Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

27.07.2021


ТАНҚИДГА ҚАРШИ "ИММУНИТЕТ"


     Университетда ўқиб юрганимизда бир устозимиз айтарди: Газета билан урсанг пашша ҳам, фил ҳам ўлади". Бу ўринда гап танқид ҳақида эканлигини тушуниб олгандирсиз... Аммо, у пайтда танқид ёзишга журъат топадиган қаламкаш топилмасди. Ёзганлари ҳам "юқори"нинг кўрсатмаси бўлиб чиқарди. Энди эса ҳар мавзуни тиши ўтса-ўтмаса чайнайдиганлар кўпайиб қолди - майда-чуйда, икир-чикирлар. Шулар фонида жиддий танқидий чиқишлар ҳам эътиборсиз қолиб кетаяпти. Яъни кичик "зарбалар" ортидан эти қотишга улгурган масъулларнинг бети ҳам қотди, шекилли: халқ кайфиятига таъсир қилаётган жиддий танқидий чиқишларга ҳам қўл силтаб қўйишаяпти.

Ҳа, энди, бошланишида бирор нашрда эълон қилинган битта танқидий мақола ҳам жуда кўп муҳокамаларга сабаб бўлар, бу жараён шов-шуви кўп ҳолларда прокуратура, суд идораларига қадар борарди. Шундан бўлса керак, танқиддан сўнг аксар ҳолларда унда нишонга олинган тизимда реал ўзгаришлар кўзга ташланаётганди. Бу орада шахсан давлат раҳбари журналист ва блогерларни ўзининг энг яқин кўмакчиси деб атаб, уларни янада фаолликка, муаммоларни қўрқмай кўтариб чиқишга чорлади. Аммо...

Қўлига қаламни тўғри тутишни билмаганлар ҳам танқидга ўтди. Улар сони шунчалар урчиб кетдики, хом-хатала чиқишлари билан фақат ўзи ва айрим "ҳомий"лари манфаатини кўзлашаётгани билиниб қолди. Натижада танқиднинг "нархи" арзон бўлди. Профессионаллар томонидан жиддий ўрганилиб, камчилигию оқибатлари очиб ташланган қатор мавзулар, муаммо ва унинг ечимлари яққол кўрсатиб берилган кўплаб танқидий-таҳлилий чиқишларга ҳам "иммунитет" шаклланиб қолди, масъулларда.

Энг ёмони, энди кўп ҳолларда  танқид нишонига тушган ўша масъул ташкилотларнинг юқори турувчи идоралари ва назорат органлари ҳам вазиятни жим кузатишни маъқул кўрмоқда.

Қуруқ бўлмасин, яқин орадан айрим мисолларни келтирамиз.

* * *

 "Qashqadaryo" газетасининг 2020 йил 24 июлдаги сонида "Қабристон ичида қолиб кетган қишлоқ" номли мақола эълон қилинган эди.

Унда Қарши тумани Тинчлик маҳалласи Пармитон кўчасида яшовчи 20 дан ортиқ хўжалик йўлсиз қолиб кетгани, ўз уйларига қабристон дарвозаси орқали кириб чиқаётгани таъкидланиб,   муаммонинг келиб чиқиш сабаблари, кўлами ва оқибатлари шу ерда яшовчи аҳоли вакиллари, қолаверса, туман ҳокимлиги масъуллари фикрлари асосида ёритиб берилган.

Бироқ, орадан бир йил ўтиб ҳам муаммо ҳал бўлмади. Аҳолининг арз-доди эса тингани йўқ.

Натижада 2021 йил 18 июнда газетада худди шу муаммо яна бир маротаба кўтарилди. Пармитонликлар мурожаатлари асосида тайёрланган ушбу мақолада туман ҳокимлиги масъулларининг бир йилдан буён муаммони ҳал қилишга ваъда бергани ҳолда, амалда ҳеч бир иш бўлмаётгани танқид қилинган.

Бундан ташқари, шу йилнинг 12 июль куни daryo.uz интернет   нашрида ҳам "Қарши туманидаги Пармитонга такси бормайди, "тез ёрдам" ҳам кирмайди. Чунки бу қишлоққа кириш учун мозор ичидан ўтиш керак" номли мақола эълон қилиниб, муаммо кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилган эди.

Хўш, шунча гап-сўздан сўнг нима ўзгарди дерсиз? Шу вақтгача ҳеч нарса. Бундан кейин ҳам ўзгариши даргумон. Ҳар ҳолда ҳокимликнинг муаммога эътибор қаратиб, уни ҳал этиш бўйича қандайдир ҳаракат бошлаганини ҳали эшитмадик.

* * *

Газетанинг 2021 йил 15 июнь сонида эса яна бир танқидий  чиқиш - "Касбидаги обод қишлоқ. Уни масъуллар шундай атайди, бу манзилда яшовчи аҳолининг эса ҳафсаласи пир бўлган" номли мақола эълон қилинди.

Унда Касби туманидаги Ғалаба маҳалласининг 2018 йилда "Обод қишлоқ" дастурига тушгани, аммо дастур доирасида олиб борилган ободонлаштириш, қурилиш-бунёдкорлик ишларидан сўнг ҳам ҳудудда муаммолар асло камаймаганига эътибор қаратилган.

