Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!
Ҳурматли депутат ва сенаторлар!
Муҳтарам меҳмонлар!
Жонажон Ўзбекистонимиз миллий ривожланишнинг янги даврига дадил қадам қўймоқда. Ҳаётимизнинг барча жабҳаларида улкан ўзгаришлар юз бермоқда.
Беҳисоб шукур, бу йил аҳолимиз 36 миллиондан ошди. Ҳар йили сафимизга қарийб 900 минг янги авлод қўшилмоқда.
Ўзбекистон деб аталмиш катта ва иноқ оиланинг ҳар бир аъзоси тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш йўлида тинимсиз изланяпмиз.
Якунига етаётган 2022 йил ғоят мураккаб ва синовли йил бўлди, десам, ҳар томонлама тўғри бўлади. Ушбу даврда тўплаган тажрибамиз бир ҳақиқатни яққол исботлаб бермоқда: тараққиётга – фақат машаққатли ва жасоратли меҳнат орқали эришилади.
Шу боис, пандемия, дунёдаги чуқур иқтисодий ва сиёсий инқирозлар, зиддиятларга қарамасдан, халқимизнинг қаҳрамонларча меҳнати билан эришган айрим ютуқларимизни айтиб ўтишни ўринли, деб биламан.
Кенг кўламли ва самарали ислоҳотларимиз натижасида ялпи ички маҳсулот ҳажми илк бор 80 миллиард доллардан ошди.
Иқтисодиётимизга шу йилнинг ўзида 8 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар кириб келди, экспортимиз эса, 19 миллиард долларга етди.
Бундай катта натижалар илгари бўлмаган.
Биз бу йил тарихимизда илк бор пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдорини минимал истеъмол харажатларидан кам бўлмаган даражага олиб чиқдик. Мисол учун, 2017 йилда кам таъминланган 500 минг оила ижтимоий ёрдам олган бўлса, бугунга келиб 2 миллиондан ортиқ оилаларга кўмак берилмоқда. Ажратилаётган маблағлар эса, 7 баробар кўпайтирилиб, йилига 11 триллион сўмга етди.
Биз иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдорини, аҳоли жон бошига даромадларни ошириш сиёсатини изчил давом эттирамиз.
Бу рақамларни айтиш осон. Уларнинг ҳар бири ортида машаққатли меҳнат турибди. Чунки инсон қадри, инсонни эъзозлаш – эътиборимиздаги энг асосий масала.
Шу мақсадда охирги олти йилда мамлакатимиз бўйича қарийб 300 мингта ёки аввалги йилларга нисбатан 10 баробар кўп уй-жойлар қурдик.
Бу даврда қўшимча 500 минг ўқувчи ўрни яратилиб, уларнинг жами сони 5 миллион 300 мингга етди. Ҳозирги вақтда яна 1 миллион 200 минг ўқувчи ўрни яратиш бўйича ишлар жадал давом эттирилмоқда.
Халқимиз соғлиғини сақлаш учун барча тиббий хизматларни энг чекка туман ва маҳаллалар даражасигача туширяпмиз.
Одамларимизни касб-ҳунарли қилиш, уларнинг бизнесига кенг йўл очиш, ҳақиқий мулкдор бўлиб, даромад топиши учун зарур шароитларни яратмоқдамиз.
Бу йил 381 нафар спортчимиз жаҳон ва Осиё мусобақаларида, 43 нафар иқтидорли ва билимдон ёшларимиз нуфузли халқаро фан олимпиадалари ҳамда танловларида совринли ўринларни қўлга киритгани барчамизни албатта қувонтиради.
Нуроний отахон ва онахонларимиз оила даврасида, ҳаж ва умра зиёратларида шукроналик дуоларини қилаётгани бизга куч ва ғайрат бағишламоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон жаҳон сиёсати марказларидан бирига айланаётгани, халқаро ҳамжамият буни кенг эътироф этаётгани ҳам айни ҳақиқатдир.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилоти саммитлари ҳамда ўнлаб юқори даражадаги халқаро анжуманларга мезбонлик қилдик ва муҳим ташаббусларни илгари сурдик. Буларнинг барчаси мамлакатимизнинг халқаро нуфузи тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
Мана шундай катта ютуқларга эришишда фидокорона меҳнати билан муносиб ҳисса қўшган ҳар бир юртдошимизга ўз миннатдорлигимни билдираман.
Жаҳоннинг илм-фан, маданият ва спорт шоҳсупаларида байроғимизни баланд кўтараётган ўғил-қизларимиз, шижоатли ёшларимизга янги-янги зафарлар тилайман. Улар бизнинг фахримиз-ғуруримиздир.
Чегараларимиз дахлсизлиги ва тинчлигимизни кўз қорачиғидек ҳимоя қилиб келаётган Ватанимиз посбонларига ҳам эзгу тилакларимни йўллайман.
Қадрли фахрийларимиз, муҳтарама опа-сингилларимиз, тадбиркор ва фермерларимизга ҳурмат-эҳтиромимни изҳор этаман.
Ислоҳотларимизни қўллаб-қувватлаб келаётган хорижий ҳамкорларимизга, бугунги анжуманда қатнашаётган дипломатик корпус вакилларига ҳам ташаккурларимни айтаман.
Албатта, эришаётган барча ютуқларимиз, инсон қадри улуғ бўлган диёр – Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги дастлабки натижалардир. Биз бунёдкор халқимиз билан бирга бундай эзгу ишларни давом эттирамиз ва олдимизга қўйган катта-катта марраларга албатта эришамиз.
Ҳурматли юртдошлар, қадрли меҳмонлар!
Ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз – бугун инсоният ниҳоятда мураккаб даврни бошидан кечирмоқда. Ер юзида иқлимнинг кескин ўзгариши, сув ва бошқа табиий ресурслар камайиши билан боғлиқ муаммолар катта хатарларга айланмоқда.
Халқаро муносабатларда ўзаро ишонч камайиб, қарама-қаршилик ва можароларнинг ортиши барқарорлик ва ривожланишга жиддий хавф солмоқда.
Афсуски, бундай хавф-хатарлар бизни ҳам четлаб ўтмаяпти.
Қорақалпоғистонда шу йил ёз ойида содир бўлган нохуш воқеалар бутун эл-юртимизни қаттиқ қайғуга солди. Худога шукур, кўп миллатли халқимизнинг оқиллиги ва донишмандлиги билан вазият тезда изга тушди.
Биз учун “Қорақалпоғистоннинг ютуғи – бутун Ўзбекистоннинг ютуғи, Қорақалпоғистоннинг ташвиши – бутун Ўзбекистоннинг ташвиши” деган ғоя ҳамиша амалий ҳаракат дастури бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.
Бизнинг эзгу мақсадимиз – биргаликдаги меҳнатимиз билан Янги Ўзбекистонда ҳар томонлама ривожланган, обод ва фаровон Янги Қорақалпоғистонни бунёд этишдир.
Асрлар давомида эт ва тирноқ каби бир бўлиб кетган халқларимиз дўстлигига ҳеч қандай куч таъсир кўрсата олмайди. Чунки бизнинг ўтмишимиз бир, бугунимиз ҳам, келажагимиз ҳам бир.
Биз жонажон Ватанимизнинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлашга ҳар томонлама қодирмиз. Тинч ва осойишта ҳаётимизни асраб, мустақиллигимизни мустаҳкамлаб, барқарор тараққиёт йўлимизни жадал давом эттирамиз!
Азиз дўстлар!
Бир ҳаётий ҳақиқатни таъкидламоқчиман – бугун замон ҳар қачонгидан ҳам тезлашди. Фаровонлик ошгани сайин аҳолимизнинг талаб ва эҳтиёжлари ҳам ортиб бормоқда.
Мамлакатимиз тараққиётини янги поғонага олиб чиқиш учун бошқарув ҳам, қонунчилик ҳам, жамиятимиз ҳам ўзгариши керак. Агар шундай қилмасак, муаммоларни кўриб, кўрмасликка олсак, замондан орқада қоламиз. Халқимиз, ёш авлодимиз биздан рози бўлмайди.
