Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Темур НИЗОМОВ

15.12.2022


АГРАР СОҲАДА - БАРДАВОМ РИВОЖЛАНИШ

Қишлоқ хўжалиги истиқболлари

Маълумки, ўтган якшанба куни юртимизда Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни кенг нишонланиб, мазкур соҳада, Президент таъбири билан айтганда, ҳақиқий матонат ва жасорат, омилкорлик фазилатларини намоён этиб келаётган фидойи инсонлар шаънига юксак таҳсин ва тасаннолар айтилди. Уларнинг бозор ва дўконларимиздаги тўкинлик ва арзончилик, шаҳар ва қишлоқларимиз, хонадонларимиз ободлигида ҳиссаси беқиёс эканлиги таъкидланиб, деҳқон ва фермерлар, агрокластерлар раҳбарлари ва ходимларига, тармоқда меҳнат қилаётган барча ватандошларимизга бутун халқимиз номидан чуқур миннатдорлик билдирилди.

Вилоятимизда ҳам Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган кўплаб байрам тадбирлари ўтказилиб, соҳа илғорлари ва фидойилари муборакбод этилди, жорий йилнинг дастлабки натижалари сарҳисоб қилинди, тармоқ истиқболлари тўғрисида сўз юритилди. Хусусан, вилоят ҳокими Муротжон Азимов ўз байрам табригида Қашқадарё аграр секторининг келгуси йилги режалари ҳақида гапирар экан, бир қатор устувор масалаларга тўхталиб ўтди. Қуйида уларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Учта туманда 15 миллион долларлик агрологистика марказлари ташкил этилади

Вилоят раҳбарининг таъкидлашича, яқинда жаҳоннинг нуфузли таҳлил маркази томонидан 2023 йилда дунё миқёсида кутилаётган таҳдидлар ҳисоботи эълон қилиниб, унга кўра, жорий йилги ноқулай об-ҳаво шароити ҳамда энг кўп миқдорда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчи давлатларда кечаётган можаролар натижасида глобал озиқ-овқат танқислиги янада кучайиши мумкин.

Вилоятимиз аҳолиси йилига ўртача 80 минг нафарга ёки 2,2 фоизга ўсиб бораётган бир пайтда юқоридаги омиллар воҳамизда ҳам озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабнинг ошишига олиб келади. Шундан келиб чиқиб, келгуси йилда вилоятда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш жабҳаларида умумий қиймати 376 миллиард сўмга тенг 110 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилмоқда.

10 минг гектар ер майдонида интенсив боғлар ва 9 минг гектар узумзорлар ташкил этилади. Шаҳрисабз туманида 3 минг гектар, Нишонда 1000 гектар,  Косонда 300 гектар ер майдонларида картошка етиштириш йўлга қўйилади. Кўкдалада паррандачилик бўйича 112 миллиард сўмлик йирик лойиҳа амалга оширилади.

Қарши, Яккабоғ Кўкдала туманларида умумий қиймати 15 миллион доллардан иборат агрологистика марказлари, 150 та маҳаллаларда кичик хажмли музлаткичли омборхоналар барпо этилади.

Гўштни қайта ишлаш 2 бараварга, мева ва сутни қайта ишлаш 1,8 бараварга оширилади.

Сув ресурсларидан фойдаланиш концепцияси яратилади

Вилоятда сув ресурсларидан фойдаланишнинг 2030 йилгача мўлжалланган концепцияси ишлаб чиқилади, бунинг учун Халқаро сув ресурсларини бошқариш институти консультантлари жалб қилинади.

- Сувдан оқилона фойдаланиш бўйича бугунги кун ёндашувларини ўзгартирмай, тизимга инновацион тежамкор технологияларни жорий қилмасдан, келгусида соҳада улкан натижаларга эриша олмаслик кундан-кунга равшан бўлиб қолмоқда, - деди ҳоким. - Айниқса, Қашқадарё шароитида ҳар бир томчи сувни тиллога тенг билган ҳолда иқтисод қилиб, иш юритиш талаб этилади.