Шу ерда яшовчи аҳоли вакиллари буни дастурда белгиланган ишларнинг аксарияти кўзбуямачилик учун, номигагина бажарилгани, яна бир қисми эса чала ташлаб кетилгани билан изоҳлаб, ўз эътирозларини билдиришганди.

Мақоладаги "Хўш, Ғалаба маҳалласи энди шундай аҳволда қолиб кетаверадими? Нега унда яшовчи аҳоли аввалига умидвор қилиниб, энди ҳафсаласи пир бўлиб ўтириши керак?" деган саволга Касби тумани ҳокимлиги ҳеч қандай муносабат билдиргани йўқ.

Фақатгина газета чиққанидан 9 кун ўтиб бир телеграм каналида "Касби туманидаги "Ғалаба" маҳалласи 2018 йил "Обод маҳалла" Давлат дастури доирасида ободонлаштирилган", деб бошланувчи суратли пост эълон қилинди.

Муаллиф пост тагида тижорат белгиси қўйганига қараганда, у буни "буюртмачи"нинг хоҳишига кўра тижорат материали сифатида, яъни хақ эвазига эълон қилган. Шундай экан, унга ҳудудда режалаштирилган  ва айтилган ишларнинг барчаси ҳам талаб доирасида бажарилгани ёки бажарилмаганининг нима қизиғи бор? Аммо муаммо ечими учун турли идоралар эшигини қоқиб, чирқираб юрган одамлар нафсониятини арзимас пул деб оёқ ости қилиш ҳам ярамайди. Шуни эсдан чиқармаслик керак.

Бинобарин, шу постни туман ҳокимлиги ахборот хизмати ҳам ўз телеграм канали орқали улашгач, буни кўпчилик ўқувчилар бўрттирилган маълумот сифатида эътироф этгани ҳам бежизга эмасдир. Улар ўз эътирозларини каналнинг "Муҳокамалар" бўлимида ёзиб қолдиришди. Ундаги фикрлар ҳокимлик кутган олқишлардан ҳоли экани ҳам асл ҳолатдан дарак эмасми?!

Аслида ҳам Ғалабада "Обод қишлоқ" дастурида белгиланган ишларнинг бир қисми умуман бажарилмаган бўлса, яна бир қисми талаб даражасида амалга оширилмаган. Бу ҳақда биз мақолада атрофлича ёритгандик.

* * *

Кўпчилик ўқиди, "Qashqadaryo" газетасининг 2021 йил 6 июлдаги сонида "Ёшлар фестивали харажатлари: экран ижараси учун 440 миллион сўм?!" номли мақола чоп этилган эди.

Унда 13-15 июнь кунлари "Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!" шиори остида Шаҳрисабз шаҳрида ўтказилган  фестивалда фойдаланилган    150 квадрат метрлик LED экраннинг уч кунлик ижараси учун  вилоятимиз бюджетидан 440 миллион сўм маблағ сарфланганига эътибор қаратилган.

Мақолада ёзилганидек, ҳокимлик ана шу экранни ижарага олиш учун шу турдаги хизматларни кўрсатувчи субъектлар ўртасида танлов ўтказиб, ана ундан сўнг ҳар томонлама мақбул келган ташкилот билан шартнома имзолаши лозим эди. Аммо ҳокимлик масъуллари бу танловни 24 июнда (???), яъни фестиваль  якунланганидан 9 кун ўтиб расмийлаштириб қўйишган. Ҳа, тендер ўтказилмаган, шунчаки "ўтказилди" қилиб расмийлаштириб қўйилган. Йўқса, қайси тадбиркор ўтиб кетган тадбирга хизмат кўрсатиш учун ўз таклифларини юбориб, танловда иштирок этади?!

Хуллас, ушбу "танлов" ҳаракатлари Ўзбекистон Республикасининг "Рақобат тўғрисида"ги Қонунига ҳам, "Харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида"ги Низомга ҳам зид. Демак, бу очиқ-ойдин кўриниб турган қонунбузилишдан бошқа нарса эмас.

Аммо шу кунга қадар мақолада кўтарилган ҳолатга вилоят ҳокимлигининг масъуллари ҳам, қонунлар ижроси, уларга риоя этилиши устидан назорат юритадиган  органлар ҳам муносабат билдиргани йўқ. Билдиришмаса ҳам керак. Боиси газетанинг 2021 йил 11 июндаги сонида худди шунга ўхшаш ҳолат ёритилган "Журналист ва блогерларга компьютер ва смартфонлар берилганми ёки кўрпа, ёстиқ ва "банний халат"?" номли мақоладан сўнг ҳам ўша мутасаддилар жимликни афзал билишган эди.

* * *

Хуллас, бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Бироқ, гап фақат танқидий мақолаю, унга тегишли масъулларнинг жавоб бериш ёки бермаслигида эмас. Муддао - қайсидир эътибордан четда қолаётган ёки атай беркитиб турилган муаммо, қонунбузилиш ҳолатлари кўтариб чиқилдими, масъуллар уларни бартараф этиш (айбдорларни жазолаш) учун амалий чоралар кўришга эришиш. Йўқса, жамоатчилик назоратидан нима наф?! Назорат йўқлиги ёки бўлгани билан таъсири сезилмаётгани ҳақида эса гапириш ҳам ортиқча.

Ўз мухбиримиз  

Report typo