Шу боис, “Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат” деган ғояни Конституциямиз ва қонунларимизга ҳам, кундалик ҳаётимизга ҳам чуқур сингдиришимиз керак. Ҳозирги кундаги жиддий синовлар ва башорат қилиб бўлмайдиган хавф-хатарларни енгиб ўтишга қодир бўлган миллий давлатчилигимиз асосларини мустаҳкамлашимиз зарур.
Шуларни эътиборга олган ҳолда, Асосий қонунимизни такомиллаштириш ишлари давом эттирилмоқда. Ушбу ислоҳотдан халқимиз катта ўзгаришлар кутмоқда. Бугунги кунга қадар бу борада 220 мингдан зиёд таклиф келиб тушгани ҳам бунинг яққол далилидир.
Муҳокамалар қизғин давом этмоқда. Бу жараёнда депутатларимиз, сиёсий партияларимиз масъул ва фаол бўлиб, ҳар бир таклифга жиддий ёндашаётганини кўриб турибмиз. Бунинг учун уларга раҳмат айтаман.
“Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” тамойили асосида барча масалалар бўйича халқимиз билан бамаслаҳат иш тутамиз.
Умуман, маъно-мазмуни инсон қадрини улуғлаш руҳи билан бойитилган, келажак авлодларга муносиб хизмат қиладиган, Янги Ўзбекистонга мос бўлган Конституцияни ҳар томонлама ўйлаб, шошилмасдан ишлаб чиқишимиз керак.
Фуқароларимиз билдирган барча таклиф ва истаклар албатта инобатга олинади ва Конституция лойиҳаси умумхалқ референдумига олиб чиқилади.
Энг муҳими – ҳар бир ватандошимиз конституциявий ислоҳотларга дахлдор бўлиши ва “Бу – менинг Конституциям”, деб юксак ғурур ва ифтихор билан айта олиши керак.
Муҳтарам юртдошлар!
Келгуси йилга режаларни тўғри олиш учун халқимизнинг фикрини ҳар бир йўналиш бўйича чуқур таҳлил этиб, 20 мингга яқин таклифларни муҳокама қилдик.
Одамларимиз таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт йўналишларида аниқ-аниқ масалаларни кўтариб, улар бўйича тизимли ечимларни ҳам таклиф этмоқда.
Аҳолимиз биздан мактаб, боғча ва шифохоналарни кўпайтириш, таълим ва тиббиёт сифатини оширишни, маҳаллада йўл, сув, электр, транспорт муаммоларини ҳал қилишни, иш ўринларини кўпайтириш, тадбиркорликка янги имкониятлар яратишни, адолатни таъминлаш, оворагарчилик, бюрократия ва коррупцияни йўқ қилишни кутмоқда.
Кўтарилган масалалар аниқ ва ўринлидир. Қанчалик қийин бўлмасин, биз бу муаммоларни ечишимиз шарт. Ҳеч ким четдан келиб, буларни ҳал қилиб бермайди. Одамларимизнинг ташаббуси, шижоати ва салоҳиятини ишга солиш учун барча шароитларни туғдириб бериш асосий вазифамиз бўлиши керак.
Халқимизга қанча имконият яратсак, бунинг фойдаси жамиятимизга ўн карра, юз карра бўлиб қайтади.
Шу боис, кириб келаётган янги, 2023 йилга юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб ном беришни таклиф қиламан.
Нима учун йилга бундай ном беряпмиз?
Биз Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг марказида инсон ва унинг манфаатларини таъминлашни устувор вазифа этиб белгиладик. Бу сиёсат бир йил билан чекланиб қолмаслиги, доимо бардавом бўлиши барчамизга аён.
Аслида ҳам, бизнинг энг бебаҳо бойлигимиз, бу – бунёдкор халқимиз, дуогўй ота-оналаримиз, навқирон авлодимиз эмасми?
Шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг тинч ва бахтли ҳаёт кечириши, унинг соғлиғи жойида бўлиши, яхши таълим олиши, оиласини тебратиши учун қандай шароит керак бўлса, ҳаммасини яратиб беришга ҳаракат қиляпмиз ва бу йўлдан асло тўхтамаймиз.
Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир.
Юсуф Хос Ҳожиб бобомиз айтганларидек:
“Заковат бор жойда улуғлик бўлади,
Билим бор жойда буюклик бўлади”.
Шунинг учун ушбу соҳада бошлаган ислоҳотларимизни давом эттиришимиз, таълим даргоҳларига бориб, ўқитувчи ва мураббийлар билан кўпроқ мулоқот қилиб, ўқув-тарбия ишлари сифатини ошириш бўйича улар қўйган масалаларни биргаликда ҳал этишимиз керак.
Биз келгуси йил Давлат дастурига халқимиз кўтарган барча масалаларни аниқ ечимлари билан киритамиз. Ушбу жараёнларда депутат ва сенаторлар, маҳалла вакиллари, зиёлилар, ёшлар, тадбиркорлар ва кенг жамоатчилигимиздан фаол бўлишларини, янги-янги таклиф ва ташаббуслар билдиришларини сўрайман.
Ҳурматли депутат ва сенаторлар!
Энди 2023 йилдаги устувор йўналишларга тўхталиб ўтмоқчиман.
Биринчи йўналиш. Ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтишни таклиф қиламан.
Нима учун сўзни айнан шу йўналишдаги ислоҳотдан бошлаяпман?
Олдинлари эътибордан четда қолиб, “йўқ бўлиб кетиш” арафасида бўлган соҳаларни “оёққа турғизиш” учун олти йил давомида янги вазирлик ва идораларни ташкил қилишга тўғри келди. Шундай қилишга мажбур эдик, акс ҳолда ҳозирги ютуқларимиз бўлмас эди.
Мактабгача таълим, уй-жой коммунал, “маҳаллабай” ишлаш, инвестиция, давлат хизматлари, давлат-хусусий шериклик соҳаларида катта натижаларга эришдик. Хусусий сектор ва тадбиркорликнинг ривожланиши ортга қайтмас жараёнга айланди. Аҳолимизнинг фаоллиги, замонавий технология ва касб-ҳунарларга интилиши ошиб бормоқда. Иқтисодиётимизда кундан-кунга янги-янги йўналиш ва соҳалар яратилмоқда.
Бу борада хусусий ташаббусларни янада кенгайтириш, уларга янги истиқболларни очиш мақсадида энди “қўл бошқаруви”дан – аниқ натижага ишлайдиган тизимли бошқарувга ўтиш вақти келди.
Очиқ айтиш керак – ҳозирги кунда давлат аппаратида такрорланиш кўп, кераксиз штатлар бор. Марказлашув юқори. Оқибатда бугунги мураккаб масалаларга тўғри ечим топиш учун ортиқча вақт, куч ва ресурс сарфланмоқда.
Вазирларнинг Ҳукумат қабул қилаётган қарорларда, таъбир жоиз бўлса, “овози йўқ”. Яъни, уларнинг ушбу қарорларни тайёрлаш ва ҳаётга жорий этишдаги иштироки ва масъулияти етарли эмас. Энди вазирларнинг бундай эскича усулда ишлашга ҳаққи йўқ.
Агар вазирнинг ўз соҳаси бўйича узоқни кўзлаган аниқ ёндашувлари бўлмаса, унинг фаолияти туфайли одамларнинг оғири енгил бўлмаса, ўзингиз айтинг, бундай раҳбардан нима наф бор?
Шунинг учун янги маъмурий ислоҳотлар тўғрисидаги Фармонни имзоладим. Бунга узоқ тайёргарлик кўрдик.
Биринчи босқичда вазирликлар ислоҳ қилинади, Ҳукумат иш услуби ҳам тубдан ўзгаради. Энг аввало, вазирлик ва идоралар сони ҳозирги 61 тадан 28 тага камайтирилади.
Энди ҳар бир вазирлик тегишли соҳада давлат сиёсатини амалга оширишга масъул бўлиб, тармоқ таркибидаги қўмита, агентлик ва инспекцияларга раҳбарлик қилади.
Кўп вазирлар ўзгаради. Ўз соҳасининг чуқур билимдони, фидойи ва ишидан халқ рози бўлаётган вазирлар лавозимида қолади. Ўйлайманки, бундай ёндашув адолатли бўлади.
Давлат хизматчилари сони босқичма-босқич 30-35 фоизга қисқаради. Иқтисод қилинадиган маблағлар ижтимоий масалаларга йўналтирилади.
