Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Иқтисодиёт
  • Қашқадарёликлар биринчи чоракда хорижга қарийб 100 минг тонна мева ва сабзавотлар сотишган

04.05.2023


Қашқадарёликлар биринчи чоракда хорижга қарийб 100 минг тонна мева ва сабзавотлар сотишган

Жорий йилнинг биринчи чорагида вилоятимиздан умумий қиймати 8 миллион 441,4 минг АҚШ долларини ташкил этадиган 98,6 минг тонна мева ва сабзавотлар экспорт қилинди.

Вилоят статистика бошқармаси эълон қилган дастлабки маълумотларга кўра, шу йил январь-март ойларида бу турдаги маҳсулотлар экспорти ҳажми ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 8,5 минг тоннага ёки 9,4 фоизга, қиймати эса сал кам 1,4 миллионга ёки 19,5 фоизга кўпайди.

Қашқадарёдан экспорт қилинган мева-сабзавотлардан энг кўп валюта тушумини таъминлаган турларини кўриб чиқадиган бўлсак, бу рўйхатда, албатта,  дуккакли сабзавотлар (3,4 миллион доллар, ўсиш суръати 2,1 марта) ва мевалар (2 миллион 33 минг доллар, ўсиш суръати +16,1 фоиз) алоҳида ажралиб туради. Учинчи ўриндаги қуритилган узум (976,7 минг доллар, пасайиш 31,8 фоиз) бўйича олдинги йилнинг худди шу даврига нисбатан кескин камайиш қайд этилган. Помидорлар (553,4 минг доллар, ўсиш суръати +4,5 фоиз), бошқа сабзавотлар (397 минг доллар, ўсиш суръати 3,7 марта), ҳар хил пиёзлар (225,4 минг доллар, ўсиш суръати 2,2 марта) ва қуритилган цитрус мевалар (202,6 минг доллар, ўсиш суръати 3,3 марта) экспорти борасида эса ижобий ўзгаришлар кузатилган.

Биринчи чорак якунларига кўра, воҳамизда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий экспорт бозорлари Покистон (31,8 фоиз), Россия Федерацияси (27,8 фоиз) , Қозоғистон (18,6 фоиз) ва Афғонистон (10,9 фоиз) ҳиссасига тўғри келган.

Report typo