Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

15.07.2020


ТОШКЕНТДАН ЖЎШҚИН, ҚЎҚОНДАН СОКИН ХАБАР

Футбол

Кеча футбол бўйича Ўзбекистон Миллий чемпионати – Суперлиганинг 9 тур ўйинлари давом эттирилди.

Эътиборли томони, бу турда вилоятимизнинг икки жамоаси ҳам меҳмонда ўйнади. Жумладан, Муборакнинг “Машъал” клуби Тошкентда “Локомотив”га қарши тўп тепган бўлса, “Насаф” водийда “Қўқон - 1912” билан баҳс юритди.

Воҳалик футбол мухлисларини қувонтирган натижа Тошкентда қайд этилди. Унда турнир дебьютанти бўлган “Машъал” ўзидан анча номдор ва юлдузли таркибга эга бўлган “темирйўлчилар”ни доғда қолдирди. 71 дақиқада “Машъал” ярим ҳимоячиси Нажмиддин Нормуродов томонидан киритилган голга Андрей Фёдоров шогирдлари жавоб қайтара олмади.

Таъкидлаш жоизки, “Машъал” камтарона таркибга эга бўлишига қарамай нафақат ҳисоб бўйича, балки ўйинни қуриш, тактика ва ҳужумлар ташкил этиш бўйича ҳам “Локомотив”дан устунлик қилди.

Эътиборлиси, Муборак клуби ўн йилдан буён "Локомотив"ни мағлуб эта олмай келаётган эди.  "Газчилар” “темирйўлчилар”ни сўнгги бор 2010 йилнинг августида мағлуб этишганди. Ўшанда “Машъал” ўйинчилари тошкентликларни 2:0 ҳисобида енгган.

Турнинг марказий ўйини эса Қўқонда кечди. Унда турнир жадвалида бир хил очко тўплаб ёнма-ён бораётган “Қўқон - 1912” ҳамда “Насаф” жамоалари ўзаро куч синашди. Мухлислар кутганидек, иккала тенг кучли жамоанинг баҳси ҳам ўта шиддаткор ва ҳаяжонли дақиқаларга бой бўлди.

Дастлаб 54-дақиқада “Насаф” ярим ҳимоячиси Шароф Муҳиддиновнинг кучли ва аниқ зарбасидан сўнг ҳисоб очилган бўлса, орадан саккиз дақиқа ўтиб мезбонлар ҳимоячиси Бобуржон Акбаров ҳисобни тенглаштирди – 1:1.

Шундан сўнг ҳам шиддатни сусайтирмаган “Насаф” 84-дақиқага келиб Ойбек Бозорованинг голи эвазига яна ҳисобда олдинга чиқиб олганди, аммо “Қўқон - 1912” жамоаси ҳимоячиси Бобуржон Акбаров бу сафар ҳам мезбонлар жонига ора кирди. Унинг иккинчи голидан сўнг ҳисоб 2:2 кўринишини олди ва учрашувда бошқа гол киритилмади.

Энди кейинги турда “Насаф” ўз майдонида “Суғдиёна”ни қабул қилса, “Машъал” Муборакда “Андижон” билан баҳс юритади.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Report typo