Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Таълим
  • ВИЛОЯТДАГИ ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИГА ҚАНЧА АБИТУРИЕНТ ҲУЖЖАТ ТОПШИРДИ?

Ж.БОЙМУРОДОВ

19.07.2019


ВИЛОЯТДАГИ ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИГА ҚАНЧА АБИТУРИЕНТ ҲУЖЖАТ ТОПШИРДИ?

Ўқишга кириш учун номзодлар сонининг кўплиги бўйича Қарши давлат университети вилоятимизда мутлақ етакчилик қилган бўлса, республика олий таълим муассасалари орасида ушбу кўрсаткич бўйича 3-ўринни эгаллаб турибди. Жорий йилда мазкур университетни 44 минг 676 нафар абитуриент (шундан 24 минг 899 нафари кундузги, 19 минг 777 нафари сиртқи) биринчи таълим йўналиши сифатида танлаган. Энг юқори натижа қайд этган 2080 абитуриент кундузги, 830 нафари эса сиртқи таълим шакли бўйича талабаликка қабул қилинади.

Шунингдек, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтини 20 минг 203 нафар абитуриент биринчи йўналиш сифатида танлаган бўлиб, улардан 1715 нафари кундузги, 350 нафари сиртқи таълим шакли бўйича ўқишга киради.

Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиали эса ўқишга кириш истагидаги 2 минг 892 номзоддан ҳужжатларини қабул қилган. Унинг бу йилги қабул квотаси эса 250 та кундузги ҳамда 75 та сиртқи таълим шакли учун ўринларни ташкил этади.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, жорий йилда вилоятимизда Тошкент шаҳридаги 3 та олий таълим муассасасининг филиаллари иш бошлади. Уларга ҳам кўплаб абитуриентлар ҳужжат топширган.

- Тошкент давлат педагогика университети Шаҳрисабз филиалига ўқишга кириш истагини билдирган жами номзодлар сони 4,5 минг нафардан ошди, - дейди мазкур филиал фаолиятини ташкил этиш ишчи гуруҳи раҳбари Эркин Мейлиев. - Улардан 150 нафари бошланғич таълим, мактабгача таълим ҳамда хорижий филология (инглиз ва рус тилларида алоҳида-алоҳида) таълим йўналишлари бўйича ўқишга қабул қилинади. Жумладан, бошланғич таълим ва мактабгача таълим йўналишларига 20 нафардан номзод давлат гранти, 30 нафари тўлов шартнома асосида, хорижий филологиянинг инглиз ва рус тили йўналишлари бўйича эса 10 нафардан номзод давлат гранти, 15 нафари  тўлов шартнома асосида ўқишга олиниши белгиланган.

Бундан ташқари, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари    институти Қарши филиалига 3223 нафар абитуриент ҳужжат топширган бўлиб, улар 250 та ўрин учун рақобатлашади.

Тошкент кимё технология институти Шаҳрисабз филиалида (биринчи таълим йўналиши бўйича) ўқиш истагини билдирган номзодлар сони эса 555 нафар. Уларнинг 150 нафари 4 та йўналиш бўйича талабаликка қабул қилинишини ҳисобга олсак, рақобат бўйича энг кичик кўрсаткич мазкур таълим муассасасига тегишли бўлиб турибди.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Report typo