Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Х.ҚИЛИЧЕВА

13.01.2018


ҚАБУЛ КВОТАЛАРИ ЯНА ОШАДИ...МИ?

Бу ҳақида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасида сўз юритилган. Унга кўра, фуқароларнинг олий таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаол аъзолари, олий таълим муассасаларига имтиёзли қабул қилиш учун тавсиянома олган абитуриентлар ҳамда ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаган ва тегишли сертификатга эга йигитларни олий таълим муассасасига алоҳида квоталар бўйича қабул қилиш назарда тутилмоқда. Бу тизимни йўлга қўйиш учун давлат бюджети ва тўлов-шартнома маблағлари ҳисобидан 91 миллиард сўм сарфланади.

Бундан ташқари, дастурда Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида Россия Федерациясининг Миллий тадқиқот технологик университети, пойтахтимизда эса АҚШнинг Вебстер университети филиалларини ташкил этиш, шунингдек, Тошкент шаҳри ва ҳудудларда ривожланган мамлакатларнинг йирик ва энг нуфузли илмий таълим муассасалари филиалларини ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳам назарда тутилган. Давлат бюджети ва тўлов-шартнома маблағлари ҳисобидан 3 миллиард сўм ажратилиши мўлжалланаётган мазкур лойиҳага кўра, йил давомида ривожланган давлатларнинг йирик ва энг нуфузли илмий-таълим муассасалари филиалларини ташкил этиш бўйича чуқур ўрганишлар ўтказилиб, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан асосланган таклифлар ишлаб чиқилади ва Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

Олий таълимда юз бериши кутилаётган ўзгаришлар фақат бугина эмас. Эндиликда истеъдодли йигит-қизларнинг хорижий университетларда зарур мутахассисликлар бўйича таълим олиши ва кадрлар малакасини ошириш ишлари янада кенгайтирилади. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 30 миллиард сўм маблағ йўналтирилади ва чора-тадбирлар режаси тасдиқланади. Унга кўра, кадрлар малакасини ошириш мақсадида энг нуфузли хорижий таълим муассасаларини ўрганиб, улар билан узоқ ва ўрта муддатли тегишли битимлар тузиш, хорижга ўқишга юбориладиган иқтидорли ва истиқболли мутахассисларни танлаб олиш тартиби, мутахассисларнинг хорижда таълим олиши ва малакасини оширишини тизимли равишда йўлга қўйиш, уларни давлат бюджети ва ҳомийлар маблағлари ҳисобидан чет элга юбориш чора-тадбирлари ишлаб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган ва муҳокама шу йилнинг 15 январига қадар давом этади.

Х.ҚИЛИЧЕВА

 

Report typo