Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
11 август, пайшанба. 2022 йил                         Махсус версия RU

30.06.2022


“UZBEKISTAN GTL” ЗАВОДИДА СИНТЕТИК ДИЗЕЛЬ ЁНИЛҒИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ЙЎЛГА ҚЎЙИЛДИ

“Uzbekistan GTL” заводида Ўзбекистон нефть ва газ-кимё саноатининг тарихида илк бор синтетик ёнилғи маҳсулотлари ишлаб чиқарила бошланди.

Бу ҳақда хабар тарқатган “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти матбуот хизматининг маълум қилишича, бу қувончли воқеа жорий йил 29 июнь куни рўй берди. Жамият бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев соат 7.30 да “Uzbekistan GTL” заводида илк GTL дизель маҳсулоти олинганлигинини расман эълон қилди.

Эришилган келишувларга кўра, 5 минг тонна миқдорида ишлаб чиқарилган синтетик дизель ёнилғисининг дастлабки партияси Навоий кон-металлургия комбинатига юборилиши айтилмоқда.

 “Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбари “Uzbekistan GTL” заводи жамоаси ва соҳа мутахассисларини бу тарихий воқеа билан табриклар экан, корхонанинг асосий ишга тушириш ишлари, шу жумладан 11 мингга яқин ускуна ва ишлаб чиқариш қурилмаларини синхрон ишлашини таъминлаш, шунингдек, уларни тўлиқ назорат қилиш ва бошқариш маҳаллий муҳандислар ва ёш мутахассислар томонидан мустақил равишда, хорижий мутахассисларнинг тўғридан-тўғри иштирокисиз амалга оширилаётганини таъкидлади.

Шу ўринда эслатиш жоизки, “Uzbekistan GTL” заводида йилига 3,6 миллиард метр куб тозаланган метан гази қайта ишланиб, 1,5 миллион тонна тайёр суюқ маҳсулотлар, жумладан, 307 минг тонна авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёнилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилади.

Бундан икки ҳафта олдин, 15 июнь куни “Uzbekistan GTL” заводида Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба синтетик нефть ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилгани маълум қилинган эди.

Суратлар “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти сайтидан олинган.

Report typo