Ҳар бир вазирнинг сиёсий мақоми, Президент, парламент ва жамоатчилик олдидаги масъулияти оширилади. Бунга мос равишда жавобгарлиги ҳам кучайтирилади. Уларга аҳоли муаммоларини ҳал қилиш учун етарли ваколат ва маблағ берилади.
Вазирликлар фаолиятида очиқлик, қонунийлик, натижадорлик ва сифат асосий мезон бўлади.
Биз коррупция ҳақида кўп гапирамиз, лекин вазирлик тизимида коррупцияга йўл қўйилса, нима учун вазир жавоб бермаслиги керак? Энди сўров бошқача бўлади. Вазир ўзи раҳбарлик қилаётган соҳага ажратилган маблағларни самарали ва мақсадли ишлатиш бўйича биринчи бўлиб ўзи жавоб беради.
Имом Мотуридий бобомизнинг: “Элу юрт билан ҳамдард бўлиб яшагин, токи халқ ҳамиша сен билан бирга бўлгай”, деган ҳаётий ҳикмати ҳар бир вазир, ҳар қайси раҳбарнинг онги, қалби ва ҳаракатида муҳрланиши лозим.
Давлат вакиллари ўзининг ҳалол меҳнати, оддийлиги, халқсеварлиги, самимийлиги ва фидойилиги билан одамларимиз меҳрини қозониши керак.
Энди вазирларнинг сиёсий масъулияти оширилиб, Ҳукумат қарорлари лойиҳалари, мамлакатимиз ҳаётига оид муҳим ижтимоий-иқтисодий масалалар бевосита вазирлар иштирокида коллегиал ҳал этилади.
Ҳар бир вилоятдаги муаммоларни ечиш учун ҳар ойда жойига чиққан ҳолда, “Ҳукумат куни” ўтказилиши йўлга қўйилади.
Вазир ҳар йилнинг бошида жамоатчилик олдида соҳадаги режаси ва йил якуни билан эса унинг натижаси бўйича ҳисобот беради.
Таъкидлаб айтмоқчиман – энди қайси вазир ўз ишини эплай олмаса, истеъфога чиқади.
Шу ўринда яна бир фикрни Парламент вакилларига етказмоқчиман.
Сўнгги йилларда кўп ваколатларни Олий Мажлисга ўтказдик, уларни янада кенгайтиришни ўйлаяпмиз. Янги вазирни тайинлашда ҳам депутатлар иштирок этмоқда, режалари билан танишиб, маъқуллаяпти. Лекин, афсуски, кейинчалик фақат танқид билан чекланмоқда.
Маълумки, соҳалар бўйича иккала палатада ҳам қўмиталар, комиссиялар бор. Аслида, улар вазирларга қайси йўналишда ёки ҳудудда иш яхши кетмаётганини кўрсатиши, камчиликлар бўйича жойига чиқиб, аҳоли фикрини ўрганиб, масалага биргаликда ечим топишлари лозим.
Шу боис, вазир фаолиятини самарали ташкил этишда парламентдаги қўмита, комиссия ва депутатларнинг ҳам масъулиятини белгилаш тўғри бўлади, деб ҳисоблайман.
Албатта, танқид ҳам керак. Аммо ҳозирги депутатларга берилган катта ваколат ва имкониятлардан самарали фойдаланиш лозим.
Мен ҳам узоқ йиллар депутат бўлиб ишлаганман, ўша даврда Парламентда ҳисобот берган вазирларни камдан-кам кўрар эдик. Ҳозир эса вазият мутлақо бошқача-ку! Шунинг учун энг муҳим масала – юрт тақдирига дахлдор бўлиб, халқимизни рози қилиш учун ҳаммамиз биргаликда ишлашимиз керак.
Умуман, Парламентимизнинг иш услубини яхшилаш ва фаолият самарадорлигини ошириш ҳам Конституциямизда ўз аксини топиши зарур.
Маъмурий ислоҳотларнинг иккинчи босқичи сифатида келгуси йилда ҳудудлардаги бошқарув тизими ҳам ислоҳ қилинади.
Барча маъмурий ислоҳотлар доирасидаги янги ташаббуслар Конституциямизда албатта белгилаб қўйилиши лозим. Ўйлайманки, сизлар ҳам бунга қўшиласизлар.
Бу йил “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги янги қонунни қабул қилдик. Бундан буён давлат лавозимларига фақат конкурс асосида ишга қабул қилинади. Барча раҳбарлар фаолияти самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаб борилади.
Ҳар йили 500 нафар мутахассисни энг нуфузли хорижий олийгоҳ ва марказларда ўқитиб келамиз.
Келгуси икки йилда ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимлигига республика идораларида юқори лавозимларда ишлаган, билимли ва тажрибали кадрлар қўйилади.
Янги йилдан бошлаб ҳар бир ҳоким ўз туманига 40-50 миллион доллар хусусий инвестицияларни олиб келиши керак бўлади.
Вазирлар фақат давлат маблағини сарф қилмасдан, ўзлари ҳам ташаббус кўрсатиб, хусусий инвестицияларни жалб қилишлари лозим. Масалан, давлат-хусусий шериклик орқали қишлоқ, сув, ўрмон хўжаликлари, транспорт соҳаларига бемалол йилига 1 миллиард долларгача сармоя олиб келиш мумкин.
Маъмурий ислоҳотлар доирасида яна бир муҳим ташаббусни илгари сурмоқчиман.
Ҳозирги кунга келиб Марказий Осиёда аҳолиси миллиондан ортиқ шаҳарлар 7 тага етди. Минтақамизда пойтахтлар билан бир қаторда бошқа йирик шаҳарлар ҳам “ўсиш нуқталари”га айланмоқда. Буларнинг орасида Самарқанд ва Наманган шаҳарлари ҳам бор. Уларнинг ҳар бирида аҳоли сони бир миллионга етмоқда. Иккала шаҳарда ҳам улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
Самарқанд шаҳри дунё танийдиган мегаполисга, халқаро туризм ва бизнес марказига айланмоқда. Наманган ҳам саноат, тадбиркорлик, таълим, маданият соҳаларида минтақавий марказ сифатида ўз ўрнини топмоқда. Шу боис, Самарқанд ва Наманган шаҳарларини алоҳида маъмурий-ҳудудий бирликлар сифатида республика бўйсунувига ўтказишни таклиф қиламан.
Бу пойтахтимиз Тошкент билан бир қаторда “ўзига тортувчи марказлар”ни кўпайтириш бўйича бошлаган сиёсатимизда янги амалий қадам бўлади; жон бошига даромад, иш жойларини кўпайтиради; иккала вилоятда ҳам туманларни ривожлантиришга кўпроқ эътибор қаратилади ва буям адолатдан бўлади.
Энди ушбу вилоят ҳокимлари фақат йирик шаҳарлар билан эмас, туманларда шароитларни яхшилаш бўйича ҳам ишлаши талаб этилади.
Ҳар иккала шаҳарни ривожлантириш дастури Вазирлар Маҳкамасида тасдиқланиб, уларнинг ижроси учун бевосита Бош вазир жавоб беради.
Иккинчи йўналиш. Биз Янги Ўзбекистонни “ижтимоий давлат” тамойили асосида қуришни мақсад қиляпмиз. Буни Конституцияда мустаҳкамлашимиз керак.
Ижтимоий давлат бу, энг аввало, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш, камбағалликни қисқартириш, демакдир.
Шу боис, биринчи навбатда, эътиборни Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратамиз.
“Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда. Чунки, барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади”.
Маърифатпарвар жадид боболаримизнинг бу сўзлари депутат ва сенаторларимиз, сиёсий партиялар, маҳаллий кенгашлар, бутун давлат аппарати, кенг жамоатчиликнинг амалий ҳаракатига айланиши керак. Шу боис, мактабларда таълим сифати ҳамда жамиятда ўқитувчи касбининг нуфузини ошириш, муаллимларнинг шароитларини яхшилаш 2023 йилдаги энг асосий вазифаларимиздан бири бўлади.
Ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда алоҳида белгилаш зарур, деб ҳисоблайман.
