Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
11 август, пайшанба. 2022 йил                         Махсус версия RU

Нуриддин ЭГАМОВ

24.06.2022


ЮРАГИДА ДУНЁЛАР БОР, ДАРЁЛАР БОР...

 27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни 

Кейинги вақтларда кўпчилик бирон киши ҳақида маълумот керак бўлганида дарҳол беминнат дастёр - "гугл"дан излашга одатланиб қолган. Бизнинг бугунги қаҳрамонимизни мабодо танимасангиз, "гугл"лардан излаб овора бўлманг. "Ие, бу қанақаси бўлди, ижодкор бўладию, интернетда номи чиқмайдими?", дерсиз? Уларга айтар жавобимиз, Сизу биз ўралашиб қолган виртуал дунёлардан ҳам минг карра кенгроқ дунёлар бор. Бу дунёлар самимий, дарёмонанд, бағрикенг инсонларнинг юрагида мужассам. 

Ҳа, Номоз Аҳмедов номини "гугл"ларингиздан қидириб юрманг. Устозимиз - шундай топилмас одам. Уни таниган-билганларнинг қалбларида муҳрланган бу ном. Эслатишингиз билан бу инсон билан боғлиқ мунаввар хотиралар шуурингиз ойнасига кўчаверади.

 "Мард бўлсалар, бир кун туриб берсинлар..." 

Бугун газета ўқимайдиганлар, ҳатто ўқимаслиги билан мақтанадиганлар кўпайиб кетди. "Газета", деган сўзни эшитганида бир сапчиб тушадиган калтафаҳмлар ҳам, минг афсус, бисёргина. Бугун "фуқаролик журналистикаси"нинг куюнчак вакиллари ютуқларини барчамиз бирдек эътироф этамиз. Аммо ўзини журналист ёхуд блогер атаб, сурат остидаги тўрт қатор тагсўзни ҳам эплаб хатосиз ёзолмасдан, давраларда ҳам ўзини аллома санаб, оқсоқол устозлардан ҳам тўрга чиқаётган айрим "эъжодкор"лар ҳам ҳали-ҳануз газетачиларнинг томорқасига тош отиш билан овора. Гўё ўзлари халқ манфаатининг толмас ҳимоячиларию, газетачилар - обуна баҳона одамларнинг нонини туя қиладиган "муттаҳам"лар... Шундай кезларда ҳофизнинг машҳур қўшиғидаги сатрлар беихтиёр хаёлингизда айланади: "Сен ойлаб ўтказган қору ёмғирда мард бўлсалар, бир кун туриб берсинлар..."

 Фахрий журналист, “Шуҳрат” медали соҳиби Номоз Аҳмедов набираси Эъзоза билан.


 ...Ҳа, газетанинг "қору ёмғир"ини Номоз бувага ўхшаган фидойилардан сўранг... 

Яқинда, байрамимиз арафасида айнан журналистларни қўллаб-қувватлашга масъул бўлган идоралардан бирининг фаросатда "аросат" ходими устозга қўнғироқ қилиб, "Ўзи қаерда ишлагансиз, нима иш қилгансиз?" қабилидаги тутуриқсиз саволлари билан ранжитибди. Қизиғи, узоқ  йиллар вилоят газеталарига, Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлимига раҳбарлик қилган устозимиз Бўри Норқобиловга ҳам шу саволни беришибди. 

Буни эшитиб, менинг ҳам кўнглим хира тортди. Наҳотки фидойилик, заҳматли меҳнат шунчалик тез унутилса?! Ахир бу устозлар вилоят матбуотининг афсонага айланган тарихини яратишганида ўша дилозорлар ҳали туғилмаган бўлса ажабмас... 

Шу сабаб ҳам бу машаққатга йўғрилган тарих ҳақида ёзиш, кўпроқ ёзиш керак экан... 

Бизнинг салобатли "танка"миз 

Эсимда, 1997 йилда таҳририятга ишга келгандим. Газета эндигина компьютерда саҳифаланиб, офсетда босишга ўтган, "қўрғошин даври" тугаётган кезлар. Самимий қарши олди кўпчилик. Дастлаб стажировкада ишладим. Ўша пайтда иқтисодиёт бўлимида жавлон уриб юрадиган Номоз бувамиз дастлабки машқларимни кўриб, бош муҳаррирга "бўладиган...", деб мақтабдилар... 

