Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 сентябрь, пайшанба. 2022 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

15.09.2022


ВАҚТ ҚИЛИЧДИР, АГАР СЕН УНИ КЕСМАСАНГ, У СЕНИ КЕСАДИ

Сараланган сатрлар

Вақт ўтмаяпти, аксинча биз ўтяпмиз. Буни кимдир англайди, кимдир эса йўқ. Англаган одам умрининг ҳар сониясидан унумли фойдаланишга тиришади, бекорчи гап-сўз, ишлардан йироқ юради, беҳуда амалларни тарк қилади. Умр узоқ, вақт кўп, дейдиганлар эса ҳаётнинг энг бебаҳо дамларини шамолга совуради: дейлик, ким биландир икки соат салом-алик қилади, бўлар-бўлмас мавзуларда гўё "фикр алмашади", ҳар овқатланиши бир соатдан кам вақт олмайди, кунига саккиз соат ухламаса, боши оғрийди, нақ бир ярим соат футбол кўради, бирор соат сериал томоша қилади, икир-чикир, бетайин нарсалар билан машғул бўлиб умри ўтиб кетаётганини сезмайди...

Илмда, жамиятда юқори мавқега эришган инсонлар ҳаётига назар солсак, улар учун вақт энг бебаҳо неъмат эканига амин бўламиз. Бу ҳақда  Абдул Фаттоҳ Абу Ғудданинг "Уламолар наздида вақтнинг қадри" китоби кўп ҳикматни жамлагани билан эътиборга молик.

Абу Ғудда Суриянинг Халаб шаҳрида илм-маърифат ва дину диёнат билан танилган хонадонда таваллуд топган. Насаби улуғ саҳобий Холид ибн Валид розияллоху анҳуга бориб туташади.

"Уламолар наздида вақтнинг қадри" китобидаги ҳикматлар ҳар биримизни ҳаёт, унинг ҳар сонияси қадрига етишга ундаши билан аҳамиятлидир.

* * *

Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ вақтнинг қадри ҳақида шундай деганлар: "Мен сўфийлар билан бирга юриб, улардан икки нарсани ўргандим: "Бири вақт қиличдир, агар сен уни кесмасанг, у сени кесади. Иккинчиси нафсингни ҳақ билан машғул қилмасанг, у сени ботил билан машғул қилади".

* * *

Инсон ҳар тонг янги кунни қарши олар экан, унинг ихтиёрига 24 соат вақт берилади. Бу унга ҳар куни бериладиган 1440 дақиқа ёки 86400 сониялик фурсатдир. Ўтаётган вақтимиз ҳақида ўйлаб кўрадиган бўлсак, соат милларининг "чиқ-чиқ"лари, аслида азиз умримизнинг тўхтовсиз парчаланиб кетаётган онлари эканини ҳис этамиз. Ушбу онлар бизнинг яхши ё ёмон амалларимизга гувоҳ бўлиб ўтиб бормоқда.

* * *

Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳ кеча ва кундузнинг инсон танасига лаҳзама-лаҳза таъсирини ўтказиб бораётганини баён қилиб шундай деганлар: "Кеча ва кундуз сенда ўз ишини бажаряпти, сен ҳам уларда ишингни бажариб олгин!"

* * *

Деярли ҳар куни "фалончи вафот этибди", деган хабарни эшитамиз. Бир кун келиб биз ҳақимизда ҳам "фалончи вафот этибди", дейилади. Ўша кунда одамлар: "Фалончи нима қолдирибди?" дейишса, фаришталар: "Фалончи нима олиб келибди?" дейишади. Ўша вақтда эса дунё биздан бўшаб қолган, бизнинг эса охиратимиз бошланган бўлади.

* * *

Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳ ёшу қари дўстлари билан бирга ўтирганида, уларга насиҳат қилиб, шундай деган экан: "Эй ёшлар, қанчадан-қанча экинларга ҳали пишмасдан офат етган, эй қариялар, экинлар пишганидан кейин эса йиғиб олинади. Сизлар нимани кутмоқдасизлар? Қайси узрни баҳона қиласизлар? Агар амалларингиздан хабардор Роббингиз: "Ахир, биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантирувчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку!" деб сизларни сўроққа тутса, ёшу қариларингиз нима деб жавоб берасиз?"

* * *

Али Тантовий айтади: "Бир куни шайх Жамол Қосимий кераксиз нарсалар билан вақтларини зое қилаётган йигитларнинг ёнларидан ўтаётиб афсус билан: "Эҳ, қани энди вақт сотилганида, албатта шуларнинг вақтларини сотиб олган бўлардим", деб айтган экан".

* * *

Ўртача етмиш беш йиллик умр таҳлил қилиб кўриладиган бўлса, асосий вақт нималарга сарфланиши яққол намоён бўлади:

1. Ўн беш йил атрофидаги вақт болалик ва ўсмирлик билан ўтади;

2. Қолган олтмиш йилда агар бир суткада саккиз соатдан ухласа, йигирма йил умр уйқу билан ўтади;

3. Агар бир суткада саккиз соат касб-кор билан машғул бўлса, йигирма йил умр ишлашга сарфланган бўлади;

4. Агар бир суткада уч маҳал овқатланса, ҳар овқатланишига ярим соатдан вақт сарфласа, уч йилу тўққиз ой умр овқатланишга кетади;

5. Қолган ўн олти йил умр ибодат, оила ва шу каби ҳамманинг ўзи яхши кўрган машғулотларга сарфланади.

