Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

А.ДАВРОН

27.05.2022


ТАНИҚЛИ АДИБ БИЛАН УЧРАШУВ

Қарши давлат университетида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамда университет адабиётшунослик кафедраси ҳамкорлигида таниқли ёзувчи, сценарист Назар Эшонқул билан ижодий учрашув ўтказилди.

Адабиёт ихлосмандлари учун ёзувчи билан юзма-юз мулоқот қилиш, узоқ вақтлардан буён дилининг тубида сақлаб келган саволларига жавоб олиш нақадар завқли.

-   Адибнинг 60 ёшга тўлиши муносабати билан ўтказилган бу учрашув талабаларда ўзгача таассурот қолдирди, - дейди адабиётшунослик кафедраси доценти Шохида Каромова. – Назар Эшонқул болалик йиллари, айниқса, унинг ҳаётида туб бурилиш ясаган асарлар ҳақида гапирди. Машҳур ҳикоя ва қиссаларининг яралиш тарихини сўзлаб берди.

Ижодий учрашувда ёзувчи Темурпўлат Тиллаев, шоир Жонтемир ҳам иштирок этди. Адиблар мажлисида адабий гурунглар бўлади, шеърлар ўқилади. Ушбу тадбир ҳам ана шундай “анъана”лардан холи бўлмади. Адабий суҳбатлар мобайнида сўнгги йилларда ўзбек адабиётида яратилаётган асарлар, уларнинг услуби, мавзуси, мавқеи ҳақида ҳам фикрлар билдирилди.

Тадбир якунида кўплаб талабалар ва ўқитувчилар Назар Эшонқулнинг дастхати акс этган “Момо қўшиқ” асарига сазовор бўлдилар.

Маълумот ўрнида, Назар Эшонқул 1962 йил 15 июнда Қамаши туманидаги Терсота кишлоғида туғилган. Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган. Дастлабки асари – “Уруш одамлари” 1988 йилда ёзилган. Шунингдек, унинг “Момо кўшиқ”, “Маймун етаклаган одам”, “Шамолни тутиб бўлмайди” асарлари ҳам чоп этилган. “Момо қўшиқ” китоби 2006 йилда янгидан нашр қилинди.  Бундан ташқари, Назар Эшонқул Ф.К.Аниттининг “Ҳикоялар ва қиссалар”, А.Камюнинг “Эсселар”ини, А.Чеховнинг “Болохонали уй” ҳикоясини ўзбек тилига таржима қилган. Адиб қаламига мансуб сценарийлар асосида кўплаб телесериаллар намойиш этилмоқда.

А.ДАВРОН

Report typo