Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

16.02.2021


ТУШ ЎНГ БЎЛМАСМИШ...

Ёхуд ҳоким ва ўн кунлик муваққат ёш ҳокимлар хусусида

Яхшидур аччиқ ҳақиқат

 "Аловуддиннинг сеҳрли чироғи" фильмини кўргансиз. Шу кинода "Бағдодда ҳаммаёқ тинч, ҳаммаёқ тинч..." деб юргич қария бўз йигит Аловуддин малика Будурга уйланадиган бўлиб турган чоғда шоҳ саройига куёв тараф бўлиб боради. Базм бошлангач эса шоҳнинг кўнгил чоғлиги учун бир муддат бояги қарияни подшоҳ дея эълон қилишиб, давранинг тўрига ўтказиб қўйишади. У эса ўзини шоҳ сифатида ҳис қилай, деса, воқеалар тушда кечмаётганини билиб турибди, шоҳ эмасман, деса, фармони олий - боягина уни ҳукмдор деб эълон қилишди. Албатта, ўша фильмда айтилгани каби "Туш ўнг бўлмасмиш, ўнг туш бўлмасмиш..."

 Хўш, нечук эски фильм воқеаларини эсладик? Бу ҳақда бироздан сўнг билиб оласиз.

 Хабарингиз бор, ўтган ойда шаҳар ва туманлар ҳокимлари тиббий кўрикдан ўтиш ва даволаниш учун Тошкент шаҳрига жўнаб кетишди ва 10 кун давомида улар ўрнини ёшлар эгаллади. Бундан икки мақсад кўзланди: ҳокимлар даволаниб, дам олиб, фаолиятини янги куч-ғайрат билан давом эттирсин, улар ўрнига келган ёшлар эса ўзини кўрсатиб, қўлидан иш келишини исботласин, ривожланишга доир таклифлар берсин.

 Хўш, 10 кунгина ҳокимлик курсисига келган ёшлар қандай "каромат" кўрсатишди? Билдирилган ишончни оқлашдими? Ўзларини қандай фазилатлар орқали намоён эта олишди?

 Биласиз, Президентнинг 2019 йил 27 июндаги қарори билан ҳокимликларда ахборот хизматлари фаолияти йўлга қўйилган. Модомики, ҳар бир ҳокимнинг фаолиятини мунтазам кузатиб бориш четдаги кишиларга имконсиз экан, 10 кун "тахт"да турган ёш раҳбарлар фаолиятига ана ўша ахборот хизматлари тақдим этган маълумотлар, ижтимоий тармоқларда ёйинланган хабарлар мисолида назар ташлашга уринамиз.

 "Каттанинг қоғозларига тегманглар..."

 Тўғри, бизда аввал бундай тажриба бўлмаган. Шунинг учунми, янги амалиётни кимдир ҳадик билан, яна кимдир эса ҳазил билан қарши олгани бор гап. Ёш ҳокимларнинг ўзлари-да юқорида тилга олинган фильмдаги қария каби ғалати ва ноўнғай ҳолга тушган бўлсалар эҳтимол. Шунга қиёс қилиб ҳамкасблардан бири айтган "Ёш ҳокимларга "катта"нинг хонасида ўтирсанглар ҳам майли, бироқ унинг қоғозларига тегманглар, дейишган бўлса керак" деган киноясида жон бордек.

 Бу ҳақда кейинчалик расмий муносабат ҳам билдирилдики, Қашқадарёда 10 кун муддатга тайинланган ҳокимларга "Маҳаллий давлат  ҳокимияти тўғрисида"ги Қонун талабидан келиб чиқиб, туман (шаҳар) ҳокимлари номидан қарорлар қабул қилиш ёки бошқа расмий ҳужжатларга имзо қўйиш ваколати берилмаган. Демак, "Бағдодда ҳаммаёқ тинч..." деган сўзларни айтиб юрса, ишлаганга ўтадиган ва шунчаки тасодиф билан бир муддатгина шоҳ бўлиб турган бояги қариядан фарқлари йўқ экан-да...

 "Қўл остимда қанча одам борлигини биласизми?"

 Ҳокимликни ҳамма ёшлар ҳам вақтинчалик вазифа сифатида қабул қилмагани бор гап. Бу борада Яккабоғ туманини 10 кун муддатга бошқариш имконига эга бўлган Сетора Эргашаева анча "машҳур" бўлди. У телефон орқали мурожаат қилган фуқарога "Қўл остимда қанча одамим ва қанча муаммом борлигини биласизми?", "Менга "понятка" берманг" каби гаплари билан трендга чиқди. Ва жонажон ҳокимларимиз каби гўёки узр сўраган бўлди ва шу билан сувдан қуруқ чиқди.