* * *

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ таоло кимга олтмиш йил умр берган бўлса, батаҳқиқ Аллоҳ унга умр тўғрисида узр қолдирмабди", дедилар".

* * *

Аллоҳнинг бандадан юз ўгирганининг аломати уни манфаатсиз нарсага машғул қилиб қўйишидир.

* * *

Модомики, ҳар бир тирик жоннинг ниҳояси ўлим экан, инсоннинг умри қанча узун бўлмасин, барибир қисқадир.

* * *

Буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Масуъд розияллоҳу анҳу шундай деган: "Мен ажалим қисқариб, амалим кўпаймасдан қуёши ботган кунга чеккан надоматимчалик бирор нарсага надомат қилмадим".

* * *

Имом, фақиҳ, мужтаҳид, муҳаддис, имом Абу Ҳанифанинг шогирди Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний Куфий Бағдодий (ҳижрий 132 йилда туғилиб, 189 йилда вафот этган) раҳматуллоҳи алайҳ тунда ухламасди. Олдиларига дафтарларини, яъни китобларни қўйиб қўярди. Агар бирортасидан чарчаса бошқасига ўтарди. Уйқусини сув билан кетказарди ва "уйқу ҳароратдан келади", дерди.

* * *

Аллома Тошкубрийзода қуйидагиларни айтган: "Ҳанафий фақиҳ, Балхнинг муҳаддиси, Исом ибн Юсуф Балхий раҳматуллоҳи алайҳ (215 йилда вафот этган) эшитган нарсасини ўша заҳоти ёзиб олиши учун бир динорга қалам сотиб олган (яъни, 4,25 грамм олтинга қалам сотиб олган). Чунки умр қисқа, илм эса кўпдир. Толиби илмга вақтларини, соатларини зое қилмаслиги, кечалари-ю бўш вақтларини ғанимат билиши, имкони борида устозларидан фойдаланиб қолиши лозим бўлади. Зеро, ўтиб кетган нарса асло қайта топилмас!

* * *

Вақтдан тўғри фойдаланмайдиган киши вақтнинг қисқалигидан шикоят қилади.

* * *

Ибн Жарирнинг шогирдларидан бир гуруҳи унинг балоғат ёшидан то вафотига қадар ҳаётини ўрганиб чиқдилар. У саксон олти ёшда вафот этган эди. Сўнгра ёзган асарларининг варақларини унинг балоғат ёшидан то умрининг охиригача бўлган вақтга бўлиб чиқишди. Ҳар бир кунига ўн тўрт варақдан тўғри келди. Ҳа, бу кўрсаткич банданинг имкони етмайдиган, фақатгина Холиқнинг гўзал инояти билангина эришиладиган кўрсаткич эди.

* * *

Ибн Ақийл шундай деган: "Умримнинг бирор соатини зое қилиш мен учун ҳалол бўлмайди. Ҳатто қачон тилим музокара ё мунозарадан бўшаса, кўзларим мутолаадан чарчаса, дам олиб ётган ҳолатимда ҳам фикримни ўз ҳолига қўймадим. Қачон ўрнимдан турсам, ёзганларим кўнглимга келарди. Саксон ёшимдаги илмга нисбатан ҳарислигим йигирма ёшимдагидан кўра кучлироқ эканини ҳис этганман".

* * *

Бекорчилар билан суҳбатлашишдан Аллоҳдан паноҳ сўрайман! Мен билан бирга юрадиган кўпчилик кишиларни инсонлар одат қилиб олган кўп зиёрат қилиш ишларида кўрдим. Улар бу тараддудни хизмат деб номлайдилар! Улар турли сўзларни ва бемаъни гапларни гапиришиб узоқ ўтиришади. Сўзларига ғийбат ҳам аралашади. Бу кўплаб замондошларимиз қилаётган ишдир. Гоҳида буни зиёрат қилинган кишининг ўзи талаб қилиб шунга ундайди. Ёлғизликни ёқтирмайди. Хусусан, тўй ва байрам кунларида бир-бириникига борганларини ва шоду хуррамлик билан кифояланмасдан, булар орасига мазкур вақтни зое қилишларни ҳам қўшиб юборганларини кўрасиз.

* * *

Вақтни ғанимат билишга ёрдам берадиган омилларга келадиган бўлсак, асосийлари сифатида қуйидагиларни айтиш мумкин:

1. Имкон қадар ёлғиз бўлиш;

2. Одамлар билан кўришганда саломлашиш ё энг муҳим ишлар билан кифояланиш;

3. Кам ейиш, чунки кўп ейиш узоқ ухлашга ва кечани зое кетказишга сабаб бўлади.

* * *

 Амаллар қиладиган ҳақиқий умр йигитлик ёшидир. Чунки йигитлик ишлаш ва манфаат келтириш майдони бўлганидек амал ва илм таҳсил қилиш майдони ҳамдир. Йигитликда қувват тўлиқ ва ҳиммат юксак бўлади. Турли касалликлар ва ташқи алоқалар оз бўлгани учун халал берувчилардан узоқ бўлади. Буюк тобеъин аёллардан бири Ҳафса бинти Сийрийн шундай деган: "Эй йигитлар жамоаси, оладиганларингни йигитликда олиб қолинглар. Мен йигитликдаги амални амал деб ҳисоблайман".

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo