Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маънавият
  • БАХТ БИЛАН БАХТСИЗЛИКНИНГ ФАРҚИГА БОРМАГАНИНГДАН КЕЙИН ТЎЙИБ ҚОВУН ЕДИНГ НИМАЮ ҚУЛОҒИНГНИНГ ТАГИГА ШАПАЛОҚ ЕДИНГ НИМА?!

НАСРИДДИН

02.04.2021


БАХТ БИЛАН БАХТСИЗЛИКНИНГ ФАРҚИГА БОРМАГАНИНГДАН КЕЙИН ТЎЙИБ ҚОВУН ЕДИНГ НИМАЮ ҚУЛОҒИНГНИНГ ТАГИГА ШАПАЛОҚ ЕДИНГ НИМА?!

Сараланган сатрлар

"Катталарнинг ҳаммаси ҳам аввал-бошда ёш бола бўлганлар, фақат буни уларнинг озгинасигина билади, холос", деб ёзган эди Антуан де-Сент Экзюпери дунёга машҳур "Кичкина шаҳзода" асарида. Дарҳақиқат, қалбида болалиги яшаётган инсонлар беғубор, диёнатли, саховатли бўладилар. Дунёга болаларча ҳайрат билан боқадилар ва кўплаб кашфиётлару оламшумул тадқиқотлар болақалблар томонидан яратилиши ҳам сир эмас. Билсангиз, немис файласуфи Фридрих Ницше "Зардушт таваллоси" китобида инсон шаклланув жараёнида шер, туя босқичидан ўтгач, болага эврилиши  ва айни ҳолатда аъло одам даражасига кўтарилишини асослаб берганди.

Эшитган чиқарсиз, ҳар йили 2 апрель санаси Халқаро болалар китоби куни сифатида дунё бўйлаб кенг нишонланади. Чунки бу кунда машҳур ҳикоянавис адиб Ханс Кристиан Андерсен туғилган. Адиб таваллуд кунини байрам қилиш 1967 йилда Ёшлар китоблари халқаро кенгаши (IBBY) ташаббуси ва қарори билан жорий этилган.

Ўзбек адабиётида болалар китоблари ҳақида сўз бораркан, шак-шубҳасиз кўз ўнгимизда Худойберди Тўхтабоев асарлари гавдаланади. Ёзувчининг "Сариқ девни миниб", "Ширин қовунлар мамлакати", "Беш болали йигитча" каби китобларини берилиб мутолаа қилмаган, Ҳошимжон Рўзиевни танимайдиган, хаёлида ўз сеҳрли қалпоқчасини яратиб, у билан дунё кезмаган ўзбек боласини топиш қийин.

Қуйида "Ширин қовунлар мамлакати" асаридан лавҳалар жамладик. Ўйлаймизки, жонажон асар воқеалари барчамизни беғубор болалик дамларини қайта ёдга олишга ундайди...

* * *

Ўқиган бўлсангиз, эсингиздадир, ўша китобда "Акром бўри ушлабди" деган боб ҳам бор. Бўрининг боласини ушлаб олганим тўғри, уни аравачага қўшиб цирк томошаси кўрсатмоқчи бўлганим ҳам рост. Лекин Ҳошимнинг, шу бўри боласига маҳлиё бўлиб Акром яхши ўқий олмай, олтинчи синфдан қолиб кетди, дегани ғирт ёлғон. Тўғри, мен ўша йили олтинчи синфда қолиб кетганман, лекин ёмон ўқиганим учун эмас, йўқ, зинҳор бундай деб ўйламанг. Ўша йили, сизга очиғини айтсам, бутун мактабимиз бўйича тўрт ва беш баҳолар запаси камайиб шунақа баҳолар солинадиган халтачалар бўшаб қолган экан. Шунинг учун муаллимлар менга нуқул ё уч, ё икки қўяверишган. Ўқитувчилар: "Акромжон, сен ўзи ажойиб боласан-у, лекин барибир сенга икки қўйишга тўғри келади-да", деб бир неча бор узр сўрашган.

* * *

Мен илгари пора деган сўзни эшитар эдиму, қанақа бўлишини, қай шароитда, қанақа топширилишини билмас эдим. Пора узатаётган кишининг кўзлари билинар-билинмас ёшовраб тураркан, хўрлиги келиб, билинар-билинмас уф тортаркан. Олаётган одам, ҳай-ҳай, кўзлари қувончдан чақнаб, юзлари гулгун яшнаб кетаркан...