Келгуси йилдан бошланғич синфларда мутлақо янги методика асосида яратилган дарсликлар бўйича ўқитиш йўлга қўйилади. Ҳозирги вақтда улар халқаро экспертизадан ўтиб, ўзимизда синовдан ўтказилмоқда. Лекин юқори синфларда-чи? Очиқ айтиш керак, уларда берилаётган таълим ва тарбия сифати, ўқитувчиларнинг билими ва маҳоратини талаб даражасида, деб бўлмайди.
Болаларимиз мактабдан она тили ва чет тилларини пухта ўзлаштириб, компьютерда ишлашни ўрганиб чиқиши зарур. Фарзандларимизни касб-ҳунарларга, санъат ва маданиятга қизиқтиришимиз лозим.
Ўқувчиларда эркин ва креатив фикрлашни, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантириш зарур.
Мана, мактабларимизга қандай муҳит кириб келиши керак!
Бу борада Президент мактабларида 130 та мамлакатда маъқулланган “A-level” таълим дастури йўлга қўйилгани ўз самарасини бермоқда.
Бу жараёнда ҳар бир ўқувчи ўзининг қобилиятига қараб, аниқ йўналишлар бўйича чуқур ўқитилади, дунёнинг нуфузли олийгоҳларига кириш имкониятлари кенгаяди.
Шу боис, 2023 йилдан мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилишни бошлаймиз.
Бу ишларни тизимли йўлга қўйиш, янги дарсликларни ишлаб чиқиш, илғор таълим стандартлари ва методикаларини жорий этиш учун алоҳида илмий институт ва лабораториялар ташкил қилинади. Миллий ўзлигимиз тимсоли, маънавиятимиз асоси бўлган она тилимизга эътибор янада кучайтирилади.
Ҳозирги очиқлик сиёсати, чет эл инвестициялари ва янги корхоналарнинг ортиб бораётгани ёшларимизни замонавий билимлар ва хорижий тилларни ўрганишга ундамоқда. Шу боис, мактабларга юқори малакали хорижий ўқитувчиларни олиб келишга мажбур бўляпмиз.
Фурсатдан фойдаланиб, юртимиздаги барча мактаб жамоаларига мурожаат қилмоқчиман.
Жондан азиз болаларимиз мактабдан чет тилларни, касб-ҳунар ва компьютер саводхонлигини пухта ўрганиб чиқса, биласизларми, жамиятимиз қандай ўзгаради?
Янги Ўзбекистонда мактаб жамоалари ва муаллимларининг масъулияти – айнан ана шу масалаларда яққол намоён бўлади. Ва мен ишонаман – сиз, жонкуяр ўқитувчиларимиз бу вазифани шараф билан уддалайсизлар.
Келгуси йили 70 та янги мактаб қурилади, 460 та мактаб кенгайтирилади. Хусусий инвестициялар иштирокида 100 та мактаб қуриш лойиҳалари бошланади, келгуси беш йилда уларнинг сонини 1 мингтага етказамиз.
Йил бошидан Қорақалпоғистон ва Хоразмда 285 минг нафар бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш йўлга қўйилди. Бу борада етарли тажриба орттирдик.
Келгуси ўқув йилидан бошлаб ушбу амалиёт қолган вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам жорий этилади ва бунинг учун 2,3 триллион сўм ажратилади. Бу жараёнларни шаффоф тизим асосида ташкил этиш, фарзандларимизни соғлом ва сифатли овқат билан таъминлашга Халқ таълими вазири масъул ва жавобгар бўлади.
Таълим соҳасидаги навбатдаги муҳим йўналиш, бу – ёшларнинг замонавий касб-ҳунар эгаллаши учун барча зарур шарт-шароитларни яратишдан иборат.
Мактаб битирувчиларининг 50 фоизи меҳнат бозорига ҳеч қандай касбга эга бўлмасдан кириб келаётгани ҳаммамизни ўйлантириши керак. Шу боис, 700 дан ортиқ касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумлар имкониятидан самарали фойдаланиш зарур.
Бу мақсадда 2023 йилдан бошлаб янги дастур амалга оширилади. Ҳар бир вилоятда 1 тадан техникумда Европа касбий таълим стандартлари жорий этилади. Келгуси беш йилда барча коллеж ва техникумлар ушбу тизим билан қамраб олинади.
Шу билан бирга, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашни кенгайтирамиз. Кимё саноати, электр техникаси, транспорт ва энергетика соҳаларида нуфузли халқаро ташкилотлар билан бирга, алоҳида Муҳандислик мактаблари ташкил қилинади. Бу тизим бизда ҳозиргача бўлмаган. Лўнда айтганда, янги замон инженерлари тайёрлаш тизимини яратамиз.
Сўнгги олти йилда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 27 фоиздан 70 фоизга етиши натижасида бугунги кунда 2 миллионга яқин бола боғчага бормоқда. Яқинда Тошкент шаҳрида ўтказилган ЮНЕСКОнинг Мактабгача таълим бўйича Умумжаҳон анжуманида ҳам бу ислоҳотларимиз юксак эътироф этилди.
Шу билан бирга, келгуси беш йилда қамровни 80 фоизга етказиш учун 600 минг янги боғча ўрни керак. Бу – жуда катта марра. Шу боис, боғчалар сонини кўпайтириш, улардаги таълим ва тарбия сифатини тубдан яхшилаш бўйича беш йиллик дастур қабул қилинади. Боғча қамровини кенгайтириш бўйича хусусий секторга қўшимча шароитлар яратилади.
Сўнгги йилларда олийгоҳларимиз 2,5 баробар кўпайиб, 198 тага етди, қамров даражаси 9 фоиздан 38 фоизга ошди.
Биз бу рақамларни янада кўпайтиришни мақсад қилганмиз. Лекин, таълим сифати нима бўлади, деган савол ҳаммамизни ўйлантириши керак.
Авваламбор, бунга ҳар бир олийгоҳ ўзи ҳаракат қилиши лозим, ўшанда натижа бўлади.
Бу борада 41 та олийгоҳга академик ва молиявий мустақиллик берилди, уларда трансформация офислари очилди. Олийгоҳ ректорлари, профессор ва ўқитувчилар бу жараёнларда фаол бўлишлари, янги, илғор методикаларни жорий қилишлари керак.
Келгуси йилда олийгоҳ талабалари учун имтиёзли таълим кредитларига ресурслар 2 баробар кўпайтирилиб, 1,7 триллион сўм ажратилади.
Бу йил илм-фан ва инновацияларга 1,5 триллион сўм йўналтирилди. Бу – 2017 йилга нисбатан қарийб 6 баробар кўп, дегани.
Олимларнинг иш ҳақи ҳам 4,5 баробар оширилди.
Буларнинг барчаси ҳисобидан нано ва биотехнологиялар, рақамли геология каби 18 та янги илмий йўналиш ташкил этилди.
Келгуси йили илм-фан ва инновацияларга 1,8 триллион сўм ажратилади.
Энди олимларимиз сув ва энергияни тежаш, тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорлик, геология, саноат, қурилиш каби бугунги кунда биз учун долзарб йўналишларда аниқ натижалар кўрсатишлари керак.
Ҳурматли юртдошлар!
Халқимизнинг малакали ва сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтирамиз.
Аввало, бепул тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми қонун билан белгиланади.
Ажратилаётган маблағлар ҳар бир беморга етиб бориши учун давлат тиббий суғуртасига ўтишни тезлаштирамиз. Келгуси йили бу тизим Тошкент шаҳрида бошланади. Босқичма-босқич бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилинади.
Шу ўринда бир оғриқли масалани айтиб ўтмоқчиман. Бугунги кунда 7 миллион аҳолимизда турли хил сурункали касалликлар бор.
Соғлом ҳаёт тарзи ҳақида олти йилдан бери гапиряпмиз. Лекин Соғлиқни сақлаш вазирлиги буни ҳали жой-жойига қўя олмаяпти. Соғлом овқатланиш рационига доир тавсиялар одамларга етказилмаяпти, турли ёшдаги кишилар учун жисмоний машқларни ўргатиш ишлари йўқ. Аслида, инсон саломатлиги, тиббиётнинг замини ҳам шулар-ку! Шу боис, “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” янги умуммиллий ҳаракатини маҳалладан бошлаймиз. Бу ҳаракатда ёшу қари – барча юртдошларимиз ўз ўрнини топиши керак.
