Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 ноябрь, жума. 2020 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Иқтисодиёт
  • Талимаржон ИЭС яна иккита буғ-газ қурилмасини барпо этиш бўйича тендер эълон қилди

10.11.2020


Талимаржон ИЭС яна иккита буғ-газ қурилмасини барпо этиш бўйича тендер эълон қилди

“Талимаржон иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамияти умумий қуввати 900 мегаваттдан кам бўлмаган навбатдаги иккита буғ-газ қурилмасини барпо этиш орқали мазкур ИЭСни кенгайтириш лойиҳаси бўйича тендер савдолари ўтказилишини эълон қилди.

Энергетика вазирлигининг расмий сайтида қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Осиё тараққиёт банки (ОТБ)дан “Электр энергияси ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш” лойиҳасини рўёбга чиқариш учун маблағ олган ва унинг бир қисми юқоридаги шартнома бўйича тўловларни амалга оширишга сарфланади. Савдолар барча давлатлар иштирокчилари учун очиқ. Шунингдек, мазкур шартнома Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Ўзбекистон Республикаси тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, “Талимаржон ИЭС” АЖ ва Ўзбекистон ҳукумати томонидан молиялаштирилади. Тендер савдо жараёнлари ОТБнинг қоидалари ва тартиб-тамоилларига асосан амалга оширилади. Аризаларни қабул қилишнинг охирги муддати – 2021 йил 2 февраль.

Таклифларни баҳолашда иккита компонент – буғ-газ қурилмаларини қуриш ҳамда лойиҳа бўйича етказиб бериладиган газ турбиналари ва генераторларига узоқ муддатли техник хизмат кўрсатиш ҳисобга олинади. Пудратчи иншоотларни лойиҳалаштириш, қурилмаларни олиб келиш, объектга етказиб бериш, қуриш, монтаж қилиш, синовдан ўтказиш ва янги электр узатиш линиялари билан тайёр ҳолда фойдаланишга топшириш учун масъул ҳисобланади. Объектларни қуриб якунлаш муддати шартнома кучга кирган кундан бошлаб 1000 кунни ташкил этади.

Шу ўринда эслатиш жоизки, Талимаржон иссиқлик электр станциясининг биринчи энергоблоки 2004 йилнинг охирида ишга туширилган бўлса, 2017 йилда Жанубий Кореянинг “Daewoo” ва “Hyundai” компаниялари консорциуми ҳар бирининг қуввати 450 мегаваттга тенг иккита буғ-газ қурилмасини фойдаланишга топширган эди. Қурилмалар учун асосий асбоб-ускуналар Япониянинг “Mitsubishi Corporation” компанияси томонидан етказиб берилганди.

 

 

Report typo