Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
3 июль, якшанба. 2022 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

22.06.2022


Яшил шаҳарда – яшил технологиялар кўргазмаси

Шаҳрисабз шаҳрида қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни кенгайтириш ва шунга асосланган замонавий технологияларни жадал тадбиқ этиш бўйича ўтказилган кўргазмада қуёш электр панеллари ва сув иситиш қурилмалари ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи 25 та тадбиркорлик субъекти иштирок этди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси томонидан ташкил этилган мазкур кўргазма Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 10 июнь куни қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни кенгайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги топшириқлар ижросига бағишланди.

Тадбир очилишида вилоят ҳокими М.Азимов ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг раис ўринбосари Ф.Тошпўлатов сўзга чиқиб, қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни кенгайтириш ва муқобил энергия ускуналарини ўрнатган аҳоли ҳамда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим жорий этиш аҳамияти хусусида тўхталиб ўтишди.

Тадбирда вилоят ташкилотлари, шаҳар ва туман ҳокимлари, шунингдек, Шаҳрисабз шаҳри ва тумани, Китоб, Яккабоғ, Чироқчи, Қамаши туманларидаги хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари ва аҳоли вакиллари иштирок этиб, қуёш электр панеллари ва сув иситиш қурилмалари, бошқа энергия тежовчи ускуна ва жиҳозларнинг устунлик хусусиятлари, уларни харид қилиш ва ўрнатиб бериш шартлари билан батафсил танишдилар.

Кўргазмада алоҳида қайд этилганидек, мамлакат раҳбари жорий йил якунига қадар юртимиздаги 2 минг 107 та мактабгача таълим муассасаси, мингта мактабда, 1 минг 71 та оилавий шифокорлик пунктлари, поликлиника ва шифохоналарда ҳамда мингта маҳаллада ташкил этилаётган янги тиббиёт пунктларида, 200 та санаторий ва бошқа дам олиш масканларида қуёш электр панеллари ва сув иситиш қурилмаларини ўрнатиш вазифаси қўйилган.

Ўз мухбиримиз

 

Report typo