Аҳолига бирламчи тиббий хизматларни янада яқинлаштириш ишлари давом эттирилади. Келгуси икки йилда ҳар бир оилавий поликлиника ва шифокор пунктига энг керакли ускуна ва жиҳозлар етказиб берилади, экспресс лабораториялар тўлиқ янгиланади.
Янги йилда қўшимча 140 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникалари, 520 та олис ва чекка маҳаллада ихчам тиббиёт пунктлари ташкил этилади.
Шу билан бирга, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича уч йиллик катта дастур амалга оширилади. Барча туғруқ комплекслари тўлиқ таъмирланади ва жиҳозланади, ўринлар сони 35 фоизга кўпайтирилади.
Бундан ташқари, мамлакатимизда 15 мингга яқин онкологик беморлар нур ёрдамида даволанишга муҳтож. Шу боис, келгуси йилда Самарқанд, Фарғона ва Хоразмда, давлат-хусусий шериклик асосида Радиология марказларини ташкил этиш лойиҳаларини бошлаймиз.
Муҳтарам қўшма мажлис қатнашчилари!
Маълумки, барча ислоҳотларимиз замини ва кўзгуси бу – маҳалла. Жамиятимиздаги барча жараёнлар маҳалла ҳаётида ўз ифодаси ва амалий ечимини топади.
Маҳалла – тинчлик ва осойишталик пойдевори, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, маърифат ва тарбия қўрғонидир. Шунинг учун ҳам бундан буён давлат инвестиция дастурлари маҳалла даражасига туширилади.
Авваламбор, 2023 йилда аҳоли томонидан таклиф берилган сув, электр энергияси, йўл, мактаб каби йўналишлар бўйича лойиҳалар учун қарийб 3 баробар кўп, яъни 8 триллион сўм йўналтирилади.
Ҳар бир маҳалла ўзининг кутубхонаси, спорт майдончасига эга бўлиши зарур.
Маҳалла ўзининг муаммосини мустақил ҳал этиши учун “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилади. Бунинг учун янги йилда 1 январдан бошлаб мол-мулк ва ер солиқларининг бир қисми маҳалланинг ўзида қолади.
Шу билан бирга, Конституциямизга аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши ва уй-жойга эга бўлиши тўғрисидаги янги моддаларни киритиш лозим, деб ҳисоблайман.
Аҳоли учун янги уй-жойлар қуриш ҳажмини 1,5 баробар ошириб, 90 мингга етказамиз. Бу борада икки йил олдин бошланган имтиёзли шартлар асосида ипотека кредитлари бериш давом эттирилади.
Келгуси йилда Тошкент вилоятида “Менинг биринчи уйим” янги ипотека дастури бошланади. Дастур доирасида, биринчи навбатда турар-жойга эҳтиёжи бор ҳамда ёш оилалар учун энг қулай шартлар асосида уй-жойлар барпо этилади.
Бундан ташқари, жамоат транспортидаги вазият мутлақо ўзгаради. Тошкент шаҳри учун қўшимча равишда 1 мингта замонавий автобус сотиб олинади, 7 та ер усти метро бекати ишга туширилади. Буларнинг ҳисобидан ҳар куни 500 мингдан зиёд пойтахт аҳолиси ва меҳмонларига қўшимча қулайликлар яратилади.
Ҳудудларда ҳам йўловчи ташиш сифатини яхшилаш мақсадида яна 1 мингта автобус ҳаракати йўлга қўйилади. Бу орқали жамоат транспорти бўйича аҳвол оғир бўлган 300 та маҳалладаги 1 миллион аҳолининг узоғи яқин қилинади.
Учинчи йўналиш. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши лозим.
Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида адолат ўрнатиш бўйича кўп иш қилдик. Шу билан бирга, одил судловни таъминлаш бўйича ҳали қўлимиз етиб бормаган масалалар бор. Афсуски, ҳозир ҳам тергов сифати пастлиги, судларда одамларнинг оворагарчилиги, суд қарорлари ижро этилмай қолаётгани билан боғлиқ ҳолатлар учрамоқда.
Бу масалалар, энг аввало, Олий суд раиси ва Бош прокурорни ташвишга солиши керак.
Нима учун ҳалигача давлат ҳисобидан бепул таъминланадиган адвокатларни электрон танлаш тизими ишга тушмади? Ким бунга қарши?
Бу масалани алоҳида назоратга олиб, тез кунларда ушбу тизимнинг тўлиқ ишга туширилишини таъминлашимиз зарур.
Шу боис, қисқа муддатда ҳуқуқ-тартибот идораларини янгича ишлашга ўргатадиган, одил судлов сифатини оширадиган тизим яратамиз. Бу масалада алоҳида Фармон имзоланади.
Энг аввало, одамларимизнинг жойларда судма-суд сарсон бўлиб юришларига барҳам берилади. Бунинг учун адолатли ҳукм ва қарор чиқариш бўйича вилоят судларининг ваколати ҳам, масъулияти ҳам оширилади.
Тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкцияни прокурордан судга ўтказамиз. Энди терговчи жиноятга алоқадор деб, ҳар қандай мулкни хатлаб қўя олмайди. Ахир, биз хусусий мулк дахлсизлигини кучайтириш бўйича озмунча ҳаракат қиляпмизми?
Бундан буён мулк ҳуқуқини чеклашга оид ҳар қандай ҳаракат фақат суд орқали бўлади.
Тергов сифатини ошириш бўйича ҳам тизимли чоралар кўрамиз. Тергов шахсни айблаш учун эмас, жиноятни фош этиш орқали ҳақиқатни аниқлаш учун ишлаши керак.
Шу билан бирга, судда ишларни кўришда қатнашадиган алоҳида прокурорлар корпуси шакллантирилади. Улар махсус ўқитилади, ишни судда кўришда холис, мустақил бўлиши қонун билан белгиланади.
Одил судловни таъминлашда ҳимоячига берилган ҳуқуқлар ҳам қайта кўриб чиқилиб, етмайдиган ваколатлар берилади.
Нима учун адвокатга жиноят иши қўзғатиш ва тугатиш ҳақидаги қарордан нусха берилмайди? Бундай ҳолатда тенглик ҳақида қандай гапириш мумкин?
Энди судларга жиноят иши фақат айблов хулосаси билан эмас, балки ҳимоячининг фикри билан бирга қабул қилинади.
Айбланувчининг ҳимоячидан воз кечиши бўйича ҳар бир ҳолат прокурор, суд томонидан синчиклаб ўрганиладиган тизим жорий қилинади.
Охирги пайтларда айрим вақтинча ушлаб туриш жойларида инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича оғриқли масалалар кўтарилмоқда.
Бизнинг юртимизда бундай ҳолатлар умуман бўлиши мумкин эмас. Ким бунга амал қилмаса, қонун устувор, жазо муқаррар бўлади.
Шу боис, бундай жойларга олиб келинган барча шахсларни ҳисобга олишнинг онлайн тизими жорий этилади ва юзни таниш ускунаси ўрнатилади.
Ҳеч кимнинг унутишга ҳаққи йўқ – қонун талаблари ва инсон ҳуқуқлари – биз учун олий қадрият.
Бош прокурор ва Ички ишлар вазири бу ҳақиқатни ҳар бир ходимига етказиб, таъсирчан назорат ўрнатиши шарт.
Илғор хорижий тажрибалар асосида маъмурий судлар фаолиятини янги босқичга олиб чиқамиз.
Маъмурий судларга ҳоким қароридан норози бўлиб мурожаат қилинган тақдирда, ишларни экстерриториал тартибда, яъни бошқа ҳудудда ҳам кўриш амалиёти жорий қилинади.
Вазирлар ҳам, ҳокимлар ҳам бир ҳақиқатни яхши тушуниб олиши керак: Ўзбекистонда мулк ва инвестициянинг ҳимоячиси қайсидир ҳоким ёки вазир эмас, фақат Конституция, қонун ва суд бўлади.
Бу борада Халқаро тижорат судини Ўзбекистонда ташкил қилиш бўйича ҳам амалий ишлар бошланди.
Юқоридаги барча ташаббусларни Конституцияда тўғридан-тўғри муҳрлаб қўйиш лозим.
Шу ўринда биз учун долзарб муаммо бўлган коррупция масаласига алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман.
