Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

08.05.2023


Ватан фидойи фарзандларини унутмайди

 

 

9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати вилоятимизда ҳам Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юрдошларимиз хотираси ёд этилиб, жанг майдонларидан омон қайтган ҳамда фронт ортида оғир кунларни сабр-бардош билан енгган аждодларимизга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилмоқда.

Вилоят ҳокими Муротжон Азимов Нишон туманида яшаётган иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Рўзи бобо Соатов хонадонида бўлиб, Президентимиз томонидан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан йўлланган табрикни ўқиб эшиттирди. Давлатимиз раҳбарининг қимматбаҳо совғаси ва 18 миллион сўмлик бир марталик пул мукофотини тантанали топширди.

99 ёшни қаршилаётган Рўзи бобо уруш хотиралари, очарчилик даврлари, ҳаёт тажрибалари ҳақида сўзлаб, бугунги дориломон кунларнинг қадрига етиш кераклигини такрор-такрор таъкидлади. Президентимиз томонидан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига кўрсатилаётган доимий ғамхўрлик учун миннатдорчилик изҳор қилди.

Қарши шаҳри Комилон маҳалласида яшовчи 98 ёшли Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Аҳмад бобо Жалилов хонадонида бўлиб ўтган тадбирда эса Миллий гвардия Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи Умид Азимов ва Қарши шаҳар ҳокими Номўмин Холбоев бошчилигидаги раҳбарлар, жамоатчилик вакиллари ва ёшлар қатнашишди. Президентимизнинг 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан уруш қатнашчиларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирилгач, фахрийга давлатимиз раҳбарининг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони билан белгиланган бир марталик пул мукофоти ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Вилоятимизда истиқомат қилаётган барча Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига пул мукофоти ва эсдалик совғалари тантанали ҳамда байрамона вазиятларда топширилар экан, ушбу маросимлар жойларда ўтказилаётган “Ватан фидойи фарзандларини унутмайди” комплекс тадбирларига уланиб кетмоқда.

 

 

Report typo