Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

А.МУРОДОВ

23.05.2022


УЛУҒБЕК ВОРИСЛАРИ САРАЛАНДИ

Танлов

Юртимизда илк бор ўтказилган “Мирзо Улуғбек ворислари” республика танлови якунига етди.

Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш  “Улуғбек” жамғармаси фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ташкил этилди. 

Танловнинг якуний босқичида вилоятимиздан 20 нафар иқтидорли ёшлар инновацион лойиҳалари билан фаол иштирок этди, - дейди вилоят ҳудудий инновацион ривожланиш бошқармаси бошлиғи Олимжон Мавлонов. - Якуний баллар натижасига кўра, Қарши шаҳри ва Чироқчи, Яккабоғ, Муборак, Шаҳрисабз,  Нишон,  Косон,  Ғузор, Қамаши туманларидан жами 10 нафар иштирокчи ғолибликни қўлга киритди.

Мазкур танлов биринчи бор ўтказилганига қарамасдан, юзлаб иқтидор эгаларини кашф этди, янги-янги лойиҳалар билан яқиндан танишиш имконини берди.

- Мен бу танловда “Қишлоқ хўжалиги экинларига ишлов берадиган самарали чанглаткич” деб номланган лойиҳам билан ғолиб бўлдим, - дейди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти талабаси Қосимбек Неъматов. – Ҳозирда ўсимликларга кимёвий ишлов беришда қўлланадиган кўплаб чанглатиш қурилмалари бўлса-да, уларнинг ҳаммаси ҳам талабга жавоб бермайди. Мен яратган қурилма эса кукунни пуркашга ва самарали чанглатишга мўлжалланган.

“Мирзо Улуғбек ворислари” республика танловида 100 та энг яхши лойиҳа муаллифлари “Улуғбек” жамғармаси томонидан ташкил этиладиган мақсадли ўқув курсларида бепул ўқиш имкониятига, шунингдек, базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари (5 400 000 сўм) миқдорида пул мукофотига эга бўлдилар.

А.МУРОДОВ

Report typo