 Айни ўринда бир савол туғилади-да: қисқагина фурсатда ҳаволаниб кетадиган бу ёшларни ким ва қайси фазилатлари сабаб вақтинчалик ҳоким вазифаси учун тавсия қилган ўзи? Уни тенгдошларидан ажратиб турадиган қандай хислати бор эди? Тўғри, ёшлик қилгандир, ҳиссиётга берилувчандир, аммо буни "раҳбарлик"ка қўйишдан олдин яхшилаб синовдан ўтказиш зарур эмасмиди...

 "Кўриб қўйинглар мен кимман..."

 Кўпчилик "Хўш, бу ҳокимлар нимани қойил қилар экан?" деб кўз тикиб турган чоғда, айрим 10 кунлик раҳбарлар ишни ўзи ўқиган мактабга "ташриф"дан бошлаганига нима дейсиз?

 Тўғри-да, бунақа имкон бошқа бериладими-йўқми?! Давринг келди сур бегим, деганларидек, шундай пайти бориб, сени ўқитган, қачонлардир дакки берган муаллимларга ўзингни бир кўрсатиб қўйганга нима етсин?! Бунақа ҳокимларни кўриб-кузатиб, Худойберди Тўхтабоевнинг машҳур "Сариқ девни миниб" асаридаги Ҳошимжоннинг турфа нағмалар кўрсатиб, мактаб директорию устозларига нималарга қодирлигини исботлашга бўлган ожизона уринишлари ёдга келади...

 Эмишки, ўшандай "ташриф"да ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш учун улар билан ишлашга янада жиддий эътибор қаратиш, бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилиниб, таклифлар ўрганилибди.

 Савол туғилади: нега бошқа мактаб ёки жиноятчилик кўп кузатилаётган ўзга маҳаллада эмас-да айнан ўзи ўқиган мактабда? Хуллас, бояги гап... Яна денг, қўйилган муаммо бир-икки кунда ҳал бўладиган ҳам эмас. Умумий характердаки, ҳар ким ва ҳар қачон бу мавзуда тадбир, учрашув ташкил этиб юбораверади...

 Дейлик, Қамаши туманига муваққат раҳбарлик қилган Шоҳжаҳон Аҳмедов 2019-2020 ўқув йили якунларига кўра битирувчилари олий ўқув юртига ўқишга кира олмаган 31-мактабга бориб, у ердаги вазият билан танишибди. Ёш ҳоким ўша мактабда ўқиганми-йўқми, буниси бизга қоронғи, аммо қаерга боришни тўғри танлаганини эътироф этмасликдан ўзга имкон йўқ.

 "Ҳокиму шеъру шуур..."

 Туманларнинг бирида маънавий-маърифий тадбир ўтаётганди. Якунда ёш ҳокимга ҳам сўз беришди, у-бу нарсаларни айтган раҳбар кутилмаганда овозини баралла қўйиб, шеър ўқиб юборса денг. Шеър-ку яхши эди, аммо катта ҳокимларимиздан бунақа мавзуда ташаббус кўрмаганимиз учун ғалати туюларкан тўғриси (катта ҳокимларнинг кўплари билса-да, ўзларича сиёсий этикет нуқтаи назариданми, шеър ўқишни катта уят санашади)...

 Бу-ку майлию, 10 кунлик ҳокимнинг ҳолатини кўриб, кулишниям, куйишниям билмай, ғалати аҳволга тушганимиз рост. Ташкилот-идора бошлиқлари "ҳоким бува" каломини шунчалик киноя либосига буркаб сўзлаяптики, бунда очиқдан-очиқ мазахни сезмаслик мумкин эмасди.

 Энди ўйлаб кўринг, қонуний тайинланган ҳокимга "қўл остидагилар" ташқарида жиддий-у, ичида ҳазил-мазах билан муносабатда бўлса, бундай жойда ривож бўладими? Демак, айни равишдаги туманларда 10 кун ҳоким билан боғлиқ ҳамма иш "яхлаган".

 Бошқа бир туманда эса катта тадбирга ҳозирлик кўрилаётган чоғда башанг кийимда бир чеккада қунишиб, нима қилишни билмай турган 10 кунлик раҳбарга қўл остидаги "ходим"ларидан бири "Агар ҳоким бува ишимизни кўрса, ҳаммамизни бопларди" деганига нима дейсиз...