Ўтган икки йилда 5 мингга яқин мансабдор коррупцияга доир жиноятлар бўйича жавобгарликка тортилди. Лекин, очиқ айтиш керак, бу – масаланинг сабаби билан эмас, оқибати билан курашиш.
Депутат ва сенаторлар, маҳаллий кенгашлар ҳам бонг уриб, аниқ соҳаларни таҳлил қилиб, коррупцияни бартараф этиш бўйича фаол бўлишлари керак эмасми?
Ҳар бир депутат ўзининг округидаги бюджет ҳисобидан бўлаётган қурилишлар, йўлларни, ҳар ойда бориб кўрса, буюртмачи ва пудратчидан сифатни талаб қилса, биласизларми, аҳвол қандай ўзгаради? Бунинг учун сизларда етарли ваколат ҳам, шижоат ҳам бор.
Коррупцияга қарши курашиш борасида алоҳида қонунлар қабул қилиниб, ҳуқуқий асослар яратилди.
Энди амалий ишларни кучайтириш керак. Сунъий монополияга, ёпиқ схемаларга, умуман коррупцияга имкон яратадиган барча бўшлиқларга барҳам берилади.
Тўртинчи йўналиш экология, айниқса, сув масалалари глобал муаммога айланиб бораётгани билан боғлиқ.
Биз нафақат бугунги, балки келажак авлодларни ҳам ўйлашимиз шарт. Шу боис, Конституциямизда табиий ресурслар, жумладан, сув ҳавзалари ва ер ости захираларини муҳофаза қилиш бўйича талабларни кучайтиришимиз зарур.
Биласиз, мамлакатимиз сўнгги 3 йилда қурғоқчиликни бошдан кечирди. Бунинг таъсири, айниқса, Амударёнинг қуйи ҳавзасидаги ҳудудларимизда яққол сезилди.
Шу ўринда Амударё ўзанида янги канал қурилиши бўйича қўшни Афғонистоннинг муваққат ҳукумати ҳамда жаҳон ҳамжамияти билан бирга халқаро меъёрлар асосида ва минтақанинг барча давлатлари манфаатларини инобатга олиш юзасидан амалий мулоқотлар олиб бориш лозим, деб ҳисоблаймиз. Бундай ёндашув қўшниларимиз томонидан ҳам қўллаб-қувватланишига ишонамиз.
Умуман, сўнгги 15 йилда ёғингарчилик 25 фоизга қисқарди. Ёзда ўта иссиқ кунлар давомийлиги ортгани олдимизда ҳали катта синовлар борлигидан далолат беради. Лекин ҳозирги вақтда экин майдонларига сув етказиб беришда сезиларли йўқотишлар бор. Шу боис, сув хўжалиги тизими ислоҳ қилинади.
Сувнинг ҳисобини очиқ-ошкора юритиш тизими жорий этилади ва келгуси уч йилда 13 мингга яқин сув хўжалиги объекти рақамлаштирилади. Шу билан бирга, 16 та йирик насос станцияси давлат-хусусий шерикчилик асосида модернизация қилинади ва муқобил энергияга ўтказилади.
Буларга қўшимча равишда сув солиғи бўйича тушумларнинг бир қисми туманларда суғориш хизматларини ривожлантириш, ариқ, зовур ва каналларни бетонлашга йўналтирилади.
Ҳозирги вақтда бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам жиддий экологик муаммолар пайдо бўлмоқда. Аксарият ҳудудларимизда тупроқ таркиби бузилиб, унумдор ерлар қисқариб бораётгани, чўлланиш, сув етишмаслиги, қурғоқчилик, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш шулар жумласидандир.
Табиатимизни асраб-авайлаш, сув, ҳаво ва атроф-муҳитни тоза тутиш келгуси йилда ҳар бир маҳалла аҳолисининг маданияти ва амалий ҳаракатига айланиши керак. Бу борада мавжуд вазиятни ижобий томонга ўзгартириш учун экология ва атроф-муҳитни асраш бўйича саъй-ҳаракатларимизни, хусусан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишларимизни кучайтирамиз.
Ҳурматли халқ вакиллари!
Биз қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни қатъий давом эттирамиз.
Ер муносабатлари бўйича катта ишларни бошлаб, шу йилнинг ўзида 100 минг гектар экин ерини аҳолига деҳқончилик қилиш учун бўлиб бердик. Бунинг ҳисобидан 1,5 миллион тонна қўшимча озиқ-овқат етиштирилди.
Энг асосийси, қишлоқларда 400 мингта янги деҳқон хўжалиги ташкил қилинди, 1 миллион 200 мингдан зиёд одамларимиз банд бўлиб, даромад оляпти.
Агар шу ислоҳотни қилмаганимизда, бозор ва дўконларимиз ҳозиргидек тўкин бўлармиди, экспорт шу даражага етармиди, жон бошига даромад ўсармиди?
Шу боис, 2023 йилда ҳам сув таъминоти яхши бўлган 100 минг гектар қўшимча экин майдонларини аҳолига ажратамиз. Бунинг ҳисобидан қарийб 350 мингта янги деҳқон хўжалиги ташкил этилади.
Агар жами 750 мингта янги деҳқон хўжалигини тадбиркорга, ер эгасига айлантира олсак, қишлоқда жуда кўп ижтимоий муаммолар, аввало, ишсизлик ва камбағаллик масаласи ечилади. Мен бунга ишонаман.
Вилоят ва туман ҳокимлари бу ишни самарали ташкил этишга масъул ва жавобгар бўлиб, халқ олдида доимий ҳисобот бериб боришлари керак. Бунинг учун кооперацияни фаол қўллаб-қувватлаймиз, кичик ва ўрта қувватли сақлаш корхоналари, саралаш ва қайта ишлаш инфратузилмасини ривожлантирамиз.
Умуман, аграр соҳада юқори қўшилган қиймат занжирини яратиш лойиҳаларига 2023 йилда 1 миллиард доллар ажратилади.
Бешинчи йўналиш. Эркин бозор механизмларини жорий қилиш, соғлом рақобат ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш Конституцияда алоҳида ўрин эгаллаши керак.
Бугунги кунда дунёда содир бўлаётган кескин жараёнлардан барчангиз хабардорсиз. Жаҳонда мураккаб геосиёсий вазият, энергия ресурслари танқислиги кучайиб бормоқда, озиқ-овқатга эҳтиёж ортиб, молиявий ресурслар қимматлашмоқда.
Бундай вазиятда, қанчалик оғир бўлмасин, иқтисодий ислоҳотларни қатъий давом эттирамиз, ички имкониятларни тўлиқ сафарбар қилиб, хусусий секторни янада қўллаб-қувватлаймиз. Бунинг учун, энг аввало, тадбиркорлик муҳитини тобора яхшилаш бўйича ислоҳотларни жадаллаштирамиз.
Биринчи навбатда, ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий тенгсизликни қисқартириш, барча туман ва шаҳарларни бир маромда ривожлантириш бўйича янгича ёндашувлар жорий этилади.
Биз чуқур таҳлил қилдик. Келгуси йилдан бошлаб туман ва шаҳарлар мавжуд шароити, салоҳияти ва имкониятларидан келиб чиқиб, 5 та тоифага ажратилади. Жумладан, тадбиркорлик учун ҳар томонлама ривожланган 26 та туман – 1-тоифага; инфратузилмаси яхши бўлган 46 та туман – 2-тоифага; шароити нисбатан қониқарли бўлган 76 та туман – 3-тоифага; жозибадорлиги етарли бўлмаган 40 та туман – 4-тоифага; шароити оғир бўлган 20 та туман – 5-тоифага тўғри келади.
Энди тоифага қараб, туманларнинг иқтисодий ривожланишини белгилаймиз. Тадбиркорлар учун субсидия, кредитлар ва компенсациялар тоифалардан келиб чиқиб ажратилади. Улар учун солиқ ставкалари ҳар хил бўлади.
Мисол учун, бешинчи тоифага кирувчи, шароити энг оғир бўлган 20 та туман учун айланмадан олинадиган солиқ, фойда солиғи, ижтимоий солиқ ставкаларини 1 фоиз миқдорида белгилаймиз. Мазкур туманлардаги тадбиркорлар ер ва мол-мулк солиқлари бўйича ҳисобланган сумманинг атиги 1 фоизини тўлайди. Якка тадбиркорлар қатъий ставкадаги солиқларни тўлашдан озод этилади.
