Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
8 февраль, чоршанба. 2023 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

21.09.2021


ҲАЁТ - БАМИСОЛИ БЕКИНМАЧОҚ, КУТИЛМАГАНДА ПАНД БЕРАДИ

Сараланган сатрлар

"Кетган омадни қайтариш учун ғайрат керак, шижоат керак, оддий умргузаронликка хос талай неъмат ва ҳаловатлардан мардона воз кечмоқ керак бўлади. Бунинг учун эса озгина рағбат, озгина шиддат даркор. Завқ, илҳом даркор. Илҳомбахш кимса эса йўқ. Уни топмоқ учун яна озгина омад зарур. Омадсизга ит ҳам қарамайди".

Ушбу жумлалар ёзувчи Эркин Аъзамнинг "Пакананинг ошиқ кўнгли" қиссасига мансуб. Эркин Аъзамнинг услуби шундайки, оддий воқеа-ҳодисалардан ҳам катта фалсафий хулосалар чиқаради ва буни гўзал тарзда ифодалайди. Сўз юритилаётган асар қаҳрамони - пакана киши. Қўлидан келадиган тайинли ҳунари - рассомчилик. Бўйи пастлиги боисми, балки ўзини шунга ишонтирганми, ишда, турмушда омади чопмаган. Бўйини ўстириш бобида қилмаган илму амали-да қолмаган - қоплаб сабзини паққос туширган, турникдан тушмаган вақтлари кўп бўлган, баланд пошнали поябзал кийган - начора, Худо бермагандан кейин қийин экан...

Бундай ўйлаб қаралса, бу ҳаётда ҳаммамиз ҳам ўша пакана каби омадсизлар эмасмизми? Жамиятда тутган ўрнимиздан қониқмай яшаймиз, турмуш, тутумларимиз ҳам ўзимиз истагандек, орзу қилгандек мукаммал эмас, йиқиламиз - қад ростлаб ўзга мақсадлар сари бел боғлаймиз, бу борада омадимиз келмаса, бошқа ишнинг бошидан тутамиз. Хуллас, йиқилиб-енгилиб юраверамиз. Маълум маънода асарда таърифи келтирилган Паканадан айтарли фарқимиз йўқ...

Қуйида қизиғу ғаройиб асардан эътиборга молик жиҳатларни ҳавола этяпмиз. Ушбу парчаларнинг ўзиёқ Сизни бетакрор асар тўла мутолаасига бошлайди.

* * *

Бари бефойда! У пак-пакана эди. Ўзини салобатли тутишию салмоқ билан одим отиши бир пул: гўё ёш бола катталарга тақлид қилгандек кулгили, бачкана чиқарди. Товушини не мақомга солмасин, натижа ўша-ўша - баайни чала пуфланган сурнай.

Лекин - кўнгли!.. Э, бу бир бошқа дунё экан. Кўнгил - подшо. Кўнгил - хазина. Кўнгил - бало. Эгам уни одамнинг сирт-сиёғи, бўй-басти ёки мол-мулкига қараб тақсимламайди.

Пакана эса ўзига, ташқи қиёфасию туриш-турмушига ўшал мўъжиза дунёдан туриб қарардики, ҳолига маймунлар йиғлаши шундан. Ачинмай илож йўқ. Кўнгилни кўргазмага қўйиб бўлмаса! Қўйганда ҳам кўрган харидор аввал эгасига назар солади: бўй-басти қандай, афт-ангори?

Аксига - нотавон бу кўнгил гўзалликка беҳад ошуфта, ўта севувчан, меҳру муҳаббатга ташнаи зор эди. Кўнгил дафтарининг ана шу қисми ўзи бир достон. Уни варақламаслик, уни менсимаслик - шундоқ ҳам кам-кемтик Паканани баттар камситиш, ерга уриш билан баробар; бу тарихсиз унинг ҳаёти ғариб, ўзи эса қиёмат Пакана эмас, оддий бир бўйи паст-пачоқ кимса бўлиб қоладики, унақалар оламда сон-мингта, ҳар бирини таърифламоққа бу танбал қаламга сўз қани, сиёҳ қани!

* * *

Доим шундай бўлган. Зикрхона бу ёқда-ю, ҳалимхона у ёқда. Сув келтирган хор-зору, кўза синдирган - азиз. "Айшни нодон суриб, кулфатни доно тортадур".

* * *

Дунё - новчаларники экан. Дунё - кўркамларники экан. Қолгани бир пул. Ақл-фаросат деган матоҳлар ҳув кейинги ўринларда туради. Кўркамлик, хушқадлик - қарийб бахтдек гап, омад деганларига тайёр пиллапоя, оёқ қўйсангиз - кифоя. Жисмоний жиҳатдан бирон бир нуқсонли одам, билингки, кўпинча бахил бўлади. Бахилнинг эса боғи кўкармас. Ана шундай сарсон бир ҳалқа бу.

* * *

Алҳосил, пайғамбаримиз бундоқ демишлар: "Одамнинг новчаси аҳмоқ келади, Умардан бошқа; паканаси фитнакор келади, Алидан бошқа".