Ҳеч ёдимдан чиқмайди. Мени иш ўргансин, деб навбатчига ёрдамчи этиб белгилашди. Навбатчи эса ўша пайтда тажанглиги билан ном чиқарган ходим эди. Ҳали матбаа бўлимига, ҳали корректурага, ҳали масъул котиб, ҳали навбатчию навбатчи муҳаррир хонасига зир қатнайвериб, ҳолдан тойдим. Саҳифаларни ўқиш, тузаттириш, тузатилганини яна солиштириш, яна муҳаррирга ўқитиш, яна тузаттириш... Бу жараён манаман деган одамни йиқитиши тайин... Устига-устак инжиқ навбатчи бақир-чақирини қўймайди. Яна ҳаммага мени ёмонлаб чиқишга ҳам улгурибди. Жонимдан ўтиб кетиб, шахд билан навбатчи хонасига бораётгандим, навбатчи муҳаррирлик қилаётган Номоз бува чақириб қолди. 

- Сиз зўр ишладингиз, - деди устоз салмоқланиб, кейинги сафар ўзингиз эплаб кетишингиз аниқ. Ҳозир эса уйингизга бемалол кетаверинг. Иккитагина саҳифа қолди. Навбатчиликни ўзим тугатиб қўяман... 

Ўттиз йил ишлаб қўйган одамнинг камтарлигидан, бағрикенглигидан очиғи жуда ҳайратга тушгандим ўшанда... 

Ҳозир Қарши халқаро аэропортида фаолият юритаётган журналист дўстимиз Толиб Темиров ҳикоя қилади: 

- Очиғи, кўпгина журналистлар шоирларни масъулиятсизликда айблашади. Агар нимадир ўхшамаса, "Э, шоир-да", деб қўйишади киноя билан... Шу сабабли таҳририятга янги ишга келганимда кўпчиликдан шеър ёзишимни беркитишга мажбур бўлганман. Аммо Номоз бува барибир сезиб қолди. "Шеър ёзганинг - жуда яхши, - деди елкамга қоқиб. - Мақолада ҳам шоирона ташбеҳлар бўлганига нима етсин". 

Ҳа, Номоз Аҳмедов адабиётни, айниқса, шеъриятни жуда қадрлайди. Олий ўқув юртида Усмон Азим, Эркин Аъзам сингари сўз дарғалари билан бирга сабоқдош бўлганликларидан мақтаниб юради. Давраларда Пушкин, Лермонтов,  Есениндан тортиб   Абдулла Орипов ва Рауф Парфигача  - жўшиб шеър ўқийди. Эсимда, таҳририятимиз жамоасининг Янги йил, Наврўз ёки 8 март муносабати билан ташкил этадиган байрам базмлари беихтиёр шеърхонликка уланиб кетарди. Бир томонда устозлардан Маҳмуд Пирматов, Қаюм Раҳимов, Норбўта Ғозиев, иккинчи томондан Музайям Мўйинова (раҳматли), Дилбар Кенжаева ва албатта гулдурак овозлари билан барчани мафтун этган Номоз бувамиз айтишуви ҳали-ҳамон кўз ўнгимиздан кетмайди...

Мактаб яратганлар сафида 

Бундан ўн беш йилча муқаддам "Qashqadaryo" газетаси "Олтин қалам" халқаро танловининг бош миллий мукофотига сазовор бўлди. Таҳририятнинг бу улкан муваффақиятида газетада бош муҳаррир ўринбосари сифатида фаолият юритган Номоз Аҳмедовнинг ҳиссаси жуда катта бўлган. У "мен "зам"ман,  деб қўл қовуштириб ўтирмади, қаламни ташламади. Ўша пайтларда ҳамманинг ҳам тиши ўтавермайдиган "Депутат ва кенгаш", "Доимий комиссиялар ҳаётидан", "Раҳбар ва унинг иш услуби", "Ҳоким билан суҳбат" сингари янги, ноёб, мураккаб ва ўта масъулиятли рукнларда туркум мақолалар ёзди. Очиғи, вилоятдаги йирик ташкилот раҳбарлари ва ҳокимлар Номоз буванинг интервьюларидан чўчишарди. Сабаби, устозда ҳамиша раҳбарни ўйга толдирадиган, уни ўз устида ишлашга, халқ дардида ёнишга ундайдиган "қалтис" саволлар тайёр турарди. Эсимда, Хонобод масаласида ўша пайтда "Халқ сўзи" газетасида эълон қилган материаллари жуда катта шов-шувларга сабаб бўлганди. Ана шундай журъат, эл дарди учун куюнчаклик мужассам бу инсонда... 