* * *

Ревизор амаки кузга бориб яна келди. Неча кун текширгани аниқ эсимда йўқ. Лекин кетаётган куни дадамнинг пул ахтариб, уйма-уй юргани ҳали-ҳали эсимда. Кейин... Кейин дадажоним қамалиб кетди. Тағинам судья амаки инсофли экан. Тоғамдан уч минг сўм олиб, қамоқ муддатини анчага камайтириб берди. Яна ҳам камайтирса бўлардию, лекин пулларинг жуда оз экан, дебди.

* * *

Э, ана буни қаранг! Домла хато ёзиб қўйибдилар-ку! "Панага юриш" дейиш ўрнига "Фанга юриш" деб ёзибдилар-а. Фанга юрса, уни оёқости қилса, увол бўлади-ку, наҳотки шуни ҳам тушунмаган бўлсалар. Демак, катта муаллимлар ҳам хато қилар экан-да. Ҳа, майли. "Ойбек ўзининг "Панага юриш" деган шеърида, - деб ёза бошладим, - панага юришнинг фойдаси ҳақида гапирган. Масалан, даладан макка ўғирлаб келаётганингизда бригадир кўриб қолмаслиги учун атайлаб панадан юрасиз. Ёки бўлмаса аскарлар разведкага кетаётганида душман сезиб қолмасин учун қамишзорлар оралаб паналаб боришади. Демак, Ойбек панага юришнинг фойдаси ҳақида ёзган".

* * *

"Назаримда юрган йўлим фақат тўсиқлардан иборат, одамларда раҳм-шафқат тугаб кетгандек, ҳаммаси ўзим бўлсам деётгандек, ишим ҳеч ўнгидан келмай қолган эди ўшанда. Тўғри йўлда ҳам қоқиладиган бўлиб қолувдим... Ўшанда донишманд бобомнинг, агар омад сенга кулиб боқмаса ишни қайтадан бошла, иккинчи бор ҳам омадинг келмаса, унда бахтли бўлишнинг биттаю битта йўли қолади, яъни ҳаммасини қайтадан бошлайсан, деб айтган ҳикмати ёдимга тушдию, ҳаёт учун жанг қилишга қайтадан енг шимардим. То шу кунгача енгим шимарилган. Ҳаёт учун ҳар куни, ҳар соатда жанг қиламан. Аслида, бўтам, насиҳат тариқасида шуни сенга айтиб қўяй, бу дунё жангчилар дунёси, унинг шавқи-завқи, лаззати учун курашмаган инсон бу дунёда яшамагани ҳам маъқул. Лекин шуни ҳам таъкидлаб қўяман, бўлар-бўлмасга жанг қилмаслик керак, олий ниятлар учун, юксак мақсадлар учун курашган инсон ўзи ҳам олий, ҳаёти ҳам мазмундор бўлади..."

* * *

...мақсад қанча юксак бўлса, парвоз ҳам шунча юксак бўлади. Мақсад паст бўлса, одамнинг ўзи ҳам кун сайин пасайиб бораверади.

* * *

"Сен, Акромий, ростгўй бола экансан. Тушунмаганингни очиқ айтяпсан. Мана шу фазилатинг менга маъқул    келяпти. Умр бўйи ростгўй одамларни ахтараман. Ростгўйлик қалбнинг поклиги, шахснинг камолоти белгиси. Ростгўй одамлар билан яшаш - қувончли бўлади, ҳузур қиласан".

* * *

Қизиқ, қушлар овозига диққат билан қулоқ солсангиз, бора-бора ўзлигингизни унутиб, уларнинг дунёсига кетиб қолар экансиз. Худди хаёлдек енгил қанот боғлаб, учаётгандек, ўшаларга қўшилиб чақчақлашаётгандек ҳис қиларкансиз ўзингизни.

* * *

Инсон умрини узайтириш йўллари кўп экан. Одам умрига завол бўладиган, яъни ажалдан беш кун олдин ўлдириб юборадиган сабаблар ундан кам эмас экан. Лекин ўша йўллару ўша сабабларнинг ҳаммасини бир йўла ўрганиш қийин, ҳатто мумкин эмас экан.

* * *

Фақат жисмоний меҳнатгина умрга умр қўшади, кишида маънавий қониқиш ҳиссини уйғотади. Маънавий қониқиш киши қонини суюлтириб, кайфиятини созлайди. Яхши кайфият умрнинг узайиши демакдир.

