Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
1 декабрь, пайшанба. 2022 йил                         Махсус версия RU

Темур НИЗОМОВ

10.02.2022


ҚАШҚАДАРЁГА 2022 ЙИЛДА ҚАНДАЙ ИЖОДИЙ ЖАМОАЛАР ГАСТРОЛГА КЕЛАДИ?

Маданият ва санъат

2022 йилда республика миқёсида ўтказиладиган оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларининг йиллик календарь режасига мувофиқ, апрель ойида вилоятимизга Ўзбекистон миллий симфоник оркестри, сентябрда эса "Ўзбек давлат цирки" давлат муассасаси ижодий жамоаларининг гастроль сафарлари ташкил этилади.

Шунингдек, мамлакат Президентининг жорий йил 2 февралдаги қарори билан тасдиқланган йиллик календарь режаси бўйича сентябрь ойида Қашқадарёда Маданият вазирлиги томонидан "Маданият карвони" шаклида концерт-томоша тадбирлари ҳам ўтказилади. Август-октябрь ойларида воҳамизга Ўзбекистон давлат филармонияси таркибидаги бадиий жамоалар - "Сўғдиёна" Ўзбек давлат халқ чолғулари камер оркестри, Давлат академик халқ чолғулари оркестри ҳамда "Навбаҳор" ашула ва рақс ансамбли вакилларининг ташрифи кутилаяпти.

Режага кўра, шу йилнинг баҳор-ёз ва куз ойларида вилоятимизга Маданият вазирлиги тизимидаги давлат театрлари жамоаларининг гастроль сафарлари ҳам уюштирилади. Жумладан, Қашқадарёда апрель ойида Ўзбекистон давлат драма ва Хоразм вилояти қўғирчоқ театрлари, майда - Ўзбекистон давлат сатира ва   Хоразм вилояти қўғирчоқ театрлари, июнда - Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар ва Наманган вилояти мусиқали драма театрлари, сентябрда - Сирдарё вилояти мусиқали драма ва Марғилон шаҳар мусиқали мақом театрлари, октябрда - Ўзбек миллий   академик драма ва Қорақалпоғистон давлат қўғирчоқ театрлари ўз спектаклларини намойиш этишади.

Қашқадарё вилояти мусиқали драма театрининг  ижодий жамоаси ўз навбатида июнда Бухоро ва Навоий, октябрда эса Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларига гастролларга боради. Вилоятимиз қўғирчоқ театри ижодкорлари майда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти, сентябрда - Жиззах ва Самарқанд вилоятларидаги ёш томошабинларни  ҳурсанд қилишади.

Бундан ташқари, вилоятимиздаги маданият муассасалари томонидан йил давомида ўзаролик тамойили асосида бошқа ҳудудларга гастроль сафарлари уюштирилиб, Қашқадарё маданияти кунлари ўтказилади. Тегишли режа-жадвалга асосан бундай гастроллар ва воҳамиз маданияти кунлари шу йилнинг апрель ойида Навоийда, майда - Қорақалпоғистон     Республикаси ва Хоразм вилоятида, июнда - Жиззах ва Сирдарёда, сентябрда - Тошкент вилоятида бўлиб ўтади.

Айни пайтда Қашқадарёда апрелда Андижон, майда Бухоро, Навоий, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри, августда Фарғона вилояти, сентябрда Қорақалпоғистон Республикаси маданияти кунлари ва ижодий (бадиий)  жамоаларининг  гастроллари ташкил этилади.

Шунингдек, мамлакат Президентининг жорий йил 2 февралдаги қарорига мувофиқ, юртимизнинг барча ҳудудларида театр, цирк ва бошқа турдаги оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларини тизимли равишда йўлга қўйиб, аҳоли, айниқса, олис ҳудудларда истиқомат қиладиган фуқароларга маданий дам олиш хизматлари кўрсатиш даражасини ошириш билан боғлиқ яна кўплаб чора-тадбирлар белгиланган. Масалан, воҳамиздаги давлат театрларини автобус ва юк махсус транспорт воситалари, туман ва шаҳар маданият бўлимларини эса "Дамас" русумли автомобиллар билан таъминлаш учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 2022-2024 йилларда 2,7 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилган.

Шунинг баробарида маданият ва санъат соҳасида истеъдодли ёш ижодкорларни излаб топиш ва қўллаб-қувватлаш ҳамда таълим муассасаларини миллий чолғулар, мусиқа дарсликлари, ноталар тўпламлари ва ўқув методик адабиётлар билан таъминлашнинг яхлит тизимини яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Мисол учун, яқин уч йил ичида воҳамиздаги умумтаълим ҳамда болалар мусиқа ва санъат мактаблари, маданият марказларига 3,9 мингдан ортиқ миллий чолғу асбоблари етказиб бериш белгиланган.

Темур НИЗОМОВ

Report typo