Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 июль, сешанба. 2021 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

18.06.2021


ҚАРШИ ТУМАНИ ҲОКИМЛИГИ МАСЪУЛЛАРИ ҚИШЛОҚ АҲЛИНИ АЛДАГАНМИДИ?

Мавзуга қайтиб

  "Qashqadaryo" газетасининг 2020 йил 24 июль сонида "Қабристон ичида қолиб кетган қишлоқ. Ёхуд Қарши туманининг Тинчлик маҳалласидаги ғавғо қачон тугайди?" номли мақола чоп этилган эди.

 Гап шундаки, 2005-2006 йиллардан бошлаб Қарши тумани Тинчлик маҳалласи Пармитон қишлоғининг ўзлаштирилмаган ерларидан янги оилаларга якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари ажратила бошланган. Ўша пайтда бу иш маҳалла раиси, жамоа хўжалиги архитектори ва туман ҳокимлигидаги айрим масъуллар иштирокида ҳал қилинган, аммо уй-жой эгаларининг кўпчилиги тегишли ҳужжатларни  олишмаган. Ҳатто 2008 йилнинг 1 январидан якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари кимошди савдоси орқали сотила бошлаганидан сўнг ҳам  бу ерда эски тартиб давом этаверган.

 Кейинчалик ҳужжатлари тўлиқ шакллантирилмаган бу уй-жойлар ноқонуний  эгалланган ер участкалари сифатида эътироф этилиб, уларга Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги 461-сонли қарори асосида кадастр ва бошқа тегишли ҳужжатлар тайёрлаб берилган.  

 Керакли ҳужжатлар тайёрланиб, уй-жой қуришга киришилгач, шу нарса маълум бўлдики, масъуллар ҳатто йўл учун ажратилган майдонни ҳам аҳолига уй-жой қуриш учун бериб юборган экан. Бу 2019 йилнинг ёзида аҳоли ўтиб-қайтиб юрган йўл устига Шомурод Муқимов исмли киши уй қуриб олгач маълум бўлди. Аммо қишлоқдошлари қанчалик норози бўлмасин, Шомурод Муқимовнинг ҳам барча ҳужжатлари жойида эди.

 - Шундан сўнг йигирмадан ошиқ оила "қуршов"да қолиб кетдик, - дейди шу ерда яшовчи Ғолиб Қиличев. - Бир томонимиз - янги қурилган уй-жойлар, иккинчиси - пахта даласи, яна бир томонимизда эса қишлоқ қабристони жойлашган. Бизнинг ўтиб-қайтишимиз учун йўл йўқ эди. Кўчамизга автомобиль кириб кела олмайди, пиёда эса қишлоқ қабристонининг кичик эшиги орқали ишга, ўқишга қатнаймиз. Ахир уйимизга машина кела олмаса, бу нима деган гап. Ҳатто  фавқулодда вазиятларда ўт ўчириш ёки тез ёрдам машиналари етиб кела олмайди. Биз ҳам не-не ниятларда шу ҳудуддан ер олиб, уй-жой қурган эдик. Ўша пайтда Шомурод Муқимов уй қурган ерни йўл деб кўрсатишганди. Бундайлигини билганимизда асло кўчиб келмаган бўлардик.

 Хуллас, қийин ҳолатда қолган Пармитон кўчаси аҳли муаммога чора излаб турли ташкилотларга мурожаат қила бошлади. Лекин уларнинг ҳеч биридан нажот бўлмади.

 Биз ўша вақтда мақолани тайёрлаш жараёнида ҳолатни кўрдик. Аҳолининг дардини эшитдик. Туман ҳокимлиги, ҳокимлик тизимидаги масъул бўлимлар мутахассислари билан учрашиб, муаммога уларнинг муносабати билан қизиқдик. Ажабланганимиз, айрим масъуллар ҳудудда бундай муаммолар кўплиги ва уларнинг ҳаммасини ҳал этиш қийинлигини рўкач қилишган бўлса, айримлари ҳолатни бориб ўрганиб, муаммонинг кўламини  англагани ҳолда, уни ҳал қилишга ҳаракат ҳам қилмаган эди.

 Пармитондаги муаммонинг жиддийлиги ва у айнан масъул раҳбарлар айби билан юзага келганлиги, ўз вақтида ҳал этилмаса, аҳоли орасида ўзаро низога, жанжалга сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақидаги гапларимиздан сўнг  Қарши тумани ҳокимлигининг ўша вақтдаги бош мутахассиси Исмоил Мадатов ҳамда туман архитектори Жасур Ғаниев биз билан бирга Пармитонга бориб, ҳолатни ўрганди.

 Кун давомида фуқароларнинг  арзлари тингланди, ноқонуний қурилди, деб айтилаётган уй-жойларнинг эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлари текширилиб, ер майдонларининг ҳужжатга мувофиқлиги кўриб чиқилди.

 Якунда эса масалага ечим бўла оладиган иккита хулосага келинди. Улардан бири қабристоннинг дарвозаси ноқонуний қурилгани билан боғлиқ. Кадастр ҳужжатларига кўра, дарвоза анча ичкарида бўлиши керак. Шунда йўл ҳам очилади, аҳолининг ўтиб-қайтиши учун ҳам муаммо туғилмайди. Аммо буни фақат суд орқали амалга ошириш мумкин.

