Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

05.01.2021


Вилоят тиббиётида қандай ўзгаришлар кутилмоқда?

2021 йилда вилоятда қондаги қанд миқдорини аниқловчи глюкометр ускунаси ва экспресс тестларни ишлаб чиқарувчи қўшма корхона ташкил этилади. 1 мартга қадар аҳолининг тегишли контингенти қондаги қанд миқдори ва холестеринни аниқловчи экспресс тест тўпламлари билан таъминланади.

 

Аҳолининг катта қисмини қийнайдиган ўткир қон-томир касалликлари бўйича 4 та туманлараро марказ ташкил этилади. Ушбу марказлар аҳолига инфаркт ва инсульт ҳолатларида тезкор ва малакали тиббий ёрдам кўрсатиш орқали ўлим ва ногиронликни камайтиришга хизмат қилади.

Бу ҳақда Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида ОАВ вакиллари учун вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Равшан Тўлаков ҳамда вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғи Тўхтамурод Пакиров иштирокидаги матбуот анжуманида маълумот берилди.

Тадбирда соғлиқни сақлаш соҳасида Президентнинг тегишли фармон ва қарорлари ижроси, ўтган йил сарҳисоби ва 2021 йилда белгиланган вазифалар хусусида сўз борди.

Қайд этилишича, коронавирус пандемиясига қарши курашни тизимли равишда давом эттириш жорий йилда ҳам энг муҳим вазифалардан бири бўлади. Бу ишлар учун республика бўйича давлат бюджетидан 3 триллион сўм захира шакллантирилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари ҳам амалга оширилади. Санитария-эпидемиология хизмати сифатини ошириш, унинг моддий-техник базасини яхшилаш ва замонавий лабораториялар ташкил этишга 200 миллион доллар йўналтирилади. Пандемия сабоқларидан келиб чиққан ҳолда тиббиёт соҳасини рақамлаштириш кўлами янада кенгайтирилади.

Кейинги йилдан бошлаб 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситалари бепул тарқатилади. Аёллар ва болаларни йод, темир, фолий кислотаси, витаминлар ва паразитларга қарши дорилар билан бепул таъминлаш орқали аҳоли ўртасида камқонлик 25 фоизга камайтирилиши айтилди.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Қарши давлат университети қошида тиббиёт факультети ташкил этилади.

Жорий йил тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртлари битирувчиларидан 356 нафар ёш шифокор ишга келиши кутилмоқда. Уларнинг 203 нафари бакалавр, 48 нафари магистр, 105 нафари клиник ординаторларни ташкил этади. Мазкур ёш мутахассислар ҳисобига туманлардаги шифокорлар етишмовчилиги муаммоларини бартараф этиш режа қилинган.

Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар қайтарилди.

Н.ХЎЖАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo