Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
6 февраль, душанба. 2023 йил                         Махсус версия RU

27.10.2022


1 НОЯБРДАН АМАЛДА

Анъанага мувофиқ, янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган бир қатор тартиб-тамойиллар билан таништириб боришда давом этамиз. Бу гал жорий йилнинг 1 ноябридан амалга киритиладиган муҳим янгиликлар ҳақида тўхталамиз. Бинобарин, улар, энг аввало, қонун устуворлиги ва тараққиётни таъминлаш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, мушкулини осон қилишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятли.

Даллолликдан тортиб кулолчиликкача: ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари яна ўнтага кўпаяди

Президентнинг "Норасмий бандлик улушини қисқартириш ҳамда меҳнат ресурслари балансини замонавий ёндашувлар асосида шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан:

уй ҳайвонлари (қорамол, қўй, эчки, от ва бошқалар) бозорларида воситачилик хизмати; автомобиль бозорларида воситачилик хизмати; риэлторлик хизматини кўрсатиш (ижарага уй топиб бериш, уй сотиб олиш ва сотишга кўмаклашиш); уйда сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш ва сотиш хизмати; маиший буюмларни ижарага бериш хизмати (стол-стул, идиш-товоқ, асбоб-ускуна ва бошқалар); гипс ва ганчдан буюмлар ясаш (уй жиҳозлари, эртак қаҳрамонлари ҳайкалларини ясаш); тош ва тош маҳсулотларидан ёдгорлик, сувенир ва декоратив буюмлар тайёрлаш; ёғоч маҳсулотларидан сават, нон маҳсулотлари учун махсус идиш ва бошқа буюмларни тўқиш; уй шароитида пилла етиштириш, шахсий томорқа ер участкасида тут меваси, ниҳоли ва кўчатини етиштириш, уйда ипак мато, ипак гилам тўқиш ва сотиш; кулолчилик ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига киритилади.

Шунингдек, томорқа ер участкалари эгаларини кооперация ва касаначилик асосида иш билан банд қилган тадбиркорлик субъектларига Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан:

парранда (товуқ, бедана, ўрдак, ғоз, курка), паррандани сақлаш учун катак, озуқа еми ҳамда дори воситалари; узум кўчати ва ток сўриси; асалари оиласи, асалари уяси учун қути ҳамда озуқа еми; қуён, қуён катаги ва озуқа еми; балиқ чавоқлари, сунъий ҳовуз ва озуқа емини харид қилиш ҳамда кейинчалик томорқа ер эгаларига тақдим этиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваригача миқдорда субсидия ажратилади.

"Ягона давлат назорати" ахборот тизимида рўйхатга олинмаган текширувларни ўтказиш ноқонуний ҳисобланади

Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар "Ягона давлат назорати" ахборот тизимида рўйхатга олинади.

Бу талаб Президентнинг "Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказишни мувофиқлаштириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан белгиланган.

Бунда, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида мазкур тизимда рўйхатга олинмаган текширувларни ўтказиш ноқонуний ҳисобланади. Уларда ўтказилган текширувларнинг натижалари ҳамда профилактика тадбирлари тўғрисида маълумот текширув ёки профилактика тадбирлари тугаган кундан бошлаб уч кун муддатда "Ягона давлат назорати" ахборот тизимига киритилади.

Бундан ташқари, давлат раҳбарининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2022 йилдаги "очиқ мулоқоти"да белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори 1-иловасида тадбиркорлар фаолиятидаги барча турдаги текширишларни Бизнес-омбудсман томонидан мувофиқлаштирган ҳолда, уларни янгиланган электрон платформада рўйхатдан ўтказиш орқали амалга ошириш кўрсатиб ўтилган.

Учта банк ёшларга компьютер харид қилиш учун истеъмол кредитлари ажратишни бошлайди

Президентнинг "Замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаш имкониятларини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланган таклифга кўра: АТ Халқ банки, АТ "Алоқа банк" ва "Микрокредитбанк" АТБ IT-парк резиденти бўлган ташкилотларнинг ахборот технологиялари соҳасидаги ўқув курсларида таҳсил олаётган иштирокчи сертификатини олган ёки ушбу ўқув курсларини сўнгги 6 ойда муваффақиятли тамомлаган ёшларга компьютер харид қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда истеъмол кредитлари ажратишни бошлайди.

Бунда, компьютер харид қилиш учун ажратиладиган истеъмол кредитлари бўйича фоиз тўловларининг Марказий банк асосий ставкасининг 1,5 бараваригача қисми Ёшлар ишлари агентлигининг Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан компенсация қилинади.

Кўп квартирали уйларни бошқариш тизими янада такомиллаштирилади

Кўп квартирали уйларни бошқариш органлари бошқарув фаолиятини, улар электрон реестрга киритилгандан сўнг амалга оширади.

Бу ҳақдаги талаб давлат раҳбарининг "Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш ва бошқарувчи ташкилотларни молиявий соғломлаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида қайд этилган.