* * *

Бу ерда Ун Вон деган юзлари нуроний, ўзи ҳам ёқимтойгина бир киши бош-қош экан. Менга унинг қизиқ бир гап айтмоқчидай лабларини қимтиб, кулимсираб туриши ёқиб қолди. Лекин бир одатини эшитиб, сал ғалатироқ бўлиб кетдим. Ҳамма унвонларини қопчага солиб, ишга келганда ҳам, кетаётганида ҳам елкасида кўтариб юраркан. Мажлисда сўз беришса унвонларини санаб бўлгунча мажлис тугаб, одамлар тарқаб кетаркан. Лекин шундай бўлса ҳам камтаргина экан, мен билан қўл бериб сўрашди!

* * *

Бепарволик одам боласида бошланаётган лавашанглик касалининг аломатидир.

* * *

Ўзини англаган одам, ўзига ўзи  ҳукмрон ҳам бўла олади. Ўзига ҳукмрон бўлган одам, фойда билан зарарни   фарқлай олгани учун ёмонликдан тийилиб, яхшиликка ривож беради.  Руҳиятида олижаноб хислатлар ҳукмрон бўла бошлайди. Кўнгли ҳам равшан, умри ҳам узун бўлади.

* * *

Ҳақиқатан ҳам жуда қизиқ одам у. Чўнтаги тўла пулу, ресторанга бориб лаззатли таомлар ейиш ўрнига одамнинг ғашини келтириб, кун бўйи ичгани қатиқ. Нима бало, онаси сигиру ўзи ҳам бир маҳаллар бузоқча бўлганми, деб ўйлайман гоҳо. Уч хонали харобгина уйда туради. Маъмурият одамгарчилик қилиб пишиқ ғиштдан тикланган тўрт хонали уй берса, қаранг, шуни ҳам фаррош кампирга бериб юборибди. Яна тағин кўнгли бўшлигини айтмайсизми, битта-яримтаси шикоят билан келиб, арз-дод айта туриб йиғлаб юборса, ўзиям қўшилиб йиғлайверади. Хуллас, сеҳрли одам. Унга ҳеч тушунолмайман. Энди тушундим деганимда, ҳали айтганимдай, менга таниш бўлмаган бошқа дунёси очилиб қолади.

* * *

Қизиқ, кўз ёши нима ўзи, нимадан пайдо бўлади у? Нега аёллар кўп йиғлайдию, эркаклар кам йиғлайди? Ойижоним йиғлаганда дадам елкасини силкитиб кулганини бир неча бор кузатганман. Ўшанда мен ҳам йиғлаворай-йиғлаворай деб турардим. Лекин барибир йиғламасдим... Шу кунларда эса тўйиб-тўйиб йиғлаяпман. Тавба, ҳали айтганимдай, йиғлаган сарим дилим равшанлашиб боради денг. Ёки кўз ёши билан кишининг дилидаги ғаму ташвишлар ҳам ташқарига оқиб чиқиб кетармикан? Кўз ёши диллардаги ғубормикан, ғаммикан...

* * *

Ҳар бир кишининг ўзгалардан беркитадиган ҳеч бўлмаса битта сири бўлиши керак.

* * *

Бошга ташвиш тушганда етти ёт бегоналар ҳам ака-укалардек иноқлашиб, бора-бора бир-бирига суянадиган, кўрмаса туролмайдиган бўлиб қоларкан.

* * *

Болалигимда бахт ҳам, бахтсизлик ҳам қўшалоқ бўлади, деган гапни кўп эшитардиму, ўша пайтда болалик қилиб мазмунига яхши тушунмас эканман. Бордию тушунганимда ҳам нима қилардим, тўғри эмасми? Бахт билан бахтсизликнинг фарқига бормаганингдан кейин тўйиб қовун единг нимаю қулоғингнинг тагига шапалоқ единг нима, унисиниям, бунисиниям бир тўйиб ухласанг, унутасан-қўясан.

* * *

Одам боласи жуда ғалати бўлар экан. Ўзи ҳақидаги гапни ўзи йўқ пайтида қандай айтилишини билгиси келаверар экан.

* * *

Дунёда заҳарнинг тури кўп, бўтам. Илондан, чаёндан, қора қуртдан олинадиган заҳарлар бўлади. Лекин булардан ўткирроғи иғвогарнинг иғвосида, туҳматчининг туҳматида бўлади.

* * *

Таом ейиш билан умр узаядиган бўлса, мечкайлар энг узоқ умр кўрган бўларди.

* * *

Соғлом одам ҳар қандай касалликни тез енга олади. Жисми соғлом кишининг дили ҳам равшан бўлади, руҳи пок ва соғлом кишининг хулқи ҳам пок бўлади.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo