Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
1 декабрь, пайшанба. 2022 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

21.07.2022


БИЛИМ ДОИРАСИ ТОР, АММО ҚЎЛИДА ҲОКИМИЯТ БОР КИМСА ДОИМО ЁҚИМСИЗ

Сараланган сатрлар

Инсон тақдирдан қочиб қутулолмайди. Эртаклардаги шаҳзоданинг ишқи қурбақага тушгани воқеаси ҳам асли тақдирга ишора. Машҳур олмон адиби Стефан Цвейгнинг "Қалб бесабрлиги" романи воқеалари эса сал фарқли: оёғи фалажланган Эдит исмли зодагон қиз тўрт мучаси соғ, ёш лейтенант Гофмиллерга кўнгил қўйиб, қалбида яшашга, соғайишга умид уйғонади. Бироқ йигитнинг сусткашлиги, беқарорлиги, атрофдагиларнинг фикрини ўйлаб иш тутиши гулдай умр хазон бўлишига сабаб бўлади.

Бир қарашда бу воқеаларнинг айтарли, оламшумул жиҳати йўқдек. Ўлди, урди, сўйди, ёнди, куйди, қабилидаги хабарлар кундалик янгилик ўлароқ "туҳфа" этилиб, этлар ўлиб,   қалблар қотган даврда ўтган асрда яшаган бир ҳарбий фалаж қизнинг қалб    туғёнларига эътиборсиз бўлгани кўнгилни у қадар жизиллатмас. Аммо Цвейгнинг маҳорати шундаки, оддий воқеани катта санъат асарига айлантиради. Гофмиллер характери, Эдитнинг беғуборлиги, ўз ишининг устаси бўлган ва шу йўлда ўзини аямайдиган шифокор Кондор, бир вақтлар қилган гуноҳлари божини тўлаётган Какешфалва кечинмалари кўксидаги бир парча гўшт тошга айланмаган ҳар қандай кишини бефарқ қолдирмайди...

*  *  *

Ўзгаларга керак эканлигини идрок этгандагина инсон ҳаётнинг маъно ва мақсадини англайди.

*  *  *

Туйғуларнинг сирли кимёсида бемор кишига нисбатан ҳамдардлик ҳисси меҳрибонлик билан қоришиб кетади.

*  *  *

Инсон табиатини дастлабки англаш ўз ортидан янгидан-янги кашфиётларни судраб келади ва кимдир ҳеч бўлмаса бирон бир инсон қайғусига чин юракдан ҳамдардлик билдириш иқтидорига эгалик қилган бўлса, ундан мўъжизакор сабоқ олиб - бир қараганда ғалати ва тентакликдек кўринишга эга - ҳар қандай бахтсизликни тушунишга ўрганади.

*  *  *

Узоқ вақт дард тортиш нафақат бемор, балки яқинларининг ҳам тинкасини қуритади; энг самимий ҳамдардлик ҳам бир умр давом эта олмайди.

*  *  *

Нима ҳам қила олардик, ёшлик ўзи шунақа: илк бор англанаётган нарса уни буткул - то ўзлигини унутишга қадар маҳв этади ва эрмаклар завқи-шавқи остидан чегарадан чиқиб кетади.

*  *  *

Бахтиёр одамлар соатга қарармиди...

*  *  *

Кўникиш одамни боғлоқлиқ қилиб қўяди.

*  *  *

Майиб-мажруҳлар, бедаволар, тақдир томонидан ранжитилганлар жилла қурса уйқуларида ўз дардлари ҳақида эслашмайди, сеҳрли уйқу уларни гўзаллик ва етуклик сароби билан овутади, дардманд одам тушлар оламида вужудини янчаётган қарғишдан халос бўла олади!

*  *  *

Ғазаб нафақат қаҳрингни келтиради, балки кузатувчанлигингни ҳам ўткирлаштиради.

*  *  *

Беморнинг ғайратли, ҳатто чидаб бўлмас қайсарлигини фақат олқишлашимиз мумкин, зеро, баъзи пайтлари, бир қарашда ақлсиздек кўринувчи мана шу қаршилиги ҳатто энг самарали доридан кўра - ажабланарли даражада - бизга кўп ёрдам беради.

*  *  *

Бой бўлиб кўринишдан кўра бой бўлишнинг ўзи афзал.

*  *  *

Ким таваккал қилишдан чўчимаса, аксарият ҳолларда тақдирнинг ўзи унга кўмакка келади.

*  *  *

Бир одам бошқасига нисбатан адолатсизлик қилса, ҳеч тушунтириб бўлмас туйғулар аро гўё жабрдийда қайси бир маънода унга ёмонлик ёки адолатсизлик қилганини исботлашга, ёки бўлмасам, ўзини шунга ишонтиришга ҳаракат қилади; дилозор кимса жабрдийдага қиттаккина бўлса-да, айб юклай олса, гўё виждонини поклаб олади.

*  *  *

Тентакликнинг қудрати ҳақида сўз кетганда, одатда, унинг қай даражада бемаънилигига қараб ҳукм чиқарадилар.

*  *  *

Баъзан ҳаёт сизни аҳмоқона ҳолатга тушириб қўйса уялиб ўтирмаслик керак; биласизми, бир жиҳатдан, агар сенда ҳамма нарсани ипидан игнасигача билиб олувчи ўткир нигоҳ бўлмаса, одамлар ва нарсаларга ишонч кўзи билан қарай олишинг тузук.

*  *  *

Ницше ниҳоятда мудҳиш иборани ишлатган: "Бедаво нарсани даволашга уринманг". Бу - ўша инсон ҳал қилишни ўзимизга ҳавола қилиб кетган хавфли парадокслари ичида энг каззоби бўлса не ажаб.

