Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маданият
  • Қашқадарё театри Туркиядаги халқаро фестивалдан иккита соврин билан қайтмоқда

Ўз мухбиримиз

10.10.2022


Қашқадарё театри Туркиядаги халқаро фестивалдан иккита соврин билан қайтмоқда

Қашқадарё вилояти мусиқали драма театри жамоаси Туркиянинг Истамбул шаҳрида бўлиб ўтган IV-Малтепа ҳалқаро театрлар фестивалида муваффақиятли иштирок этиб, “Энг яхши жамоа” ва “Энг яхши спектакль либоси” номинацияларида тақдирланди.

Театр ахборот хизматининг хабарига кўра, шу йил 6-9 октябрь кунлари Истамбулнинг Малтепа тумани Яшар Камал номидаги маданият марказида ташкил этилган фестивалда Евросиё халқаро театр ассоциациясига аъзо бўлган театрлар, хусусан, Испания, Озарбайжон, Португалия, Сербия, Туркия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа мамлакатлардан келган ижодий жамоалар қатнашди.

Қашқадарёлик санъаткорлар ҳайат аъзолари ва томошабинлар эътиборига Жан-Батист Мольернинг асари асосида туркиялик режиссёр Кубилай Эрдиликара томонидан саҳналаштирилган “Ҳасис” спектаклини ҳавола этишди. Атиги икки ой олдин, шу йил июль ойида ички кўриги ўтказилиб, театрнинг репертуари учун тавсия этилган бу  комедия фестивалда жуда илиқ кутиб олинди ва бир йўла иккита совринга лойиқ кўрилди.

Воҳамиз театри ижодкорларининг фестивалдаги иштироки халқаро алоқаларни кенгайтириш нуқтаи назардан ҳам муваффақиятли кечди. Қашқадарё вилояти мусиқали драма театри томонидан Евросиё халқаро театр ассоциацияси доирасида олиб борилган ишлари, туркиялик ва грузиялик режиссёрлар билан биргаликда саҳналаштирган спектакллари юқори бахоланиб, келгусида Португалия, Кипр, Испания театрлари билан ҳам ҳамкорлик қилиш ҳақида келишиб олинди.

Ўз мухбиримиз

 

Report typo