 Ёш ҳокимлар иштирокида сайёр қабуллар акс этган суратларнинг аксарига қарасангиз, фуқаролар ёш ҳокимга деярли қараётгани йўқ. Катта ҳокимнинг ўринбосарларига, амалда қўлидан иш келадиганларга юзланиб турибди... Ҳатто Деҳқон-ободда ёш ҳоким иштирокида сайёр қабул ташкил этилган бир чоғда, "қабулга ҳоким келмаган" дея эътироз билдиргувчилар ҳам топилган. Одамларга Зоир Алиқулов бошқа ҳокимлар қатори 10 кунга меҳнат таътилига чиққани тушунтирилиб, масъуллар муаммоларни тинглашда давом этган.

 Ўзингиздан қолар гап йўқ, ҳокимият ва унга алоқадор тизимда ишловчилар 10 кунлик раҳбарга "ҳоким бува-ҳоким бува" деб юргани билан халқ уларни чинакам ҳоким сифатида тан олгани йўқ.

 Фақат курмак эмас

 Матбуот котибининг ўрни ана шундай вақти билинди. Чунки у ҳокимнинг ахборот масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳам саналади-да. Аввал ҳам кўнгилдагидай ишлаётган котиблар янги ҳокимга ўгай сифатида қарамади. Ишини кўрсатди, ижобий имижини яратишга ҳаракат қилди.

 Хусусан, деҳқонободлик Адҳам Қулмаматов калий заводида бўлиб, завод директори Ойбек Қурбоновга юзланиб, "Шахсан ўзим 2016 йил Тошкент кимё-технология институтининг магистратурасини тамомлаб, Деҳқонобод калий заводига иш сўраб келганман. Аммо ишга киролмаганман. Олийгоҳга киришдан аввал туманимизда шундай завод борлиги учун айнан шу институтда ўқиганман. Мени ва кўпчилик деҳқонободлик ёшларни қизиқтирган савол бор. Хўш, Деҳқонобод туманида жойлашган заводда шу институтни тамомлаб, ишга кирган ёшлар неча нафарни ташкил қилади?" деб савол берган. Маълум бўлишича, 1958 нафар ходим ишлайдиган заводда 100 нафарга яқин деҳқонободлик олий маълумотли мутахассислар фаолият юритади. Ёш раҳбар эса туман ҳокимлигига 187 нафар мутахассис заводга ишга кириш истагида мурожаат қилганини билдирган.

 Натижадан қатъи назар ёш ҳокимнинг бандлик масаласига эътибор қаратгани, бир неча кундан кейин "мансаб"дан тушишини била туриб, катта бир завод директорига муҳим масала билан юзланганини фақат олқишлаш мумкин.

 Албатта, бошқа ёш ҳокимлар ҳам оғизга сув солиб, катта ҳоким қачон келаркин, деб кутиб ўтирмагани рост, улар ҳам ишлашди, фуқаролардан мурожаатлар қабул қилишди, кам таъминланганларга кўмак кўрсатишди ва ҳоказо. Воркаут-фитнес майдончаси, велосипед сақловчи махсус бекатлар, маҳалла фуқаролар йиғинининг веб-сайтини яратиш, автобус-боғча фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ташаббуслар ҳам муваққат ҳокимлардан чиққани бор гап. Бу таклифларнинг аҳоли турмуш даражасига таъсири эса бошқа масала.

 Бўлдими? Шу билан "конец фильм"ми?

 Ҳозир кўпчиликни, эҳтимол вақтинча "тахт"да ўтирган ўша ҳокимларни ҳам бир савол қийнаётган бўлса эҳтимол: бўлдими, шу билан ҳаммаси тамомми? Ахир бошда улардан битта бўлса ҳам ижобий янгилик олиш нияти бор эди? Хўш, бўлдими шунақа янгиликлар? Уларнинг 10 кунлик фаолиятига баҳо бериладими? Яхши ишлаганга рағбат, "қовун туширган"га насиҳат қилиш керакдир эҳтимол.

 Бир муддат илгари улар катта ҳоким билан бирга матбуот анжуманида иштирок этиши, шунда қилган ишлари бўйича ҳисоб беришини айтишганди. Недир сабаб билан бу тадбир ҳалича ташкил этилганича йўқ.

 Нима бўлганда ҳам, бу каби экспериментлардан одамларга, халққа наф бўлмаса, ҳаммаси бекор. Раҳбарлар келиб-кетаверади, ёшининг эса аҳамияти йўқ, амалда натижа кўрсатса, у қанча вақт иқтидорда бўлганининг фарқи йўқ.

 Модомики ўн кунгина боши теграсида омад қушлари айланиб юрган "ҳоким"лар виждонан ишлаб, амалда ўзини кўрсата олган бўлса, уларга яхши лавозимга ўтириш армон бўлмаслиги, улар қисқа дамларни умрининг охиригача ширин тамшаниш билан эслаб юрмасликлари керак...

 НАСРИДДИН

 

Report typo