Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Замира РЎЗИЕВА.

01.03.2017


ҲАММА УЧУН СЕВИМЛИ МАРКАЗ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 июндаги “2013-2018 йилларда замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ушбу бино таъмирландию, юқорида баён қилинган манзара буткул ўзгарди. Энди бу ерни Кожор маданият ва аҳоли дам олиш маркази, деб аташади.

- Марказни реконструкция қилиш учун маҳаллий бюджет маблағи ҳисобидан 500 миллион сўмга яқин маблағ сарфланди, - дейди объектда бунёдкорлик ишларини олиб борган “Омад-Ш” МЧЖ раиси Шарофат Ботирова. – Кираверишдаги йўлакларга брусчаткалар ётқизилди, устунларга миллийлик билан уйғунлашган нақшлар солинди, 300 ўринга мўлжалланган зал замонавий кўриниш касб этди. Бир сўз билан айтганда, бинонинг аввалги кўриниши билан ҳозирги ҳолатини умуман қиёслаб бўлмайди.

Ҳозирда марказда рубоб, рассомчилик, фольклор, бадиий гимнастика, анъанавий хонандалик, каратэ каби ўнга яқин тўгараклар фаолият олиб бормоқда. Уларда жами юзга яқин қишлоқ ёшлари ўқишдан ташқари бўш вақтларини мазмунли ўтказишаётир. 

- Яқинда ўқувчи-ёшлар билан ташкил қилган илк концерт дастуримиз ота-оналарда катта таассурот қолдирди, - дейди марказ директори Зайифа Қурбонова. – Фаолияти йўлга қўйилган тўгараклар ўз самарасини бераётганидан аҳоли хурсанд. Тўғри, ҳозирча иштирокчилар унчалик маҳоратли эмас, муҳими, уларнинг бўш вақти бесамар кетмаяпти. Қолаверса, санъатга, спортга ўзгача меҳр билан ўсган боладан эртага ижобий натижаларни кутса бўлади.

Шу кунга қадар Кожор маданият ва аҳоли дам олиш марказида Абдулла Қаҳҳор номидаги республика сатира театри, Ўзбекистон миллий академик драма театри ва вилоятимиз театр жамоалари меҳмон бўлишди. Улар томонидан намойиш этилган бир-биридан қизиқ саҳна асарлари эса қишлоқ аҳлини мамнун этди,  айниқса, ёшларнинг руҳиятига ижобий таъсир кўрсатди.

- Чекка бир қишлоқда барпо этилган мазкур марказ шаҳардагидан сираям қолишмайди, - дейди Абдулла Қаҳҳор номидаги республика сатира театри актёри Илҳом Юсупов. - Ижро қилган саҳна асаримиз ҳам аҳолида катта қизиқиш уйғотди. Улар  спектакль  давомида биз билан бирга кулди, бирга дард чекди.

Бугун вилоятимиз қишлоқларида Кожордаги каби 74 та замонавий маданият ва аҳоли дам олиш маскани фаолияти йўлга қўйилган. Жорий йилда эса улар сони яна 14 тага ортиши кутилаяпти.

Ана шу тарзда қишлоқ жойларида аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариши, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида қилинаётган эзгу ишлар кўлами йилдан-йилга кенгайиб, кутилган самарасини бераётир.

Замира РЎЗИЕВА.

Report typo