* * *

Бўйи пастлиги туфайли унда-бунда панд еявергач, Пакана умуман паканалик, унинг сабаблари тўғрисида кўп бошқотирадиган бўлиб қолди. Ўрта бўйдан пасти - то жимит одамларгача пакана ҳисобланади. Ҳамма бунақаларга ярим одам, чала одамми-ей дегандек беписанд муносабатда бўлади: "Кичкина бўлишига қарамай…", "Бўйи бир қаричу…", "Муштаккина кўрингани билан…" ва ҳоказо. Қисқаси, одам ҳисобида йўқдек. Хўш, нима бўпти? Пакана ҳам - одам. Фақат қўл-оёғи ихчамроқ-да, холос. Сизда бор юрак унда ҳам бор (агар каттароқ бўлмаса), сизда бор мия унда ҳам бор (агар зўрроқ, ўткирроқ бўлмаса)! Нима, шу аъзолари ҳам кичкина бўлиши керакми энди? Тавба!   Дунёга донғи кетган не-не улуғлар, не-не алломалар паст бўйли бўлган. Ана - Наполеонни олайлик, Неронни олайлик, Пушкин, Ганди, Ленин, Сталин… эҳ-ҳэ, бу ёғи мана шу ўзимизнинг Обиджонга қадар! Сизларда-чи, фақат Улуғ Пётру Гулливер! Баттар бўлларинг! Бор қувватни бўйга сарфлаб... Худо бўй бериб ақл бермаган галварслар!

Аммо ўртада бошқа нозиклиги ҳам бор. Ўша улуғлар пакана бўлганликлари учунгина шундай даражага етишганми? Ёки улуғ бўлганликлари туфайлигина биз уларнинг қадди-бастига қизиққанмизми? Хуллас, хийла чигал жумбоқ.

* * *

Ул эмас, бул эмас, Пакананинг етти пуштидан кимдир пачоқроқ ўтгани аниқ. Гоҳо у ўша авлодидан норози бўлиб сўкиб қолади. Демак, ўзининг ҳам етти пуштидан кимдир қақшамоғи муқаррар, уни сўкмоғи-да муқаррар. Пакана баъзан ана шу бўлажак насли - неварасими, чевараси олдида ўзини беҳад айбдор сезади. Ахир, эҳтимол, наслнинг бирон бир ўйин-замзамаси билан бу ҳол, бу қусур айнан ундан бошланаётгандир…

* * *

Бу дунёда чорасиз дард йўқ, ўлимдан бошқасига тадбир топса бўлади, дейдилар.

* * *

Қизи бор одамнинг кўнгли юмшоқ бўларкан...

* * *

...нотавон кўнгилга қўтир - жомашов. Таъбингизга мос-монанди бу оламда йўқ. Бор чиройли аёлларнинг бошида чиройли эрлари ҳам бўлади. Чиройли, кўркам бўлмаганда ҳам новча, қадди расо бўлади улар. Новча бўлмаганлари эса шундай бир хислат ёки қудратга эгаки, уларнинг қошида ҳар қанақа дарози ҳам қуллуқда туради. Айни шунисига қараб чиройли аёллар уларни танлаган. Агар улар ишончни оқламаса, оқлайдигани топилади. Ҳар қадамда. Бозор бу!

* * *

Катта-катта фан уламоларининг тандиркабоб чайнаб, олий меҳмоннинг оғзига тикилиб ўтириши эриш туюларди. Начора, ҳаёт ҳақиқати шу.

* * *

Кўзгу эса худди масхара қилгандек бешафқат ҳукмини ўқиб турарди: ҳаёт - ана шундай бамисоли бир бекинмачоқ, биродар, кутилмаганда панд беради. Ёшлик даврони ўтди энди, қаридинг… Қаридим? Қачон? Мен ҳали нимани кўрибман, ахир?

* * *

Йигит кишининг омадини берсин денг. Омади ёр одам қиёфасидаги унча-мунча қусурга парво қилмайди. Буни табиатнинг иши деб, ортиқ бош қотирмайди. Негаки, бунга вақт сарфласа, шу билан машғул бўлса, омад кетиб қолади. Уни тутиш эса осон эмас. Омад юришмаса, бир қучоқ соч ҳам, теракдек қомат ҳам бир пул, қуруқ сумбат, холос. Бўйни худо беради, соч - бошдаги омонат мўй, эртами-кечми, ҳаммадаям тўкилиши мумкин. Буни дебгина қайғурмоқ - умрнинг заволи.

* * *

Инсон - бетакрор мўъжиза, уни айнан қайта яратиш Исонинг ҳам, Мусонинг ҳам қўлидан келмас.

* * *

Бировнинг ҳаёти бошқа биров тубини кўролмайдиган қудуқда.

* * *

Тун бўлишига қарамай, осмон ёруғ, зангори, паға булутлар сузиб юрибди. Куз бўлишига қарамай, атрофда баҳор нафаси - гул, чечаклар. Қаердадир жилдираб сув оқади, қаердалиги номаълум. Кузда шундай жилдирайди. Баҳорда шундай жилдирайди. Майсалар майин елпиндида аста шивирлашади, сирлашади, ҳасратлашади. Одамларга ўхшаб. Баҳорда шундай, баҳорда. Кузда эса куйиб-куйиб йиғлашади - хазон, хас-хашак… Айрилиқдан, ҳижрондан. Одамларга ўхшаб. Шоирлар шундай дейди, қайдам. Биз айтамизки, кўнгил кўнгилга мос тушса, айниқса, ҳамдард чиқиб қолса, бас, гулу хазон - барибир, изғирину шабада - барибир, кузу баҳор - барибир.

* * *

Битган нарсаларни хуш кўрмайман. Битди дегани - тугади, тамом бўлди, дегани-да, шунақамасми? Чаласи яхши, доим шуни ўйлаб юрасиз. Иннайкейин, бу дунёда мукаммал нима бор ўзи?

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo