Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
5 декабрь, якшанба. 2021 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

27.08.2021


1001 ТА САЙЛОВ УЧАСТКАСИ ТУЗИЛДИ

Муҳим сиёсий жараёнга ҳозирлик

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 13-Қашқадарё округ сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда ҳудудда сайлов участкаларини тузиш масаласи муҳокама этилди.

Маълумки, Сайлов кодексининг 10-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича сайлов участкалари туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг тақдимномасига биноан округ сайлов комиссиялари томонидан тузилади.

Сайловчиларга имкон қадар кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида сайлов участкалари туманларнинг, шаҳарларнинг, шаҳарлардаги туманларнинг чегаралари инобатга олинган ҳолда тузилади.

Шунга кўра, мажлисга вилоятдаги туман ва шаҳар ҳокимликларининг масъуллари таклиф этилди ва улар ўз ҳудудларида тузилиши кўзда тутилаётган сайлов участкалари тақдимотини ўтказдилар. Комиссия аъзолари сайлов участкаларининг жойлашуви сайловчилар учун нақадар қулайлиги, ободонлаштирилгани, жиҳозланишига, сайловчилар сонига алоҳида эътибор қаратдилар. Маҳаллий ҳокимият органлари мутасаддиларига сайлов участкаси жойлашган бино ва овоз бериш хоналарини жиҳозлаш бўйича қоидалар яна бир бор батафсил тушунтирилди.

Мажлисда туман ва шаҳарлар ҳокимликлари тақдимномаси асосида округ сайлов комиссияси вилоят ҳудудида 1001 та сайлов участкаси тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Сайлов участкалари сайловни очиқ, ошкора, демократик тамойиллар асосида ўтказишда энг муҳим бўғин экани алоҳида эътироф этилиб, сайлов участкалари тартиб рақами, жойлашган ери ва овоз бериш биноси, телефон рақамлари, сайловчилар сони кўрсатилган ҳолда маҳаллий матбуотда эълон қилиниши таъкидланди.

Ўз мухбиримиз

Report typo