Худди шундай, бошқа тоифадаги туманларда кредитларга пасайтирилган фоиз ставкаларини қўллаш, инфратузилма харажатларини давлат томонидан қоплаб бериш каби бир қатор енгилликлар берилади.
Бюджет харажатлари, аҳоли ва тадбиркорлар олдидаги мажбуриятларимизни қисқартирмаган ҳолда, бизнесга солиқ юкини камайтириш бўйича ишларни давом эттирамиз. Жумладан, 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкасини 15 фоиздан 12 фоизга пасайтириш ҳисобидан тадбиркорлар ихтиёрида йилига камида 14 триллион сўм маблағ қолади. Лекин бизнес муҳитини яхшилаш учун фақат солиқни камайтиришнинг ўзи етарли эмас.
Ўтказилган сўровларда 70 фоиз тадбиркорлар солиқ, божхона, ҳокимият, электр, кадастр, ёнғин хавфсизлиги, санитар назорат каби идоралар томонидан маъмурий босимлар борлигини билдирган. Шу боис, 2023 йилда назорат қилувчи ва рухсат берувчи идоралар фаолияти яна бир марта танқидий кўриб чиқилади.
Биринчи навбатда, илғор тажрибалар асосида солиқ ва божхона маъмурчилиги жиддий ислоҳ қилинади. Бунда ҳамма давлат идораларида тадбиркорларга сервис хизмати кўрсатишни баҳолаш тизими жорий қилинади. Келгуси йил шу масала билан қаттиқ шуғулланамиз.
Таъкидлаб айтмоқчиман: биз тадбиркорлик соҳасида жавобгарликни енгиллаштириш бўйича бошлаган ислоҳотларимизни жадал давом эттирамиз.
Ҳурматли дўстлар!
Халқимиз ҳам, тадбиркор ва инвесторлар ҳам биздан долзарб масала бўлган энергетика соҳасида аниқ ечимлар кутаётгани сир эмас.
Очиқ айтиш керак, энергетика соҳасидаги муаммолар бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ.
Кўп йиллар давомида янги газ конларига инвестиция киритилмагани, электр ва газ тармоқлари модернизация қилинмагани ҳам айни ҳақиқат. Оқибатда тизимда аниқ ҳисоб-китоб йўқлиги, катта йўқотишлар оддий ҳолга айланиб қолган эди.
Шу билан бирга, сўнгги олти йилда аҳолимиз 13 фоизга, саноат корхоналари эса 2 баробар ортиб, 45 мингдан 100 мингтага кўпайди. Натижада электр энергиясига талаб камида 35 фоиз ошди ва йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.
Иқтисодиётимиз барқарор ривожланиши учун энергетика соҳасига 25-30 миллиард доллар инвестиция керак. Бунга фақатгина хусусий инвестицияларни жалб қилиш орқали эришиш мумкин.
Шу боис, сўнгги уч йилда соҳага 8 миллиард долларлик тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилинди. Жумладан, ўтган ҳафтада Бухоро, Наманган ва Хоразмда қуввати 500 мегаваттли яна 3 та қуёш станциясини қуриш бўйича танлов якунланди. Депутат ва сенаторлар томонидан қабул қилинган янги қонунлар бунинг учун ҳуқуқий асос бўлди.
Йил бошидан қуввати 1,5 минг мегаваттли 7 та электр станциясини ишга туширдик.
Келгуси йилда яна 4,5 минг мегаваттли 11 та йирик лойиҳани якунига етказамиз. Жумладан, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Фарғона ва Тошкент вилоятларида барпо этиладиган қуёш ва шамол электр станциялари ҳисобидан қўшимча 14 миллиард киловатт электр ишлаб чиқарилади. Бу орқали хонадонларга бериладиган электр энергияси 50 фоизга кўпаяди.
Очиқ айтиш керак, кўп иқтисодчилар энергетика соҳасида эркин бозорга ўтишни таклиф қилмоқда.
Бу – тўғри йўл. Мен ҳам буни хоҳлайман. Лекин халқимизнинг жон бошига даромади, ижтимоий ҳимоясини ўйлаб, бу соҳадаги ислоҳотларни шошмасдан, босқичма-босқич қилишимиз керак.
Энг муҳим масала – энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш.
Афсуски, иқтисодиётимизда энергия сарфи бошқа давлатлардан 2 баробар юқори. Шунинг учун энергия самарадорлигини ошириш Миллий дастурини қабул қиламиз. Депутат ва сенаторларимиз бу ишга бош-қош бўлса, албатта ижобий натижа бўлади.
Уй, ишхона, боғча, мактаб ва кўчаларда одамларимизга энергиянинг қадрига етиш, уни тежашни ўргатиш керак. Қонунларимизда ҳам бу масалаларни мустаҳкамлаш зарур.
Шу билан бирга, кичик ҳажмдаги қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кескин оширилади. Мисол учун, Тошкент вилоятида Олмалиқ, Бекобод комбинатлари ва бошқа йирик корхоналар ўз эҳтиёжлари учун 1 минг мегаваттли қуёш электр станцияларини ўрнатса, йилига 2,5 миллиард киловатт соат электр ишлаб чиқарилади. Бу орқали Тошкент вилоятининг қарийб 30 фоиз электр истеъмоли таъминланади ва 500 миллион куб метр газ тежалади.
Худди шундай асосда бошқа вилоятлар ҳам ҳисоб-китобларини қилиб, келгуси йил учун аниқ режаларини белгилаб олиши керак.
Республиканинг ҳар бир туман ва шаҳар ҳокими ҳам ўз ҳудудидаги хонадон ва корхоналарда жами 5-10 мегаваттли қайта тикланувчи энергия лойиҳаларини амалга ошириши шарт.
Агар ана шу масалага жиддий киришсак, бу ишлар албатта натижасини беради.
Умуман, келгуси уч йилда барча давлат ташкилотларида қуёш панеллари ва иссиқ сув коллекторлари ўрнатилади. Ушбу мақсадларда 2 миллиард доллар миқдорида инвестиция жалб қилинади. Бунинг ҳисобидан уларнинг 60 фоиз электр ва газ истеъмоли “яшил энергия”га ўтказилади.
Аҳоли хонадонларида эса, қуёш панели ўрнатишга ажратиладиган субсидиялар ҳажми 2 баробар кўпайтирилади.
Умуман, “яшил энергия”га тезроқ ўтмасак, бу борада қонунларимизда ҳам аниқ механизмларни белгиламасак, аҳолимиз ва тадбиркорларимизни рози қила олмаймиз.
Газ захираларини кўпайтириш мақсадида геология-қидирув ишлари бўйича ўн йиллик дастур қабул қиламиз. Бунда янги технологияларни жорий этиб, илк бор чуқур қатламларда газ қазиб чиқариш ишларини бошлаймиз. Жумладан, Устюртнинг юқори истиқболга эга чуқур қатламларида қидирув ишларига нуфузли хорижий инвесторлар жалб қилинади.
Газ қазиб чиқаришга олдин берилган барча лицензиялар қайта кўриб чиқилади, самарасиз ишлаётган корхоналар бўйича тегишли чоралар кўрилади.
Олтинчи йўналиш. Иқтисодиётга маҳаллий ва хорижий хусусий инвестицияларни кўпайтириш учун шароитларни янада яхшилаймиз.
Биз сўнгги олти йилда инвестициялар ҳажмини ялпи ички маҳсулотнинг 30 фоизидан оширишга эришдик.
Келгуси йили қарийб 30 миллиард доллар сармоя жалб қилинади, шундан 25 миллиард доллар хусусий инвестициялар бўлади. Жумладан, умумий қиймати 8 миллиард долларлик 300 дан зиёд лойиҳани ишга туширамиз ва яна 40 та янги йирик лойиҳа бошланади.
Мисол учун, “Ёшлик” мис конини ўзлаштиришнинг биринчи босқичи якунига етказилиб, 60 миллион тонна рудани қайта ишлаш қувватига эга 3-мисни бойитиш фабрикаси ишга тушади. Бу орқали Олмалиқ комбинатининг рудани қайта ишлаш қуввати ҳозирги 40 миллиондан 100 миллион тоннага етади.