Шу боис тизимдаги илғор хорижий технологияларни ўрганиш ва вилоятда жорий этиш мақсадида маҳаллий мутахассислар Исроил ва Туркия давлатларига тажриба алмашишга юборилади. 38 минг гектар ер майдонида сувни тежовчи технологиялар жорий этилади, жумладан, 22 минг гектарда томчилатиб, 2 минг гектарда ёмғирлатиб, 2 минг гектарда дискретли суғориш ишлари, 12 минг гектар майдонда эса лазерли текислаш тадбирлари ташкил этилади. Сув таъминоти паст бўлган майдонлар улуши 14 минг гектаргача туширилади.

"Ҳосилдор замин" лойиҳаси қандай самара беради?

Воҳамизда "Ҳосилдор замин" лойиҳаси доирасида "Замин" фонди ва Жаҳон банки грант маблағлари ҳисобидан ҳаётга татбиқ этилаётган  ишлар якунига етказилади.

Натижада Қарши туманида ноёб, йўқолиб кетаётган мева ва узум навларини тиклаш, экологик жиҳатдан соф кўчатхонани яратиш ҳамда ёшларни ўқитишга ихтисослашган инновацион мажмуани ташкил этиш мўлжалланмоқда.

Умуман олганда, 2023 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасига илғор инновация ва технологияларни жорий этиш устувор вазифамиз бўлиб қолади, шунингдек, вилоят иқлими, табиий шароитига мос равишда пахта, ғалла уруғчилиги, мева-савзавот, кўчат етиштириш бўйича маҳаллий ва хорижий илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликда селекция ишларининг мутлақо янгича тизими жорий этилади.

Экспортбоп маҳсулотлар етиштириш кўпайтирилади

2022 йилда вилоятимизда илк бор 600 гектар ерда такрорий экин сифатида брокколи карамини етиштириш йўлга қўйилган бўлса, келгуси йилда ушбу экин тури етиштирилаётган ер майдонлари камида 2 бараварга кенгайтирилади.

Вилоятда нафақат брокколи, балки  бошқа экспортбоп экин турлари ва уларни етиштириш ҳажмини тобора кўпайтириш режа қилинган экан, шу орқали аҳоли даромадларини ошириш ҳам кўзланмоқда.

Қир-адирларда - инновацион боғлар

Вилоятимиздаги лалми қир-адир ерларида Қурғоқчил минтақаларда қишлоқ хўжалиги бўйича тадқиқот ўтказиш Халқаро маркази (ИКАРДА) экспертларини жалб этган ҳолда инновацион усулда боғлар барпо этилади.

Табиий қор ва ёмғирлардан хосил бўладиган сувларни бир жойга жамғариш ва шу орқали ўсимлик дунёсини ривожланиши учун шароит яратиш мақсадида лалми қир-адирликларда селхона ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилади.

"Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида гидрогель билан манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатларини экилиши амалиётга тадбиқ этилади.

АҚШ халқаро ривожланиш агентлиги (USAID) грант маблағлари ҳисобидан шўрланган ерлар унумдорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

Умуман олганда, қишлоқ хўжалигида янги лойиҳаларни амалга ошириш ва қўшимча иш ўринларини яратиш бўйича халқаро молия    институтлари маблағларини ўзлаштириш ишлари кучайтирилади.

Яна бир эътиборли томони, вилоят ҳокими жорий йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиб, сув  ресурсларининг ҳар йилдагидан 20-25 фоизга танқислиги, табиатнинг инжиқликларига қарамасдан, вилоятда 1 миллион тоннадан ортиқ  ғалла (статистик маълумотларга кўра эса вилоятда жорий йилда 760,2 минг тонна бошоқли дон ишлаб чиқарилган), 437 минг тонна пахта, 403 минг тонна сабзавот, 159 минг тонна полиз маҳсулотлари, 149 минг тонна картошка, 144 минг тонна мева, 78 минг тонна узум, 2296 тонна пилла, 229 минг тонна гўшт, 898 минг тонна сут, 406 миллион дона тухум тайёрлашга эришилгани ҳақида маълум қилди.

Темур НИЗОМОВ тайёрлади.

Report typo