансформаторнинг 3840 таси талабга жавоб бермайди. Боиси йиллар давомида соҳага эътибор қаратилмаган, эскирган тармоқлар янгилаб борилмаган. Натижада носозликлар кўлами ошиб кетаверган. Бу эса бугунга келиб электр узатиш тармоқларининг мавжуд қувватга дош беролмаслиги, тез-тез узилишлар содир бўлишига сабаб бўлмоқда.

Хўш, энди нима бўлади? Аҳвол ўнгланадими?

Анвар Музапов шу ҳақда сўз юритар экан, бу йил вилоятда электр таъминотини яхшилаш учун жуда катта ҳамжмдаги ишларни амалга ошириш режалаштирилганини таъкидлаб ўтди.

-  Фикримни биргина мисол билан асослаб берадиган бўлсам, жорий йилда вилоятда электр таъминотини яхшилаш учун 210 миллиард 700 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилди, - дейди у. - Бунақаси ҳеч қачон бўлмаган. Ушбу маблағ ҳисобидан йил сўнгига қадар барча дастурлар доирасида ҳудуддаги 1500 километр электр узатиш тармоқлари янгиланади, 400 дона трансформатор пунктларида янги қурилиши, реконструкция ва модернизация ишлари олиб борилади. Бу жуда катта натижа. Шу ишларни амалга оширганимиздан сўнг, 271 мингдан ортиқ аҳолининг электр таъминоти тубдан яхшиланади.  

Сир эмаски, авваллари айтилган маблағ ажратилмай қолиши ёки бошқа сабаблар таъсирида лойиҳалаштирилган ишлар қолиб кетган ҳолатлар бўлган. Анвар Музапов шу ҳақдаги саволга жавоб берар экан, бу йил ҳар бир иш мукаммал ўрганилиб, лойиҳалар бир нечта босқичлардан ўтганидан сўнггина маъқуллангани, маблағ ажратиш манбаларидан тортиб, ишнинг қай тартибда олиб борилиши, белгиланган муддатларда бажарилишига қадар қаттиқ назоратда эканлигини таъкидлади.

Масъулнинг билдиришича, белгиланган маблағ таъминотчи корхоналар томонидан материал кўринишида етказиб берилади. Шу кунга қадар 50 миллиард сўмлик трансформатор ва ҳаво узатиш кабеллари олиб келинган. Қолгани ҳам босқичма-босқич келтирилмоқда. Демак, бу йил бу борада муаммо бўлмайди.

Ж.БОЙМУРОДОВ

 

Report typo