Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
7 февраль, сешанба. 2023 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

13.10.2022


БИРОН БИР ДАВЛАТ ЭРК Ё БИЛИМДАН ҚУЛАШИ МУМКИН ЭМАС

Сараланган сатрлар

Гуноҳ-маъсиятлар кўпайган жойга бало-офат ёғилиши ҳақида гап бораркан, сўнган деб ўйланган Везувий вулқони ҳаракатга келиши оқибатида Помпея шаҳри бутунлай вайрон бўлгани бутун инсониятга маълум. Ҳолбуки, ўшангача Помпея Рим зодагонлари ҳордиқ чиқарадиган, баҳаво, гўзал ва муҳташам шаҳар, фаровонлик ва ҳашамат рамзи саналган. Шаҳар аҳолиси ҳам ўта бой-бадавлат бўлган. Табиийки, бундай жойда илм-фан ривожланиши, инсоният манфаатига хизмат қиладиган кашфиётлар яратилиши, маърифат нури таралиши лозим эди.

Аммо бунинг ўрнига маишат, исроф, зино каби турли жирканч гуноҳлар авж олади. Гладиаторлар томошаси, қулдорлик одатий ҳол, қулларнинг аҳволи жуда аянчли эди...

Даҳшатли вулқон отилиши сабаб ҳамма ўз ҳолича - гуноҳ ботқоғига ботган ҳолатида ғафлатда тош қотади. Портлаш шу қадар кучли бўлган эканки, ундан чиққан кул ҳатто Миср ва Сурияга қадар етиб борган.

Шу туришда Помпея кул остида қарийб 17 аср ётган. Қазишмалар натижасида юзага келган манзара ғоят қизиқ эди: ҳамма нарса - бинолар, одамлар қандай бўлса, ўша ҳолида - тош қотиб ётарди. Тасаввур қилинг: ҳамма гуноҳ, фаҳш ботқоғига ботган ҳолида ўлим топган ва орадан ўтган минг йиллар уларнинг равишини ўзгартирмаган...

1803-1873 йилларда яшаган инглиз ёзувчиси Эдуард Бульвер-Литтон "Помпеянинг сўнгги кунлари" романида айни шу воқеалар ҳақида ҳикоя қилади. Мазкур ёзувчини маҳорат бобида Чарльз Диккенсга қиёс қилишаркан. "Пэлем", "Ришелье" каби асарлари эълон қилинган. Эътиборингизга эътиборга лойиқ, мағизли фикрлари ҳавола этилаётган "Помпеянинг сўнгги кунлари" романи асосида турли йилларда бадиий фильмлар ҳам суратлар олинган. Асар қисқа вақт давомида юз берган воқеалар чизгиси экани билан эсда қолади. Инсон ва жамият, инсон ва дин, инсон ва қонун - ўзаро муносабатлар тасвири кишини чуқур мушоҳадага чорлайди.

Бировнинг ҳашамати ва бойлигини кўриб, ўз ватанинг ғариблашувини эслаш оғир.

*  *  *

Аслида севги ва вабо - деярли бир нарса.

*  *  *

Кўп марталаб севган одам ҳеч қачон севмаган бўлади.

*  *  *

Римликлар менинг афиналик аждодларимга ҳаддан ташқари кўр-кўрона тақлид қиладилар. Ҳатто овга ҳам қуллар овчилар ортидан Афлотун асарини кўтариб олиб борадилар ва вақтни ғанимат билиб, ўлжани ҳам қўйиб, китобга мук тушадилар. Раққосалар форс оҳангида муқом қилиб турганларида тош чеҳрали эркин қуллардан биттаси уларга Цицероннинг "Масъулиятлар хусусида" китобини мутолаа қилади. Эҳ шўрлик зиқналар!

*  *  *

Муаллифникида меҳмонда қўшиқлар ҳар доим мафтункор туюлади.

*  *  *

Жоҳил ва итоаткор авомни бахтли қилиш учун уларнинг кўзини қамаштириш керак.

*  *  *

Помпея ўша давр тамаддунининг митти тажассумини ўзида намоён этар эди. Шаҳар деворлари билан ўралган тор майдонда, айтиш мумкинки, дабдабанинг қудратга таклиф этиши мумкин бўлган барча неъматларининг намуналари жамулжам эди. Бу шиша сандиқдаги қандайдир ўйинчоқ шаҳар эди, гўё келажак авлодларга  бошқатдан мўъжиза қилиб кўрсатиш учун атайлаб замонлардан яшириб қўйгандай.

*  *  *

Бирон бир давлат эрк ё билимдан қулаши мумкин эмас, аёллар эса фақат эркинларни севадилар ва фақат доноларни рағбатлантирадилар.

*  *  *

Кема тинч денгиздан сузиб бораётганда митти балиқ парракка ёпишиб олиши ва кемани тўхтатиши мумкин - ривоятларда шундай дейилади. Энг кучли инсоний эҳтиросларда ҳам шундай бўлади.

