Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Лола ЎРОҚОВА

26.05.2022


"730 КУН"

Шу китобни ўқиган инсон урушнинг башарасини кўргандай, унга рўбарў келгандай ўзи ҳам ичида юргандай бўлади

 

Китоб жавонингизга

Китоб туманидаги   маданият марказида китоблик захирадаги зобит, Афғонистон уруши иштирокчиси, 35-умумтаълим мактаби чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси Илёс Азизовнинг "Kitobdornashr" нашриётида чоп этилган "730 кун" номли китобининг тақдимот маросими ўтказилди.

Яшириб нима қилдим, Илёс хонамга кириб келиб, китоби чиққанини айтганида ажабланмадим. Негаки, ҳозир китоб ёзувчи ҳам, китоб чиқарувчи ҳам кўп. Аммо асарнинг номи диққатимни тортди: "730 кун"! Нега бундай номлабди, деган қизиқиш билан варақлашга тушдим.   Кейин бир бошидан  ўқий бошладим ва қўлимдан қўйгим келмади...

Китобни ўқиган киши урушнинг башарасини кўргандай, унга рўбарў келгандай, ўзи ҳам воқеалар ичида юргандай бўлади. Асар қаҳрамони билан бирга яшайди. Бу жаҳаннамдан қандай чиқиб оларкин, дея ваҳимага ҳам берилади. Чунки қўйилган ҳар бир қадам энг сўнгги қадам бўлиши, айтилган ҳар бир сўз энг сўнгги сўз бўлиши, ажал шундоққина ёнида турган бўлиши мумкин.

Китобда нафақат урушнинг қиёфаси, жанг тафсилотлари, снарядлар отилиб, миналар, бомбалар портлаши, турли қурол-яроғлар тавсифи, ўлим ҳолатлари, балки табиат, теварак-атроф манзаралари ҳам моҳирона  тасвирланган эди.

Мен аввалига  уни кимдир яхшилаб таҳрир қилиб берган деб ўйладим. Чунки Илёсни илгари бирор нима ёзганини эшитмаганман, кейин билсам ҳаммаси ўзининг ижоди экан. У кўрган, билган, бошидан кечирган воқеаларни хотирлаб, маҳорат билан чиройли асар битганди.

Ўйладимки, инсон иқтидорининг имкониятлари кенг. Уни кишининг ўзи ҳам бирда пайқайди, бирда пайқамай ўтиб кетиши мумкин. Нимадир туртки бўлиб, "ухлаб ётган" шу иқтидор отилиб кетади. Назаримда Илёсда ҳам шундай бўлгандек. У шунчаки дўстлари тавсияси билан 2016 йилда афғон уруши хотираларини ёзишга киришган. Кейин ташлаб қўйган. Ахир бу ҳақда ёзишнинг ўзи бўладими? Бу яна воқеаларни қайта бошдан кечириш, жонлантириш, урушга кириш, ҳали она сути оғзидан кетмай йигит ёшида жон таслим қилган қуролдошларини эслаш, улар билан бирга ўлиш, урушнинг ўзидан соат милларидай секинлик билан узоқлашаётган руҳий азобларини қайта тиклаш дегани эди аслида...

Қанчалик оғир бўлмасин Илёс яна давом эттирган, унга ёзганларига озроқ бадиий безак, жило бериш кераклигини айтишган. У шундай қилган ва уддалаган. Ўзига хос иборалар, тасвирлар, ўхшатишлар топганки, ҳамма ижодкор ҳам ҳа деганда бундай чиройли ўхшатмаларни топавермайди. Ва яна урушга, хусусан, Афғонистон урушига муаллифнинг теран муносабати ҳам воқеалар ичига сингишиб кетган.

Юқорида айтганимдай мени    дастлаб қизиқтирган нарса китобнинг номи бўлганди. Китобни ўқий бошлагач нега шундай номланганини пайқайди киши. Бу - икки  йил дегани. Бу - бир йигитнинг икки йиллик ҳарбий хизмати дегани. Бироқ анъанавий ҳарбий хизматдан фарқ қиладиган, китобнинг сўзбошиси сарлавҳасида ёзилганидек, бир куни ўн йилга татийдиган хизмат бу! Борса хатар ёки борса келмас йўл бу, манзил бу!

Китоб ҳақида ёзувчи Қўчқор Норқобилнинг мулоҳазалари сўзбоши  тарзида берилган.  Унда: "Менинг ҳайратимни оширган нарса, энг аввало, ёзганларингиз жуда равон ва самимий, юмор ва оғриқлар қоришиб кетганлиги, бадиий ифоданинг ҳам рангин ва ёрқинлиги эди...", дейилади.

Яна бир гап: пойтахтда бўлиб ўтган китоб ҳафталигида ушбу асар ҳарбий ватанпарварлик энг яхши тарғиб қилинган асар, дея баҳоланибди. Аслида ҳам шундай. Китобни ўқиган киши урушнинг қонли манзаралари, фожиалари, оқибатларини кўриб, тинчликнинг нақадар муқаддас неъмат эканлигини англайди, қалбида ўз-ўзидан шукроналик туйғуси қалқиб чиқаверади...

Лола ЎРОҚОВА

Report typo