"Олтин қалам"дан кейин таҳририят ходимлари "Йилнинг энг фаол журналисти", "Энг улуғ, энг азиз", "Ташаббус", "Атиргул", "Инсон ҳуқуқлари - журналист нигоҳида", "Жамият ва мен", "Эътироф", "Келажак овози" сингари бир қатор кўрик-танловларнинг ғолиблари сафидан жой олишди. Тан олиш керакки, шогирдларининг бу ютуқларида устознинг ҳам муносиб улушлари бор. Мана шу ютуқлар сабабли таҳририят ходимларининг пойтахтга саёҳати ташкил этилган, саёҳат асносида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси залида ўтказилган депутатлар ва "қашқадарёчи"лар мулоқоти, Миллий матбуот марказида мамлакатнинг нуфузли ОАВ раҳбарлари иштирокида ташкил этилган учрашувда жамоа ютуқлари юксак баҳоланган эди. 

"Qashqadaryo"да миллий журналистиканинг ўзига хос мактаби яратилган", деб айтганди таҳририятда республика матбуоти вакиллари иштирокида ўтказилган семинарда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист  Муҳаммаджон Обидов. 

Эътироф этиш керакки, Номоз Аҳмедов мана шу мактабни яратганларнинг ҳамиша олд сафида бўлган.                         "Балогардон" 

Бугун ижтимоий тармоқ, мессенжер ёки сайтда қўполроқ хатога йўл қўйган журналист нуқсонини осонгина тўғрилаб қўя олади. Бироқ газетада бундай хато кечирилмайди. Ва жуда оғир оқибатларга олиб келади. Ўн беш- йигирма йил муқаддам биргина имло ёки техник хато туфайли газетанинг неча ўн минглаб нусхалари почтадан қайта йиғиб олиниб, қайтадан босилганини биламиз. Кошки, ташвишлар шу билан тугаса экан. Энг ёмони охирида бошланарди. Хатони ўтказган мақола муаллифи, мусаҳҳиҳ, мусаҳҳиҳ ёрдамчиси, навбатчи, навбатчи муҳаррир, матбаа бўлими ходими барчаси жазодан "бебаҳра" қолмасди. Газетани қайта чоп этиш харажатлари улардан ундириб олинар, устига-устак "ҳайфсан" билан сийланганлари боис ойлаб мукофот ва бошқа рағбатлардан маҳрум бўлишарди. Бу ҳали ҳолваси, баъзилар бундай хатоси туфайли ишдан ҳам бўшатилган. Бундай пайтларда ишончли қалқонимиз, балогардонимиз Номоз бува бўларди. 

Қиш забтига олган изғирин кунлардан бирида газетада содир бўлган мана шундай вазият ҳеч ёдимдан чиқмайди. Ўша пайтда таҳририятда   масъул котиб эдим. Газетада хато кетди. Икки жойда "II" рақамини "III" тарзида тузатиш керак экан, холос. Аммо 12 000 дан ортиқ адад босиб бўлинган. Буёғи вақт ҳам шомдан ўтган эди. Номоз бува билан бош муҳаррирга кирдик. Бошимизни хам қилиб турибмиз. Бош муҳаррир аччиқ устида бутун навбатчилик гуруҳини - уч нафар ходимни ишдан олишни, улардан қайта чоп этиш харажатларини ҳам ундиришни буюрди. Номоз бува босиқлик билан раҳбарни муросага чақирди. Газетани қайта босишга ҳожат йўқлигини, қўлда бўлса ҳам хатони тузатиб чиқиш мумкинлигини икковлашиб зўрға тушунтирдик. 

Ўн икки минг нусха газетадаги хатони қўлда ўхшатиб тузатиш оғизга осон экан. Ўшанда деярли бутун жамоа туни билан ухламасдан босмахона металларидан ясаб олинган ҳарфли "муҳр"ни қўлда газетага босиб чиқдик. Қўлларимиз, юзларимиз қора бўёққа беланган, бир-биримизга қараб куламиз... 