*  *  *

Юпитернинг ўзи - отасининг қотили. Сизларга ўлдиришни буюрмайдилару, аммо қотилга сиғинасизлар. Ахир бу дин устидан, одамдаги энг муқаддас нарса устидан кулиш эмасми?

*  *  *

Бизлар болаларга ўхшаб қоронғида адашиб юрамиз ва қисқагина вақтга умримизда ўз сояларимизни зулмат ичида кўриб турамиз.

*  *  *

Фақат пасткаш одамларгина бировлар бахтсизлигига бефарқ бўладилар.

*  *  *

Доноликка ташна одамга шу нарса аёнки, инсон билимидан ҳеч қачон ирганиб бўлмайди. Дабдабанинг жир босган ва хомсемиз қулларигина, ҳеч нарса яратмай, нуқул ўз ҳирсларини қондирувчи нодонларгина ирганчлидир.

*  *  *

Рашкдек ҳеч нарса муҳаббатни ўт олдиролмайди, муҳаббат ёрқин аланга бериб ёна бошлайди.

*  *  *

Дарвоқе, ёруғ дунёда рақибларнинг ваҳшиёна куч синашувларидан даҳшатли нарса бўлмаса керак.

*  *  *

Яхшилик бўлмаса тинчлик бўлармиди? У камалакка ўхшайди, ўзи ерга тираниб турадию, учи осмони фалакларда кўринмай кетади. Фалаклар уни мунаввар қилиб туради, у булутлар орасида макон тутади, мангу сўнмас қуёшни акс эттиради, хотиржамлик бағишлайди.

*  *  *

Прокуратор Пилат иккиланганда, оломон: "Исони чормихга торт!" деб қичқирган эди.

*  *  *

Ғам босганда одам ўзгаларнинг бахтсизлигига ачинади.

*  *  *

Ҳатто қасосда ҳам аёл зотининг ақли бизникидан нечоғлик топқирроқ бўлади!

*  *  *

Бордию, тақдир бизга бошқаларга қараганда кўпроқ қаттиққўллик қилди деб ҳисоблайдиган бўлсак, бутун дунёни ўзимизга душман деб билишдан тоймаймиз, унга ўчакишамиз, ўзимиздаги эзгулик туйғусини тийиб қўямиз, адолатсизликдан осонгина лов этиб ёнадиган бадбин эҳтиросларимизга эрк берамиз.

*  *  *

Жўшқинлик барча олий ишлар учун зарурийдир.

*  *  *

Меъёр - буюк ишларнинг онаси.

*  *  *

Ҳар кун эрталаб ҳаёт ортидан ўлим эргашиб чиқади.

*  *  *

Италиянинг ойдин кечалари нақадар гўзал! Бу ерда куннинг тунга айланиши жуда осон, оқшомни эса пайқамай қоласан. Бирпасгина осмонни чўғдай шафақ ялаб ўтади, денгиз узра қизғиш мавжлар сирпанади, соя ва нурлар олишуви бошланади, қарабсизки, ой чиқади ва ер узра тун ҳукмронлик қилади.

*  *  *

Кучли дард ҳисларни ўтмаслаштиради.

*  *  *

"Мени каззоб ё ўғри деб атаганида ҳам бир нави эди, келиб-келиб қўшмачи эмишман! Туф! Бунақа ҳақорат ҳар қандай одамнинг кўнглини беҳузур қилиб юборади. Каззоб ўз кўнглини хуш қилгани ёлғон гапиради, ўғри тирикчиликни деб ўғрилик қилади. Ўзингни деб қиладиган бўлмағур ишларингда ҳам ҳатто қандайдир фахрли ва доно нарса бўлади: юракнинг кенглиги, талпинишни ҳис этасан. Қўшмачилик унақа эмас - у бамисоли бировларга обиёвғон пишириш учун оловга қўйиладиган тувак, меҳмонлар ва ҳатто пасткаш ошпаз бола қўлларини артадиган дастрўмол. Ундан кўра мени падаркуш дегин эди!"

*  *  *

Ҳаёт ширин эмас, балки ўлим қўрқинчли.

*  *  *

Очкўзлик туфайли пайдо бўлган жасоратдан жирканчроқ нарсанинг ўзи йўқ. Дунё тагидан зил кетганида ўғрилик ва шаккоклик тантана қилади! Табиий офат инсондаги иллатларни нақадар даҳшатли тусга солмайди!

*  *  *

 Чақмоқ йиртқич ва одамни ёритди, аммо биронтаси ҳам бошқасига ғанимлик қилмаётганди. Аксинча, бамисоли дўстлигини ҳис қилгандек, арслон тобора гладиатор томонга ўрмалаб келмоқда ва гладиатор бундан қўрқмаётган эди. Даҳшатли офат барча майда қўрқувларни ютиб юборган ва одатдаги муносабатлар бузилган эди.

*  *  *

Умумхалқ даҳшати манзарасидаги энг қўрқинчли нарса - бу ундан келиб чиққан мудҳиш манманлик, худбинлик эди.

НАСРИДДИН тайёрлади.

 

Report typo