Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
13 ноябрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

10.03.2021


Африкада ОИВга иммунитети бор одамлар кўп экан

Конгода организми аллақандай тарзда иммун танқислигини келтириб чиқарувчи хавфли вирусларга қарши тура оладиган кўплаб инсонлар яшайди. Олимлар улар қандай қилиб бу даражага эришганини аниқлашга уринаяпти. Бинобарин, ана шу нарса ОИВ инфекциясига қарши дори воситалари ва вакцина ишлаб чиқаришнинг ечим нуқтаси бўлиши мумкин.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бугун дунёда ОИВ инфекцияси юқтирган 38 миллион одам яшайди. Мавжуд замонавий препаратлар уларга    хавфли вирусни назоратда ушлаб туриш имконини беради, холос. Яъни бемор буюрилган дори воситаларини вақтида қабул қилиб турса, касалликни ривожлантирувчи омиллар кўпаймайди ва организмга зарар етказмайди. Бироқ, улар учун ҳаётий заруратга айланган препаратларни ичиш тўхтатилса, вирус тезда қўзғалиб, ўзининг қора ишини қилади.

Аммо Ер юзида иммунитети ҳеч қандай дори воситалари ёрдамисиз вирусни назорат остида тутиб тура оладиган инсонлар яшайди. Улар қонида касаллик қўзғатувчиси бор, шу билан бирга, уларга қарши антитаначалар ҳам шакллангани боис вирус оқибат келтириб чиқармайди. Бундай бахтли инсонлар "ОИВ назоратчилари" деб аталади. Улар инфекция юқтирган барча беморлар сонининг атиги 0,1-2 фоизини ташкил қилади. Ана шу инсонларнинг "суперқобилият"и сири эса ҳамон очилган эмас.

Яқинда олимлар Конго демократик республикасида ОИВ назоратчилари дунё бўйича кузатиладиган ўртача кўрсаткичдан сезиларли даражада кўп эканлигини пайқаб қолишди. Бу мамлакат ОИВнинг фанда маълум бўлган қадимги штаммларидан бири ватани саналади ва унда антитаначаларга эга касалланганлар инфекция юқтирганлар умумий сонига нисбатан 2,7-4,3 фоизни ташкил этиши маълум бўлди. 

Олимлар 10 минг 500 нафар касалланганлар иштирокида ўтказган тадқиқот натижаларига таяниб, шундай ҳисоб-китоб қилишган.

"Конгода ОИВ назоратчиларининг катта гуруҳи аниқланиши, бу одатда вақт ўтган сари хуруж қиладиган бир умрлик сурункали касаллик эканини ҳисобга олсак, кўп нарсани англатади, - дея таъкидлайди тадқиқот ҳаммуаллифи, Жонс Хопкинс университети вакили Томас Куинн. - Бунгача олиб борилган изланишларда зарарланган одамлар организмида инфекция ривожланмаслиги ҳолати кам учрар эди. Бироқ, Конгода аниқланган ғайриодатий кўрсаткич мамлакат аҳолиси физиологиясида қандайдир қизиқарли даража келиб чиққанидан далолат беради ва бу шунчаки тасодиф эмас".

Табиий қараш керакки, айнан Конгода одамлар энг узоқ вақт давомида ОИВ вируси билан ёнма-ён яшаб келаяпти ва инфекция тарқалишига ҳаммадан кўра кўпроқ кўниккан. Бироқ, касалликка мослашувчанлик ортиши, яъни уларда вирусга қарши кураша олиш қобилияти шаклланиши сабаби ҳозирча номаълум. Энди олимлар олдида ана шунга аниқлик киритиш вазифаси турибди, бу ОИВ устидан мутлақ ғалаба қозонишга йўл очиши мумкин.

Report typo