Ҳужжат асосида ўрнатиладиган тартибга кўра:

кўп квартирали уйларни қуриш (реконструкция қилиш) ишларининг лойиҳа ҳужжатлари;

фойдаланишга қабул қилинаётган кўп квартирали уйга белгиланган тартибда расмийлаштириладиган кадастр паспорти;

қурилиш-монтаж ишлари (реконструкцияси) тугалланган кўп квартирали уйлардан фойдаланиш учун рухсатномада кўп квартирали уйлардаги турар жойлар ва яшаш учун мўлжалланмаган (нотурар) жойлар, умумий мол-мулк (умумий жойлар) рўйхати ҳамда ҳар бир кўп квартирали уй жойлашган ва унга туташ ер участкаси (режаси, жойлашган объектлар, шу жумладан, лойиҳада назарда тутилган автотураргоҳлар, болалар ва спорт майдончалари, дам олиш масканлари, сайилгоҳлар, йўлаклар ва кўп квартирали уйга хизмат кўрсатувчи бошқа объектлар) майдони ҳамда чегаралари тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилиши шарт.

Мазкур ҳужжатларда ушбу маълумотлар кўрсатилмаган тақдирда ваколатли органлар томонидан тегишинча лойиҳа ҳужжатлари бўйича хулоса, кадастр паспорти (лойиҳа ҳужжатларида кўрсатилмаган тақдирда), кўп квартирали уйлардан фойдаланиш учун рухсатнома (лойиҳа ҳужжатларида ва кадастр паспортида кўрсатилмаган тақдирда) берилмайди.

Бундан ташқари, энди қурилиш-монтаж ишлари (реконструкцияси) тугалланган кўп квартирали уйлардан фойдаланиш учун рухсатнома берилганидан сўнг лойиҳа ҳужжатлари, кадастр паспорти ва мазкур рухсатномага умумий мол-мулкни ёки туташ ер участкасини камайтириш ва туташ ер участкасида қўшимча кўп квартирали уй ёки умумий мол-мулк бўлмаган объект қуриш учун ўзгартириш киритиш тақиқланади.

Шунингдек, 2022 йил   1 ноябрдан бошлаб:

Президентнинг "Ипотека кредитидан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига биноан:

 хусусий пудрат ташкилотлари томонидан тайёр ҳолда топшириш шартисиз қурилган уйлардаги квартираларни (хоналарга бўлинган ва пардоз ишларига тайёр) бирламчи уй-жой бозорида сотиб олиш учун ипотека кредитларини ажратишга ҳамда улар бўйича дастлабки бадалнинг ва ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия тўлашга рухсат берилади.

*  *  *

Давлат раҳбарининг "2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан:

мобил алоқа операторлари, тижорат банклари ҳамда тўлов тизимлари операторларига ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этган ҳолда ўзларининг мобил иловалари орқали Ягона порталдаги электрон давлат хизматларини кўрсатишга;

идентификацияловчи ID-картага жойлаштирилган электрон рақамли имзо калитлари орқали Ягона порталнинг мобил иловасида жорий этилган электрон давлат хизматларидан фойдаланишга рухсат берилади.

*  *  *

Республиканинг барча маҳаллаларида "Маҳаллада ижтимоий хизмат" модули орқали ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими тўлиқ жорий этилади.

Бу тўғрисидаги кўрсатма Президентнинг "Маҳаллаларда ижтимоий хизматларни кўрсатиш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам бериш тизимини янги босқичга кўтариш ҳамда хотин-қизларни касбга ўргатиш ишларини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида мавжуд.

*  *  *

Ҳукуматнинг "Давлат тиббиёт муассасаларини кадрлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори кўрсатмасига мувофиқ:

туман (шаҳар)лар кесимида аниқланган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида оилавий шифокор ва тор доирадаги шифокорлар, тез тиббий ёрдам муассасаларида шифокорлар, шунингдек, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг туман (шаҳар) бўлимларида шифокорларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, ҳудудларда мавжуд вакант лавозимларга талабалар, магистр ва клиник ординаторларни ишга жойлаштириш чоралари кўрилади.

*  *  *

Вазирлар Маҳкамасининг "Автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда уларни имтиҳондан ўтказиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланганидек:

ҳайдовчи ва ҳайдовчиликка номзодларнинг автомототранспорт воситасини бошқаришга яроқлилиги тўғрисида бериладиган тиббий маълумотларнинг ягона электрон базаси  шакллантирилади ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг автоматлаштирилган Ягона ахборот тизимига интеграция қилинади.

*  *  *

Ҳукуматнинг "Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг солиқ мажбуриятларини аниқлашда давлат органлари ва ташкилотларининг маълумотлар базасидан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида"ги қарори асосида ўрнатилган тартибга мувофиқ:

 Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан солиқ тўловчиларнинг солиқ мажбуриятларини аниқлаш ҳамда солиқ хавфини таҳлил қилиш айрим давлат органлари ва ташкилотларининг мавжуд ахборот тизимлари ҳамда маълумотлар базаларидан авторизация ҳуқуқи асосида фойдаланган ҳолда реал вақт режимида амалга оширилади.

lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.

 

Report typo