Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • Тақиқлаш белгиси ўрнатилган ҳудудга машинада кирган бебош ёшларга чора кўрилди

27.11.2020


Тақиқлаш белгиси ўрнатилган ҳудудга машинада кирган бебош ёшларга чора кўрилди

Юртимиздаги тарихий ёдгорликлар неча асрлардирки, маҳобати ва улуғворлиги билан дунё аҳли ҳайратига сабаб бўлиб келмоқда. Шундай экан, ноёб архитектура ёдгорликларини келгуси авлодга ҳам бус-бутун етказиш барчамизнинг инсоний бурчимиз, қолаверса, бу Конституция ва бошқа қонунларимизда ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.

Аммо айрим бебош кимсалар борки, тарихга, меъморий обидаларга, қолаверса, мавжуд қонун-қоидаларга енгил-елпи, беписанд муносабатда бўлади, неча юз йиллардан бери зиён-заҳмат етмаган иншоотларга путур етказмаслик ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди.

Шаҳрисабз шаҳридаги Оқсарой тарихий ёдгорлиги жойлашган Амир Темур хиёбонига автотранспорт воситалари киришини тақиқловчи йўл белгилари ўрнатилган. Бироқ шу йилнинг 18 ноябрь куни соат 21:20 ларда шаҳарнинг Зингирон маҳалласида яшовчи Н.Н., Қушхона маҳалласилик С.А., Наврўз маҳалласида яшовчи Н.А. ва Қўшҳовуз маҳалласилик А.С. автотранспорт воситалари билан пиёдалар йўлакчаси орқали хиёбон ҳудудига кирган.

Дастлаб Оқсарой тарихий ёдгорлиги, сўнгра Амир Темур ҳайкалининг олд қисмидаги зиналарга автомобилларнинг орқа ғилдирагини чиқариб, транспорт воситалари ёрдамида хавфли манёврларни амалга ошириб, жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузишда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан ҳуқуқбузарлик содир этганлиги ҳолати хиёбон ҳудудида ўрнатилган кузатув камерлари орқали аниқланган.

Ушбу ҳолат бўйича вилоят ИИБдан хабар беришларича, хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси йўл-патруль хизмати инспекторлари томонидан қоидабузар ёшларга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Report typo