*  *  *

Ҳамма нарса, ҳатто имконсиз нарсанинг ҳам имкони бор, зеро, бугун фан қаршисида берк эшикларнинг биронтаси эртага қиягина бўлса-да очилиб қолиши мумкин.

*  *  *

Сархуш этувчи барча нарсалар каби бахтиёрликни чуқур ҳис этиш ҳам идрокингни мудроқ қилиб ташлайди ва биз бугунги ҳаётимиздан лаззатланиб, ўтган воқеаларни унутамиз.

*  *  *

Тақдирнинг бадавлат одамларга ҳам зарба беришга журъат этгани оддий инсонларни доимо ҳайратга солган.

*  *  *

Сўзларни ўзгача талқин қилиш беморлар ва уларнинг яқинларида ақли жойида одамларникидан бошқача эканлигини қайдан ҳам билардингиз: ҳар битта "эҳтимол" улар учун шу заҳотиёқ "албатта"га айланади, шунинг учун, уларни жуда кам миқдорда, томчилабгина умидлантириб боришга тўғри келади, акс ҳолда умидворлик мияларига уриб, ақлдан озадилар.

*  *  *

Ҳақиқат доимо аччиқ дори бўлиб келган; кишини ақлдан оздирувчи хато ўй-хаёлни таг-томири билан қўпориб олмаса бўлмайди, бошқача йўли йўқ.

*  *  *

Ҳарбий хизматни мана қандай тасаввур қилар экансиз. Кафе, билярд, сайру томошалар. Олам бўйлаб саёҳатга чиққинг келдими, фуқароча костюмингни киясану, иккала бармоғингни чаккангга тираб туриб, дейсан: "Алвидо, жаноби полковник, аскар-аскар ўйнаш негадир жонимга тегди! Яхши қолинг, кайфиятим яхши бўлса қайтарман!"

*  *  *

Инсон тушиб қолган умидсизлик ўпқони қанча чуқур бўлса, бахтга талпинувчи қалб ҳайқириғи шунчалик қаҳрли бўлади.

*  *  *

Табиий туйғумиз уйғоқ хаёлимизга кўра доимо ақллироқ бўлиб келган.

*  *  *

Энг абгор, энг бахтиқаро кимсанинг ҳам ғурури бор.

*  *  *

Замонавий ҳаётда кимки ҳаммасини бошидан бошламоқчи бўлса, энг қуйидан жой олмоғи лозим ва ҳаттоки ертўладан, у ерда эса гуллар ифори эмас, балки бошқа ҳидлар ҳукмрон.

*  *  *

Нимага қўл урмайлик, аввало манманлик бизни бошқариб туради, иродаси заиф инсонлар эса қилаётган иши четдан қараганда жўмардлик ва дадиллик бўлиб кўриниши қаршисида таслим бўлади.

*  *  *

Сўқир кўзлар ўзингга тикилиб туриши, лекин кўрмаслигини ҳис қилиш - даҳшат.

*  *  *

Фақат нодон одам аёл устидан қозонилган "ғалаба"сидан мағрурланади, фақат тентак улар билан мақтанади.

*  *  *

Одамларнинг тор дунёқарашига сиғмас нарсалар аксарият ҳолларда аввал қизиқиш, сўнг ғазаб уйғотади.

*  *  *

Айнан шифокор бўлгани учун ҳам шифокорнинг виждони унчалик пок бўлавермайди. Беморга қанчалик оз кўмак бераётганимизни ўзимиз тушунамиз. Ахир, ҳар куни рўй берувчи дардларнинг ҳаммасини қандай қилиб бир ўзинг қамраб оласан! Бугун даволанди деб ўйлаётган одаминг бошқа дард билан эртаси куни яна ҳузурингга келади. Ўта бепарво бўлганинг, ўта суст ҳаракат қилганинг ҳақидаги туйғу сени ҳеч қачон тарк этмайди, қўшимчасига, хатолар, назардан қочиришлар... Бизнинг касбда бу нарсалардан қутулишнинг ҳеч имкони йўқ. Бу ҳолатда эса жилла қурса, биргина инсонни қутқариб қолганинг, битта ишончни оқлаганинг, битта ишни керагидек адо этганинг борасида таскин бор.

*  *  *

Қилмоқчи бўлган ишлари кайфиятига шу қадар боғлиқ инсонларга ҳеч қанақа жиддий масъулиятни юклаб бўлмайди.

*  *  *

Тақдир кимнидир қачондир шафқатсизларча яралаган бўлса, у доимо мана шунақа нозик бўлиб қолади.

*  *  *

Ўлчам билмас, кўзга кўринмас нарсаларгина кишини чўчитади ва аксинча, барча аниқ нарсалар, чегараси бор барча нарса бизни чидамли бўлишга ундайди, қудратимиз ўлчовига айланади.

*  *  *

Ҳаттоки ёлғон ҳар қандай ҳақиқатдан муҳимроқ - агарда инсонларга бахт келтирса.

*  *  *

Билим доираси тор, аммо қўлида ҳокимият бор кимса доимо ёқимсиз, айниқса, армияда.

*  *  *

Болалигидан аскарлик руҳида тарбияланган шахс бўйсунишга мойил - у буйруққа қарши бора олмайди. Ҳар қандай буйруқ унинг иродасини букувчи аллақандай, ҳеч бир тушунарсиз ҳокимиятга эга. Эгнида мундири бор инсон ҳар қандай буйруқни - унинг аҳмоқона эканлигини ҳар қанча англамасин - сеҳр остида тургандек ижро этади - ҳеч бир қаршиликларсиз ва деярли ўйламай.

***

Ҳамонки виждонинг ёдда тутар экан, ҳеч қандай гуноҳ унутилишга маҳкум эмас.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo