Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • Жорий йилда Қашқадарёда яна қарийб 40 минг гектарда сув тежовчи технологиялар жорий қилинади

Ўз мухбиримиз

17.03.2023


Жорий йилда Қашқадарёда яна қарийб 40 минг гектарда сув тежовчи технологиялар жорий қилинади

Кузатиладиган сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатиш мақсадида вилоятимизда жорий йилда 22,5 минг гектар майдонда томчилатиб, 2,2 минг гектар майдонда ёмғирлатиб ва 1,5 минг гектарда дискрет суғориш технологиясини жорий қилиш, шунингдек, 12,4 минг гектар майдонни лазерли ускуналар ёрдамида текислаш режалаштирилган.

Ушбу рақамлар вилоят ҳокимининг шу йил 15 мартдаги фармойишида акс эттирилган бўлиб, мазкур ҳужжатга мувофиқ 2023 йилда сувни тежайдиган технологияларни жорий қилишни жадаллаштириш ва бунда маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда ўтган йилларда барпо қилинган технологиялардан жорий йил ҳосили учун фойдаланилиши аҳволини жойида ўрганиш, мавжуд муаммо ва камчиликларни тезкор бартараф этиш назарда тутилган. Бу ишларга амалий ёрдам кўрсатиш учун вилоят ҳокимининг сув хўжалиги масалалари бўйича маслаҳатчиси Ботир Раҳимов раҳбарлигида ишчи гуруҳи тузилиб, унинг жойларда муаммо ва камчиликларни аниқлаш ва уларни бартараф қилиш бўйича туманларга чиқиш графиги тасдиқланди.

17 нафар масъул шахсдан иборат ишчи гуруҳи зиммасига бир қатор муҳим вазифалар юклатилди. Хусусан, бу янги тузилма соҳага алоқадор вилоят ташкилотлари мутасаддиларини ҳудудларга бириктириш ва ҳар бир туманда худди шундай ишчи гуруҳларини тузишдан ташқари, жойларда фермер хўжаликлари, кластер корхоналари ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар билан сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш юзасидан амалий учрашувлар ва кўргазмали семинарлар ўтказади, ташаббускорларга мазкур технологиянинг афзалликлари, давлат томонидан берилаётган имтиёзлар тўғрисида батафсил маълумотлар беради. Сув тежовчи технологияларни жорий қилишда таннархни камайтириш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш мақсадида пудратчи-қурувчи корхоналари билан маҳаллий корхоналарни бир-бирига боғлаш, маҳаллий эҳтиёт қисмлардан фойдаланишни кенгайтириб боради. Қурилиш ишлари жараёнида электр энергиясини тортиш ва трансформатор билан боғлиқ муаммоли ҳолатлар ва бошқа масалалар билан шуғулланади.

Фармойишга асосан вилоятимизда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича тегишли раҳбарларга аниқ топшириқлар берилиб, ударнинг ижросини таъминлашда камчиликларга йўл қўйган масъулларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўриб борилиши алоҳида қайд этилган.

Ўз мухбиримиз

Report typo