 Шунда ишга киришиб кетган туман ҳокимлиги бош мутахассиси Исмоил Мадатов шу ернинг ўзида далолатнома тузди. Ҳужжат фуқаролар, ҳокимлик вакиллари, маҳалла фуқаролар йиғини раиси, унинг ўринбосари ва бошқа иштирокчилар томонидан имзоланди ҳам. 

 Ҳокимлик масъули ушбу далолатномага туман ҳокими аризасини ҳам қўшиб, судга топшириши ва суд қарорига асосан қабристон дарвозаси бироз ичкарига сурилиб, аҳолига йўл очиб берилишини ваъда қилган эди.

 Ўша вақтдаги яна бир ечим эса туман архитектори Жасур Ғаниев томонидан таклиф этилди. Ҳолатни ўрганган мутахассис кўчанинг нариги бошида Ш.Умидов исм-шарифли фуқаронинг 10 сотихдан ошиқ ер майдонидан эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларисиз фойдаланиб келаётганини аниқлади. Тушунтириш ишларидан сўнг у ернинг бир қисмини йўл учун беришга рози бўлди.

 Жасур Ғаниев аҳолига бу ердан ҳам йўл очиб берилишини ваъда қилар экан, аниқ-тиниқ қилиб шундай деганди.

 - Сизлар уч-тўрт кун ичида йўлни очиш учун махсус техника топиб, сўнг менга хабар беринглар. Мен ўзим келаман, бошқа масъулларни ҳам чақирамиз. Комиссия тузилади, комиссия кузатуви остида йўлни очасизлар.

 Ўша пайтда кўчанинг бир эмас, икки томонидан йўл очилишини эшитган қишлоқ аҳлининг юз-кўзларида акс этган қувонч тўйғусини сўз билан ифода этиб бериш қийин. Улар муаммоси ечилишига тўлиқ ишонган ҳолда, масъулларга қайта-қайта миннатдорчилик билдиришган эди.

 Биз ҳам аҳолининг муаммоси ҳал этилишига ишониб, мақолада ана шу жараёнларни ёритиб берганмиз. Афсуски...

 - Шундан сўнг туман архитектори айтганидек, уч-тўрт кун ичида йўлни очиш учун махсус техника ёлладик, қўни-қўшнилар ҳам ҳашарга чиқишди, - дейди аҳоли вакиллари. - Аммо айтилганига қарамай, ҳокимият вакиллари келмади. Маҳалла раиси ҳам уларни олиб келиш учун анча югурди, фойдаси бўлмади. Шундан сўнг маҳалла фаоллари иштирокида ўзимиз йўл очишга киришдик. Лекин ўша куни ҳокимлик вакили олдида йўл учун ер бераман деган одам, бутунлай ўзгариб қолди. Жанжаллашиб, ишимизга тўсқинлик қила бошлади. Хуллас, йўл очолмадик. Тез орада ўша фуқаро бу ердан уй-жой қуриб олди. Қабристоннинг  дарвозасини ичкарига силжитиш бўйича берилган ваъда ҳам амалга ошмади. Афтидан, ўша куни ҳокимлик бош мутахассиси, бошқа масъуллар сиз - журналистлар олдида одамларни тинчитиш учун шундай ваъда беришган, ҳаммани алдашган экан. Шундан буён қорасини кўрсатишгани йўқ.

 Одамларнинг айтишича, ўтган бир йил давомида улар масъул ташкилотларга қанчадан-қанча мурожаат қилишмасин, муаммо ҳал этилишига умид бағишлайдиган бирор жавоб бўлгани йўқ.

 Айтганча, туман ҳокимлигига қайта-қайта қилган мурожаатлари, йўлни ёпиб олган ва қамровда қолиб кетган фуқаролар ўртасида келиб чиққан жанжалли низолардан сўнг ҳокимиятдан кимдир келиб, қабристон дарвозасининг темир панжарасини олиб ташлаб кетибди. Энди пармитонликлар яшаётган кўчага ҳам автомобиллар кириб-чиқаяпти. Аммо бу вақтинчалик ҳолат ва муаммога ечим бўлолмайди.

 Зеро, биринчидан, мамлакатимизда қабристонларни алоҳида ўраб олиш, ободонлаштириш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилаётган бир пайтда, унинг дарвозаси панжарасини қўпариб, аҳолига шу ердан йўл очиб беришнинг ўзи нотўғри ҳолат.

 Иккинчидан, қабристон ичидан ўтган бу йўлдан аёллар, ёш болалар ўтиб қайтади. Тунда, мотам маросимлари ўтказилаётган вақтларда ўтишига тўғри келиши бор. Бу уларнинг руҳиятига қандай таъсир этиши мумкинлигини масъуллар наҳотки ўйлашмаётган бўлса?

 Учинчидан, наҳотки Пармитондаги масала шунчалик ҳал этиб бўлмайдиган муаммоки, масъуллар гоҳ у, гоҳ бу баҳона билан аҳолини, жамоатчиликни алдаб қутулишга ҳаракат қилишаяпти?!

 Ахир ўтган йили ҳокимлик мутахассислари муаммони ҳал этиш бўйича иккита аниқ таклиф айтишган эди. Демак, истаса,   озгина ҳаракат қилса, ечим бор. Ўйлаймизки, Қарши тумани ҳокимлиги масъуллари ҳам буни англаб, қишлоқ аҳлини бир неча йилдан буён қийнаб келаётган муаммони ҳал қилишади. Ахир улар шу лавозимларга айнан халқ дардига дармон бўлиш учун      тайинланган-ку!

 Ж.БОЙМУРОДОВ

 Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Report typo