Шу билан бирга, Олмалиқда мисни бойитиш фабрикаси ва Мис эритиш заводи лойиҳалари бошланади.
Навоийдаги Пистали конида 4 миллион тонна олтин рудасини қайта ишлаш мажмуасининг қурилиши якунланади.
Металлургия соҳасида амалга оширилаётган катта дастурларимиз беш йилдан кейин мисни – 3 баробар, олтинни эса йилига 150 тоннагача ошириш имконини беради.
Кимё, автомобилсозлик ва қишлоқ хўжалиги машинасозлигида ҳам катта-катта лойиҳалар ишга туширилади.
Шу билан бирга, фаол инвестицияларни жалб қилишда хусусийлаштириш ва давлат-хусусий шериклик имкониятларидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш зарур.
Келгуси йили катта хусусийлаштиришни бошлаймиз, 1 мингга яқин корхона савдога чиқарилади.
Бугун кўнглимдаги бир ниятимни сизларга очиқ айтмоқчиман. Менинг катта ниятим – юртдошларимиз орасида юз минглаб мулкдорлар, акциядорлар пайдо бўлсин. Одамларимиз ўз омонатларини инвестиция қилиб, юқори даромадларга эга бўлсин.
Шунинг учун топшириқ бердим: келгуси йилда энг йирик 10 та компания ва тижорат банкларимизнинг акциялари ўз аҳолимиз учун очиқ ва шаффоф савдога чиқарилади.
Бу чинакам халқчил IPO бўлишига ишонаман.
Шу борада илгари ҳам айтган гапимни такрорлашни ўринли, деб биламан: халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади.
Навбатдаги масала – 2023 йилда тайёр маҳсулотлар экспортини қўшимча 4 миллиард долларга ошириш асосий мақсадимиз бўлади.
Бу йил бошланган “Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти” дастури ўз самарасини бермоқда. Бир йилнинг ўзида 2 мингга яқин тадбиркорлар илк бор ташқи бозорларга чиқди.
Келгуси йилда ҳам экспорт қилувчиларга транспорт ва бошқа харажатларини компенсация қилиш давом эттирилади.
Европа бозорларига текстиль, электр техникаси, чарм-пойабзал ва бошқа тайёр маҳсулотлар экспортини камида 2 баробар оширамиз. Маҳсулотлар экспорти бўйича ҳозирги 9 та босқичдан иборат божхона расмийлаштируви 3 баробар қисқаради.
Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича асосий музокараларни якунлаб, ички қонунчиликни мослаштириш, янги стандартларни жорий этиш ишларини жадаллаштирамиз.
Умуман, 2023 йилда экспорт ҳажми тарихимизда илк бор 23 миллиард доллардан ортади.
Ҳурматли депутат ва сенаторлар!
Дунёдаги ҳозирги мураккаб шароитда очиқ ва прагматик, ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган ташқи сиёсатни изчил давом эттирамиз.
Бундан кейин ҳам асосий эътиборимизни Марказий Осиёдаги барча қўшни мамлакатлар ва дунёдаги стратегик шерикларимиз бўлган давлатлар, халқаро ташкилотлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтиришга қаратамиз.
Миллий хавфсизликни таъминлаш, Қуролли Кучларимиз жанговар салоҳиятини ошириш борасидаги ишларимизни янги босқичга олиб чиқамиз.
Шу ўринда депутат ва сенаторларимиз, маҳалла, нуроний, хотин-қизлар ва ёшлар фаолларига, бутун халқимизга қарата айтмоқчиман: энг бебаҳо олий неъмат – тинчлигимиз ва осойишталигимизнинг қадрига етайлик, оилаларимиз, фарзандларимиз, келгуси авлодларимизнинг бахту камоли учун бу улуғ бойликни асраб-авайлайлик!
Шу мақсадда биз ёшларимизни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг она юртга меҳри ва садоқатини оширишга янада кўпроқ аҳамият беришимиз керак.
Ёш авлодимизни ана шундай баркамол, эл-юрт учун фидойи инсонлар қилиб тарбиялашда биз муҳтарам нуронийларимизга таянамиз.
Ҳаётимизнинг файзу фариштаси бўлган дуогўй отахон ва онахонларимизнинг сиҳатгоҳларда саломатлигини тиклаш, уларга маҳалла ва жамоат масканларида қўшимча шароитлар яратишни давом эттирамиз.
Миллати, тили ва динидан қатъи назар, Ўзбекистонни ўзининг Ватани деб биладиган, унинг равнақи учун ҳисса қўшиб келаётган ҳар бир фуқаро бундан буён ҳам давлатимиз ва жамиятимизнинг эътибори ва ардоғида бўлади.
Миллатлараро дўстлик, диний конфессиялар ўртасидаги ҳамжиҳатлик, ижтимоий бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.
Бутун дунёда кучайиб бораётган радикализм, экстремизм, терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик каби хатарлар, афсуски, бизни ҳам четлаб ўтмаяпти. Лекин такрор айтаман, мусулмон умматига сабоқ берган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби буюк уламолар етишиб чиққан бизнинг диёримизда бу борада адашганлар, радикализм ва экстремизм ғояларига берилганлар бўлиши мумкинми?
Биз жамиятимизда ҳар қандай радикаллашувга, ёшларимиз онгини бузғунчи ёт ғоялар билан заҳарлашга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга, маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўймаймиз. Бунинг учун нафақат масъул ташкилотлар, балки барчамиз биргаликда муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, фарзандларимизни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш бўйича оила, маҳалла ва таълим масканларида иш олиб боришимиз зарур.
Бу муҳим масалада алоҳида Миллий дастур қабул қиламиз.
Жамиятимизнинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, маданият соҳасини ривожлантириш, илмий-ижодий ташкилотлар, муҳтарам зиёлиларимиз фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳам биз учун устувор йўналишлардан бири бўлади.
Биз қадимий ва бой тарихимизни, айниқса, ғоят оғир шароитда илм-маърифат, инсон эркинлиги, халқ озодлиги, Ватанга, миллий қадриятларга меҳр ва садоқат ғояларини дадил кўтариб чиққан жадид боболаримиз фаолиятини янада чуқур ўрганишимиз лозим. Уларнинг улуғ мақсадлар йўлидаги мардона кураши ва фидойилиги Янги Ўзбекистонни қуришда барчамиз, аввало, ёшларимиз учун чинакам ибрат мактаби бўлиб хизмат қилиши зарур.
Франциядаги машҳур Лувр музейида шу кунларда давом этаётган миллий кўргазма халқимизнинг ноёб тарихий мероси, бетакрор маданияти ва анъаналарига хорижда қизиқиш қанчалик юқори эканини кўрсатмоқда. Бундай тарихий ва маданий бойликларимизни ёшларимизга ва хорижий туристларга янада кенгроқ таништириш, музейларни замон талабларига мослаштириш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади.
Қадрли юртдошлар!
Мана, сизлар билан биргаликда 2023 йил учун улкан мақсад ва вазифаларни белгилаб олдик. Албатта, дунёдаги ҳозирги мураккаб шароитда бу вазифаларни амалга ошириш осон бўлмайди. Лекин биз ўтган даврда катта билим ва тажриба тўпладик. Энг муҳими, ўз куч ва имкониятларимизга бўлган ишончимиз тобора ортиб бормоқда.
Шу боис, қанчалик қийин бўлмасин, танлаган йўлимиздан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Кўзлаган марраларимизга албатта етамиз. Бу йўлда нияти улуғ, қалби пок, меҳнаткаш халқимизга таянамиз.
Бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилсак, мен ишонаман, эл-юртимиз интилаётган Янги Ўзбекистонни албатта барчамиз биргаликда бунёд этамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, ислоҳотларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келаётган, барча синовларни мардона енгиб, ўзининг фидокорона меҳнати билан жонажон Ватанимиз равнақига беқиёс ҳисса қўшаётган мард ва олижаноб, бағрикенг халқимизга яна бир бор таъзим қиламан.
Барчангизни, бутун халқимизни кириб келаётган Янги йил байрами билан чин қалбимдан самимий табриклаб, сиҳат-саломатлик, файзу барака, оилавий бахт тилайман.
Юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!
Яратганнинг ўзи барчамизни, Ўзбекистонимизни паноҳида асрасин!
(Манба - president.uz)