Тонгга яқин заҳматли ишимиз якун топди. Кўпчилигимиз уйимизга ҳам кета олмадик. Оғир иш куни навбатдагисига уланиб кетди. Бош муҳаррир ҳалиям жаҳлидан тушмаган экан. Кечаги "айбдор" уч кишини бўшатишга буйруқ тайёрлашни айтди. Орага яна "балогардон"имиз тушди... 

Бир оғиз сўзига тўн ёпишган... 

- Бугун Номоз буванинг номини бу ерда ишлайдиган биз каби шогирдлари туфайли бутун телеканалимиз ходимлари яхши билишади, - дейди айни пайтда "Маҳалла" телеканали бош муҳаррири, халқаро "Олтин қалам"    мукофоти соҳиби Назарали Тиллаев.  - Таҳрирдами, титрдами - бирон жойда муаммо бўлса, кимдир албатта "Агар Номоз бувангиз кўрсалар...", деб қоларди... 

Дарҳақиқат, Номоз бува - ҳақиқий сўз устаси. У кишининг нозик сўз ўйинлари, пайровлари ҳали-ҳануз ижодкорлар даврасида тилдан тилга кўчиб юради. 

Воҳамиз журналистлари билан Фарғонада ижодий сафарда эдик. Қамчиқдан ўтаётиб, Номоз бувага "Эҳ-ҳе, Отабек Тошкентдан Марғилонга  Кумушни бир кўрай деб отда шунча жойдан тоғу тош ошиб борганми, зарил келган эканми?!", - дедим. Номоз бува кулимсираб қўйди. 

Водийлик ҳамкасблар даврасида устозга сўз беришди. У салмоқланиб, даврадагиларга менинг довондаги гурунгимни эслатди. Ва қўшимча қилди: 

- Бундай инсонларнинг қошига довон ошиб нафақат отда, балки эмаклаб келсанг ҳам арзир экан... 

Сўзнинг, лутфнинг қудратини қаранг. Даврадагилар қийқиришиб устозга тўн ёпишганди ўшанда... 

-"Қашқадарё" газетасида навбатчи эдим, - деб хотирлайди айни пайтда "Халқ сўзи" газетасида бўлим муҳаррири бўлиб ишлаётган Фахриддин Бозоров. - "Ибрат"миди, "Ғурур"миди, ҳозир ёдимда йўқ, шу сонда кетаётган  мақоламнинг сарлавҳаси Номоз буваники билан "кесишиб" қолганини айтишди. "Сарлавҳангизни ўзгартириб берар экансиз, менинг сарлавҳам билан бир хил бўлиб қолибди",  - дедим атай жиғига тегиш учун. "Нега энди сизники бўлар экан? - деди устоз ҳозиржавоблик билан.  - Бу сарлавҳани мен ўттиз йилдан бери ишлатаман..." 

Номоз буванинг газетачига хос масъулият билан йўғрилган  яна бир одатларини ҳали-ҳамон табассум билан эслаймиз. Иш вақти тугаб, эшикни ёпганларидан сўнг устоз остонада узоқ вақт туриб қоларди. Қарасак, бармоқларини бигиз қилиб нималарнидир санаётган бўлади. Билсак, хонадаги ҳар бир электр жиҳозининг ўчганини бармоқ нуқиб текшириб чиқаётган экан... 

* * * 

Яқинда бир гуруҳ шогирдлари байрам баҳона  етмишга тўлган устозни йўқлагани Бўлмасдаги хонадонларига бордик. Хабарсиз қолибмиз, ҳамиша гурсиллаб юрадиган Номоз бувамиз кардиология шифохонасида даволаниб чиқибди... 

Дастурхон бошида байрам билан қутлаб, у кишининг шаънига ширин тилаклар айтдик. Барибир энг асосий гап қолиб кетибди. Буни у киши умрларини бағишлаган, чин юракдан, меҳр бериб ишлаган, ҳаттоки қурилиш ташкилотидаги ёғлиққина мансабини алиштирган қадрдон газеталари орқали айтишга жазм этдим. 

Юракни асранг, Номоз бува! Бундай дарё юрак ҳар кимга ҳам ато этилавермайди. Ўзингизнинг иборангиз билан  айтганда, ҳали "иш кў-ў-ўп!" Ҳа, устоз, Сиз билан қиладиган ишларимиз жуда кўп! 

Нуриддин ЭГАМОВ

 

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

 

Report typo