Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 апрел, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • Яна 78 та маҳаллада аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари очилади

29.11.2021


Яна 78 та маҳаллада аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари очилади

Ишсиз аҳоли, жумладан ёшлар ва хотин-қизларда замонавий касб ва тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш мақсадида вилоятимиздаги 78 та фуқаролар йиғинида маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ташкил этилмоқда.

Давлат раҳбарининг шу йил 8 июндаги қарорига мувофиқ очиладиган ушбу масканларда ишсиз фуқароларга тикувчилик, ошпазлик-қандолатчилик, эркаклар ва аёллар сартарошлиги, компьютер саводхонлиги, бухгалтерия ва тадбиркорлик асослари ҳамда бошқа мураккаб бўлмаган йўналишлар бўйича касб-ҳунар ўргатилади. Шу пайтгача республикада 136 та, Қашқадарёда эса 14 та бундай маскан фаолият кўрсатган бўлса, тез орада уларнинг сони мамлакат миқёсида ҳам, вилоят ҳудудида ҳам бир неча баробар ошади.

Президент қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоятимизда маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ташкил этиладиган ўзини ўзи бошқариш органларининг манзилли рўйхати, талаб этиладиган маблағ миқдори ва уларни жиҳозлаш бўйича молиялаштириш манбалари тасдиқланди.

Бунда масканларни фуқаролар йиғинлари ҳудудида жойлашган маҳалла гузарлари ҳамда давлат ташкилотларининг унумли фойдаланилмаётган бўш турган бино ва хоналарида жойлаштирилишига эътибор қаратилиб, шаҳар ва туманлар ҳокимларига уларни таъмирлаш ва ўқув жараёнига тайёрлаш вазифаси юклатилди.

Айни пайтда соҳа учун масъул ташкилот ва мутасадди шахсларга масканларни ўқув асбоб-ускуналари ва жиҳозлар билан таъминлаш, ўқиш истагида бўлган ишсиз фуқаролар рўйхатини шакллантириш, аҳолини ўқитишга юксак малака, кўп йиллик иш тажрибаси ва юқори профессионал тайёргарликка эга бўлган мутахассисларни жалб қилиш, улар учун хориждан келган ўқитувчилар иштирокида маҳорат дарсларини ўтказиб бориш бўйича топшириқлар берилди.

Режа бўйича жорий йилда Муборак туманида 2 та, Деҳқонобод туманида 3 та, Миришкор туманида 4 та, Шаҳрисабза шаҳри, Қарши, Китоб ва Нишон туманларида 5 тадан, Ғузор туманида 7 та, қолган шаҳар ва туманларда эса 6 тадан маҳаллада аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари очилади. Уларнинг ҳар бирига Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳамда “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари” жамғармаларидан 30-35 миллион сўмдан маблағ ажратилади.

Президент талабига кўра, масканлар фаолияти 2022 йил 1 январга қадар тўлиқ ташкил этилиши зарур.

Report typo