Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

08.01.2021


"ТОЙ ПАХТА" СОТИШ УЧУН ТАРИХИЙ ОБИДАДАН БОШҚА ЖОЙ ТОПИЛМАДИМИ?

 Фотонигоҳ

Маълумки, собиқ мустабид тузум даврида юртимиздаги кўплаб тарихий объектларга эътиборсиз қаралди. Натижада уларнинг бир қисми батамом йўқолиб кетган бўлса, яна бир қисми вайронага айланди.

Шу боис мустақиллик йилларида мамлакатимизда миллий ва маънавий қадриятларни тиклаш, ўрганиш ва тарғиб этиш, маданий ёдгорликлар, муқаддас қадамжоларни асраб-авайлаш, уларни асл қиёфасига мос тарзда белгиланган меъморий талаблар асосида қайта тиклаш ва таъмирлашга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Бир пайтлар ташландиқ жойга айланиб қолган кўплаб меъморий обидалар қайта чирой очди.

Аммо ҳали-ҳануз мутасаддилар эътиборини кутиб ётган, қаровсизлик, ўз ҳолига ташлаб қўйилиши оқибатида йилдан-йилга йўқолиб кетиш хавфига яқинлашиб бораётган тарихий обидаларимиз ҳам йўқ эмас. Улардан бири Ғузор туманининг Хўжагузар маҳалласида, Ғузор-Деҳқонобод автомобиль йўли бўйида жойлашган обихона ва минора меъморий ёдгорлигидир.

Ҳужжатларда ушбу мажмуанинг бундан камида 9-10 аср аввал бунёд этилгани айтилади. Унинг айнан ким томонидан қурилгани маълум эмас, бироқ шунча йил давомида қанча-қанча тўфонлардан ўтиб сақланиб келаётгани, қурилиш услуби аждодларимизнинг бунёдкорлик маҳорати ва санъатидан дарак бериб турибди. Уни асл қиёфасига мос тарзда, белгиланган меъморий талаблар асосида қайта тиклаш ва таъмирлаш - бугуннинг талаби.

Шундан келиб чиқиб, ҳукуматнинг 2013 йил 11 ноябрдаги "2013-2015 йиллар даврида Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида"ги қарорида мазкур меъморий мажмуанинг 2014 йил сентябрь ойига қадар таъмирланиши кўзда тутилган бўлиб, бу борадаги ишлар давлат бюджети маблағлари асосида молиялаштирилиши белгиланган эди. Аммо режадаги ишлар қоғозда қолиб кетди. Шу хусусда туман ёки вилоят ҳокимининг эмас, республика Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилиниб, махсус дастурлар тузиб чиқилган, ҳатто қаердан қанча маблағ ажратилиши, ким масъул эканлигига қадар белгилаб берилган бўлса-да, унинг ижроси таъминланмади.

Натижада эса собиқ иттифоқ даврида "Райпо" дея аталмиш ташкилот тасарруфига берилиб, омборхонага айланиб қолган обидага бўлган муносабат бугун ҳам зиғирча ўзгаргани йўқ. Ҳозир ҳудуддаги тадбиркорлардан бири бу меъморий мажмуадан тойланган пахта ва кўрпа-тўшак сотиладиган дўкон сифатида фойдаланмоқда. Ваҳоланки, обидага озгина эътибор қаратилиб, у бироз таъмирланиб, атрофи ободонлаштириб қўйилганда, бу жой ёшларимиз кўриб ўз тарихидан, аждодлари амалга оширган ишлардан фахр туйғусини ҳис этадиган, сайёҳлар томоша қилиб ҳайратланадиган, юртимиз тарихига баҳо берадиган гўзал мажмуалардан бирига айланган бўларди. "Той пахта"ни эса бошқа жойда ҳам сотиш мумкин.

Биз шу ерда яшаётган аҳоли вакиллари, ёшлар билан учрашиб, бу обиданинг қандай жой эканлиги ҳақида сўрадик. Кимдир уни бир пайтлар Ғузор бегининг ҳаммоми бўлган, деди.  Яна биров масжид, биров мадраса эканини таъкидлади. Бироқ кўпчилик у ҳақда ҳеч нарса билмаслигини тан олди. Билмайди ҳам-да тарихга муносабатимиз шу бўлганидан кейин.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo